Ғазодаги низолар натижасида 16 мингдан ортиқ бола ҳалок бўлди
Вазият тобора жиддийлашмоқда
Ғазодаги болалар ўлими – бу инсониятнинг энг катта фожиаларидан биридир. Ҳудудда узоқ йиллардан бери давом этаётган қуролли низолар натижасида кўплаб бегуноҳ болалар бевақт кўз юммоқда. Бу нафақат Ғазо аҳолиси, балки бутун халқаро жамоатчилик учун катта муаммодир.
Болалар ўлими
Ғазода болалар фақат қуроллар билан ўлдирилмаяпти. Бу ерда ўлимга олиб келаётган омиллар кўп. Аҳолининг аксарият қисми ҳаёт учун зарурий инфратузилмалар ва тиббий хизматлардан маҳрум. Озиқ-овқат, тоза сув ва электр таъминоти ҳам муаммоли. Қуролли тўқнашувлар натижасида мактаблар ва соғлиқни сақлаш муассасалари вайрон бўлган, бу эса болаларнинг таълим олиши ва саломатлигини сақлашга жиддий таҳдид солмоқда.
ОАВ роли
Оммавий ахборот воситалари ва халқаро ташкилотлар Ғазодаги болалар ўлимини дунё жамоатчилигига етказиш учун катта ҳаракат қилмоқда. Ҳудуддаги аҳволни ёритиш орқали инсон ҳуқуқлари бузилишларини фош этиш ва глобал ҳамжамиятни фаолликка чақириш мақсад қилинган.
Халқаро ҳамжамиятлар ҳаракати
Халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва Қизил Хоч жамияти Ғазо учун гуманитар ёрдам кўрсатишга интилиб келмоқда. Аммо уларнинг ҳаракатлари кўп ҳолатларда сиёсий тўсиқларга дуч келмоқда, бу эса ёрдамнинг етказилишини мураккаблаштирмоқда. Шу билан бирга, Ғазодаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича музокаралар давом этаётган бўлса-да, натижа умид қиларли даражада эмас.
Ғазодаги вафот этган болалар статистикаси шунчаки рақамлар эмас, бунинг ортида оилаларнинг катта йўқотиши ва изтироблари бор. Ушбу ҳудуддаги тинчликни таъминлаш, болалар ва уларнинг оилалари учун хавфсиз ва муносиб яшаш шароитларини яратиш, халқаро ҳамжамият олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир.
Энг ёмони тинчлик ва барқарорлик ўрнатилмагунча, Ғазодаги бу фожиа давом этаверади.
Статистика нима дейди?
2024 йилнинг август ойи охирларига келиб, Ғазодаги низолар натижасида 16 мингдан ортиқ бола ҳалок бўлди. Умумий қурбонлар сони 40 мингдан ошиқ. Вафот этганларнинг аксарияти аёллар ва болалар. Рақамлар афсуски ҳар куни ўсиб бормоқда.
Ғазодаги вазият яхшиланадими?
Ғазодаги вазиятнинг яхшиланиши кўплаб омилларга боғлиқ. Энг аввало қуролли тўқнашувларга барҳам берилиши лозим. Айни пайтда халқ учун гуманитар ёрдам жуда муҳим. Зиддиятлар кун сайин ортиб бормоқда. Халқаро ҳамжамиятнинг тинчлик учун олиб бораётган музокаралари заррача наф бергани йўқ.
Айни пайтда Ғазодаги вазият жуда оғир ва янада ёмонлашмоқда. Ўтган 10 ойдан ошиқ давом этаётган уруш натижасида аҳоли бошқа жойга кўчирилган. Шаҳарда инфаструктура бутунлай вайрон бўлган. Қайд этилишича, Ғазо аҳолисининг тахминан 86 фоизи эвакуация қилинган ва кўпчилик муҳожирлар оғир шароитларда яшамоқда. Ёнилғи, тиббий асбоб-ускуналар ва озиқ-овқат етишмовчилиги кенг тарқалгани сабаб, соғлиқни сақлаш хизматларини деярли тўхтатиб қўйган.
Гуманитар ёрдам етарлими?
Етарли эмас, сабаби барча гуманитар ёрдам кўрсатаётган давлатларнинг ёрдамлари етиб келмаяпти.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Қизил хоч жамияти каби халқаро ташкилотлар ҳам ёрдам кўрсатиш учун саъй-ҳаракатларини давом эттирмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳудуддаги тиббий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттирмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш 10 ойдан бери давом этаётган урушдан кейин вазият ҳалокатлигича қолаётганидан ҳавотирда эканлигини билдирди.
БМТ вакиллари Миср, Қатар ва АҚШ билан бирга Ғазодаги урушни тўхтатиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Феруза РАҲИМОВА
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0