Бир гуруҳ ўзбекистонлик болажонлар Россия давлатида саёҳатда

6 январь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Россия Мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан ўзбекистонлик болажонлар учун Санкт-Петербургга унутилмас саёҳат бошланди. Сермазмун ва қизиқарли дастурга асосланган ушбу сафар 10 январга қадар давом этади.

10:54 | 08.01.2026
•
428
Бир гуруҳ ўзбекистонлик болажонлар Россия давлатида саёҳатда
Катталаштириш

Ушбу ташаббус мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва миннатдорлик рамзидир. Зеро, 2025 йилнинг ёзида «Анор» болалар оромгоҳи россиялик ўқувчиларни илиқ қаршилаб, Ўзбекистон тоғларида унутилмас ёзги таътил совға қилган эди.
Болажонлар Санкт-Петербург шаҳридаги меҳмонхонага жойлашгач, мажлислар залига таклиф этилди. У ерда ҳар бир иштирокчига дипломлар ва исмлари ёзилган курткалар топширилди. Бундай кийимда болаларга ҳам, катталарга ҳам қишнинг совуғи қўрқинчли эмас.

Россия Мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Сергей Некрасов Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбариятини Янги йил ҳамда мамлакат касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги билан табриклади. Томонлар ўзаро ҳурмат ва ҳамкорлик рамзи сифатида эсдалик совғалари алмашдилар.

Дастурнинг илк кунида шаҳар бўйлаб экскурсия ташкил этилди. Шундан сўнг болалар Санкт-Петербург планетарийига ташриф буюрди. Кун барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирган маҳорат дарси билан якунланди.

Иккинчи кун Эрмитажга ташриф билан бошланди. Ёш саёҳатчилар у ерда тасвирий санъат асарлари, шунингдек, павильон залидаги машҳур «Товус» соати билан танишдилар. Кейин эса болалар Россия тарихи билан чамбарчас боғлиқ Юсупов саройига йўл олдилар. Экскурсия давомида уларга Юсуповлар князлик сулоласи ва айни шу залларда кечган тарихий воқеалар ҳақида сўзлаб берилди.

Кейинги кунларда иштирокчиларни яна янги экскурсиялар, сарой ва музейларга ташрифлар, янги йил тадбирлари ҳамда «Рождество» ярмаркалари кутяпти.

Бундай лойиҳалар яхши анъанага айланиши керак. Зеро, маданий алмашув – дўстликни мустаҳкамлашнинг энг самарали йўлларидан бири. Болалар ўртасидаги дўстлик нафақат катталар, балки давлатлар ўртасида ҳам ҳурмат ва ишонч­нинг мустаҳкам пойдеворига айланиши мумкин.

Самира ШАЙХУДДИНОВА

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади