Оҳангаронлик устозларни бирлаштирган танлов

22:14 | 30.09.2026
•
21
Оҳангаронлик устозларни бирлаштирган танлов
Катталаштириш

Ўқитувчининг ҳар бир ташаббуси, янгиликка интилиши ва ўқувчилари эришаётган натижалар ортида катта меҳнат бор. Бу меҳнатни эътироф этиш эса, устозни янада изланишга ундайди.

Мана тўрт йилдирки, AKKERMANN CEMENT бренди остида фаолият юритувчи “Оҳангаронцемент” АЖ томонидан ўтказиб келинаётган кўрик-танловда ҳудуддаги ана шундай фаол педагоглар аниқланиб, танлов ғолибига бош соврин – автомобил калити топширилади.

Биз автомобил соҳиби бўлган уч нафар ўқитувчи билан суҳбатлашиб, уларнинг танловдаги иштироки ва бу эътироф уларга қандай таъсир қилгани ҳақида сўрадик.

Нодира Абдуллаева, Оҳангарон тумани “Ғаллақудуқ” МФЙдаги 1-сонли мактабнинг кимё фани ўқитувчиси (2023 йилда “Monza” автомобили билан тақдирланган): – Мен асли сурхондарёликман. Ёшлигимдан математика, физика ва кимё фанларига қизиқишим жуда баланд эди. Шу сабабли, Сурхондарё вилояти Педагогика институтида ўқидим. Сўнг ўн йил давомида кимё фанидан дарс бердим. Турмуш ўртоғим ҳам ўқитувчи. Биз оиламиз билан 2010 йилда Тошкент вилоятига кўчиб келганмиз. Тез орада икковимиз мана шу мактабга ишга жойлашиб, 15 йилдан буён мен кимё, турмуш ўртоғим эса, математика фанларидан болаларга таълим бериб келяпмиз.

2023 йилда “Оҳангаронцемент” АЖ томонидан кўрик-танлов ўтказилаётганини эшитдим ва ҳужжатларимни тайёрлаб топширдим, шартларини бажардим. Вақт ўтгач, менга қўнғироқ қилиб, ғолиб бўлганимни айтишди. Тақдирлаш пайтида Оҳангарон туман ҳокими, Мактабгача ва мактаб таълими бўлими вакиллари ва Россиядан AKKERMANN CEMENT раҳбариятининг шахсан келганликларидан ҳайрон бўлдим. Ниҳоят, мени тумандаги энг фаол ўқитувчи деб топишганини айтишди ва “Monza” машинасининг калитини топширишди. Ўша пайтдаги ҳаяжонимни таърифлаб беролмайман... Мендек оддий бир ўқитувчининг меҳнатини шундай қадрлаб, катта совғага лойиқ кўришганидан беҳад қувонганман.

Муҳаббат Ҳалимова, Оҳангарон шаҳридаги 8-мактабнинг Она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси (2024 йилда “Onix” автомобили билан тақдирланган):– Бухороликман, ёшим 37 ёшда. 16 йилдан буён ўқитувчилик қиламан. Бухоро вилоятининг Жондор туманидаги 2-сонли махсус мактабда ишлардим. 2022 йилда Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрига кўчиб келганмиз. 2024 йилда бу танловда муваффақиятли иштирок этиб, “Йилнинг энг ижодкор ўқитувчиси” бўлдим ва анъанавий топшириб келинаётган – автомобилга эга бўлдим.

Очиқ айтганда, шаҳримизда фаол ўқитувчилар кўплиги ва бу ерга кўчиб келганимизга кўп вақт бўлмагани учун ғолиб бўлишимга умид қилмаганман. Номимни эълон қилишганида, кўзларимга ишонмадим, йиғлаб юбордим. Шундан сўнг, ўз устимда кўпроқ ишлашни бошладим. 2025 йилда Вазирлар Маҳкамаси томонидан педагоглар учун белгиланган 70 фоизли устамага ҳам эга бўлдим. Бу йил эса, юртбошимиз томонидан илк бор ўтказилган – “Йил ўқитувчиси” танловида 1-ўринни эгалладим катта миқдордаги пул мукофотига сазовор бўлдим.

Биласизми, ўқитувчи учун энг катта мукофот – шогирдларининг ютуғи ва меҳнатининг қадрлангани. Мен бу эътирофни нафақат ўзимга, балки мен билан бирга меҳнат қилган ҳамкасбларимга, устозларимга ва албатта, шогирдларимга берилган баҳо деб қабул қиламан. Танловда ғолиб бўлганим менга яна бир бор устозлик касби қанчалик катта масъулият эканини ҳис қилдирди. Бу мен учун янада кўпроқ изланиш ва янги натижаларга интилиш учун катта рағбат бўлди.

Маҳлиё Йўлдошева, Оҳангарон шаҳридаги 5-сонли мактабнинг Кимё фани ўқитувчиси (2025 йилда “Onix” автомобили соҳиби): – Таълим соҳасида ишлаётганимга 19 йил бўлди. Оҳангарон шаҳридаги 500 дан зиёд ўқитувчилар ичидан сараланган 100 нафар энг илғор устозлар орасида ғолиб бўлиш, ҳатто тушимга ҳам кирмаганди. Лекин ютуқ илинжида эмас, балки ўз устимда кўпроқ ишлаш, ўқувчиларга таълим беришнинг замонавий усулларини қўллаш ҳақида бош қотирдим. Чунки бугунги гаджетлар замонида болаларнинг фикрини дарсларга жалб қилиш ўқитувчидан анчагина маҳорат ва билим, турли усулларни талаб қилади.

“Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” кўрик-танловининг ҳар бир босқичида ўзгача иштирок этишга ҳаракат қилдим, очиқ дарсларни турли ҳил методик қўлланмалар асосида ўтиш усулларини кўрсатиб бердим. Охирги босқичда “Мен Оҳангаронни севаман” мавзуси остида ҳудуд ривожи учун бирор янги лойиҳа ишлаб чиқиш топшириғи берилди. Ўшанда турли пластик идишлардан йўл таъмирида ишлатиладиган – биоасфальт лойиҳа ишини олиб чиқдим. Бу кўрик-танлов шартлари орқали ўз соҳамиз билан бирга ҳудуд ривожи учун ҳам ҳисса қўшишга чорлаши билан аҳамиятли эканидан ҳурсанд бўлдим.

Светлана Ким, AKKERMANN CEMENT бренди остида фаолият юритувчи “Оҳангаронцемент” АЖ ходими: – Тўрт йилдан буён ушбу компаниянинг анъанасига кўра, таълим тизимига алоҳида эътибор қаратиш, фаол ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш ва ҳар йили ҳудуддаги энг яхши ўқитувчини кўрик-танлов асосида аниқлаб, унга автомобил совға қилиниши йўлга қўйилган. Танлов тўрт босқичда ўтказилади. Ҳар бир босқичда ўқитувчининг билими, методик салоҳияти, янгиликларга интилувчанлиги, яратувчанлиги каби қобилиятлари ҳисобга олинади. Жараён шаффоф ўтказилади. Унга малака ошириш институтлари, таълим бошқармаларидан ҳам экспертлар жалб қилиниб, холис баҳоланади. Совриндорлардан ташқари, танловнинг барча босқичларда фаол иштирок этган фидойи ўқитувчилар рағбатлантирилади, улар учун байрам дастурхони ёзилади.

Ҳозир кўрик-танловда иштирок этиш учун яна ҳужжатлар йиғиляпти. Тез фурсатларда танлов бошланади ва ғолиб аниқланади. Бош соврин эгасига компания раҳбарияти томонидан машина топширилади.

Мухтасар айтганда, ҳар бир соврин ортида ўз касбига садоқат билан ёндашган, янгилик излаган ва ўқувчилари келажаги учун астойдил меҳнат қилган устознинг машаққати бор. Танловнинг энг катта аҳамияти ҳам совриннинг ўзида эмас, балки бир ўқитувчининг меҳнатини эътироф этиш орқали яна ўнлаб, юзлаб педагогларни изланишга, ўз устида ишлашга ва янги марралар сари интилишга ундашда намоён бўлади.

Холида Эгамбердиева,

Ishonch

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади