Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қанчага ошгани маълум бўлди

Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1 июль ҳолатига мамлакатнинг ташқи мажбуриятлари 114,1 млрд долларга етган. Йил бошидан бери резидентларнинг ташқи мажбуриятлари қолдиғи 5,8 млрд долларга, яъни 5 фоизга ошган.
Ташқи қарзнинг таркибига эътибор қаратсак, 41,7 млрд доллари давлат ташқи қарзи, 42,4 млрд доллари корпоратив ташқи қарз ҳисобланади.
Корпоратив ташқи қарз таркибига хусусий сектор, жумладан, тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат кафолатисиз жалб қилинган маблағлар ҳам киради. Бундай мажбуриятлар бўйича давлатнинг кафолати ёки тўғридан-тўғри мажбурияти мавжуд эмас.
Шу билан бирга, мамлакатнинг халқаро захира активлари 2026 йил 1 июль ҳолатига 63,8 млрд долларни ташкил этган. Марказий банк маълумотида Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистоннинг ташқи қарз юкини паст даражада, асосан имтиёзли шартларда жалб қилинган қарзлар ҳисобига шаклланган, деб баҳолагани қайд этилган.
Айни пайтда, Тошкентда вазирлик ва идораларнинг Янги Тошкентга кўчирилиши муносабати билан бўшайдиган давлат активларини реализация қилиш жараёни ҳам давом этмоқда.
Хусусан, Тошкент шаҳрида вазирлик ва идораларга тегишли 7 та маъмурий бино 868,8 млрд сўмга сотилди. Улар орасида Транспорт вазирлиги, Спорт вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ҳамда Давлат хизматлари агентлиги бинолари бор.
Яна 11 та объект 1,0958 трлн сўмлик бошланғич нархда савдога чиқарилган. Қолаверса, 20 та объект бўйича сотуволди тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Жами Тошкент шаҳрида вазирлик, идора ва улар тизимидаги ташкилотларга тегишли 83 та кўчмас мулк объектини очиқ савдоларда реализация қилиш белгиланган. Сотувдан тушган маблағлар Янги Тошкентда маъмурий инфратузилмани барпо этишга йўналтирилиши айтилган.







