Фирдавс Абдухолиқов: исломофобияга қарши энг таъсирчан жавоб маърифат
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов «Ислом цивилизацияси: янги уйғониш даври сари» мавзусидаги халқаро анжуманда тарихий меросни фақат ўрганиш эмас, балки уни янги идрок билан англаш ва инсоният тараққиётига қўшган ҳиссасини бутун дунёга етказиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири эканини таъкидлади.
«Тарихни фақат ўрганишнинг ўзи етарли эмас. Уни янги идрок билан англаш, инсоният тараққиётига қўшган ҳиссасини бутун дунёга етказиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир», — деди Фирдавс Абдухолиқов.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон мустақиллиги халқимизга ўз тарихига ўзи эгалик қилиш, миллий қадриятларни тиклаш, аждодларимиз қолдирган улкан илмий ва маданий меросни холис ўрганиш ҳамда уни жаҳонга ўз овозимиз билан етказиш имконини берди. Айниқса, кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий меросини янгича ўрганиш, тарғиб қилиш ва жаҳон ҳамжамиятига муносиб тақдим этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани қайд этилди.
Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини тарих ва келажак ўртасидаги кўприк, миллий хотира маскани, илм-фан ва маърифат майдони, шунингдек, Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссасини намоён этадиган халқаро платформа сифатида кўришини билдирди.
«Тарих фақат китобларнинг ичида қолмаслиги керак. Тарих гапириши, маданий мерос инсон билан мулоқот қилиши, ўтмиш бугунги авлодни янги ташаббусларга руҳлантириши керак», — деди у.
Марказ раҳбари бугунги кунда дунёда диний заминдаги низо ва қарама-қаршиликлар, турли стереотиплар ва исломофобия кучайиб бораётганини таъкидлаб, бундай шароитда Ислом динининг ҳақиқий моҳиятини холис ва илмий асосда жаҳон жамоатчилигига етказиш муҳимлигини қайд этди.
«Афсуски, баъзан ислом динининг асл инсонпарвар моҳиятини етарлича англаб етмаслик, турли стереотиплар ва нотўғри қарашлар исломофобия ғояларининг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Ҳолбуки, ислом тинчлик динидир, ислом эзгулик динидир. Ислом бағрикенглик динидир, ислом инсонпарварлик динидир», — деди Фирдавс Абдухолиқов.
Унинг сўзларига кўра, ислом цивилизацияси асрлар давомида инсониятга нафақат юксак ахлоқий қадриятларни, балки математика, астрономия, тиббиёт, фалсафа, адабиёт, меъморлик ва тарих каби соҳаларда ҳам беқиёс ютуқларни тақдим этган.
«Биз медиа майдонида баҳслашиш учун эмас, тушунтириш учун гаплашишимиз керак. Чунки исломофобияга қарши энг таъсирчан жавоб — маърифатдир. Нотўғри тасаввурларга қарши энг кучли жавоб — ҳақиқат. Жаҳолатга қарши энг самарали қурол — илм», — деди у.
Фирдавс Абдухолиқов Ислом цивилизацияси маркази ёш авлодни илм-маърифат, ижодкорлик ва юксак тафаккур руҳида тарбиялайдиган замонавий илмий-маърифий платформа бўлиши лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, у оммавий ахборот воситалари, телеканаллар, радиостанциялар, интернет нашрлари, журналистлар, блогерлар ва контент яратувчиларни саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди.
«Келинглар, биргаликда бутун дунёга ислом цивилизациясининг ҳақиқий овозини етказайлик. Бу овоз илм ва маърифат овозидир. Бу овоз тинчлик овозидир. Бу овоз бағрикенглик ва инсонпарварлик овозидир. Бу овоз буюк цивилизациялар мулоқоти овозидир», — деди марказ раҳбари.
Фирдавс Абдухолиқов форумни нафақат учрашув ва тақдимотлар майдони, балки янги ғоялар туғиладиган ижодий лаборатория сифатида кўришини билдирди. Унинг таъкидлашича, форумдан кейин Ўзбекистон тарихи ҳақида халқаро телеканалларда янги дастурлар, ахборот агентликларида махсус лойиҳалар пайдо бўлиши, музейлар, олимлар ва журналистлар ўртасида янги ҳамкорликлар йўлга қўйилиши анжуманнинг асосий натижаларидан бўлиши керак.
Шу маънода, Ислом цивилизацияси маркази нафақат тарихий меросни асраб-авайлайдиган маскан, балки илм, маърифат ва цивилизациялар мулоқотини ривожлантирадиган, Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меросини жаҳонга кенг тарғиб қиладиган халқаро интеллектуал платформа сифатида намоён бўлмоқда.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0