Хато – сунъий идрокники бўлса, уни қабул қилган каллалар кимники?
Андижон шаҳри кўчаларида ҳамда айрим ташкилотлар биноларида ўрнатилган байрамона руҳдаги баннерларда миллий байроғимиздаги 12 та юлдуз 15 тага айланиб қолганлиги маълум бўлди.
Вилоят марказидаги эко-хиёбон дарвозасининг икки ёнига ўрнатилган - байрамона руҳдаги баннерларда Ўзбекистон байроғи 14 та юлдуз билан акс эттирилганлиги муҳокамага чиқди. Бу ҳақда хабар берган ижтимоий тармоқ фаоли Бахтиёр Фозилжоновнинг таъкидлашича, бундай жиддий хато катта йўл ёқасидаги бир неча йирик панноларда ҳам кўзга ташланган.
Фаолларнинг қайд этишича, баннерни тайёрлашга буюртма олаётган тадбиркор-ижрочилар коллаж тайёрлашга компьютер дастурлари ёрдамида ижодий ёндашмай, сунъий идрок тақдим этган тайёр дизайндан фойдаланишмоқда. Оқибатда Ўзбекистон байроғидаги 12 та юлдуз 14-15 тага, айрим тасвирларда ҳатто 16 тага айланиб қолмоқда.
Хусусан, Ёшлар ишлари агентлиги фаолият кўрсатадиган муҳташам бинога “Ёшлар халқимизнинг олтин фонди” шиори билан ёпиштирилган улкан пешлавҳада байроқ юлдузлари сони 14 та эканини, солиқ идораларидан бирининг панжарасига михланган пешлавҳадаги табрикда эса 15 та эканини кўриш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 215-моддасида давлат рамзларига ҳурматсизлик қилиш жарима, мажбурий жамоат ишлари ёки ахлоқ тузатиш жазоси билан боғлиқ ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқаради.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0