Инсонлар комбинатнинг асосий бойлигидир

Кейинги йилларда Навоий кон-металлургия комбинати тарихида янги давр бошланди. Йирик инвестиция лойиҳалари асосида тўртта замонавий саноат мажмуаси – 5-, 6- ва 7-гидрометаллургия заводлари ҳамда 2-гидрометаллургия заводининг иккинчи навбати барпо этилди. Қатор ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилди. Натижада комбинатда олтин ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилдаги 72,7 тоннадан 98,2 тоннага, яъни 35 фоизга ошди. Кумуш ишлаб чиқариш эса икки баравар кўпайди. Бу натижалар туфайли корхонамиз олтин ишлаб чиқариш бўйича дунёда тўртинчи ўринга кўтарилди.

10:00 | 10.11.2026
•
1,134
Инсонлар комбинатнинг асосий бойлигидир
Катталаштириш

Бу қарийб 51 минг кишилик жамоанинг бирдамлиги ва фидокорона меҳнати самарасидир.

Навоий кон-металлургия комбинати ходимлари касаба уюшмаси кенгаши республикамиздаги энг йирик жамоат ташкилотларидан бири ҳисоб­ланади. Кенгаш «НКМК» АЖ билан бир қаторда «НКМК жамғармаси» давлат муассасаси ҳамда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети жамоаларини ҳам ўз сафига бирлаштирган. Шу боис унинг аъзолари сони 72 минг нафардан ошади. Тизимда еттита бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси ­фаолият юритади. Табиийки, бундай катта тузилманинг вазифалари ҳам кенг. Бу борада Жамоа шартномаси асосий амалий-ҳуқуқий дастур бўлиб хизмат қилмоқда.

Кенгаш ишчи-ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, иш берувчи билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлигини таъминлаш, муносиб иш ва турмуш шароитларини яратишга кўмаклашиб келмоқда.

Ишчи-ходимлар ўз ҳуқуқлари ҳимоялангани, меҳнати қадрланаётгани ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётганини амалда ҳис этса, ўз билим ва тажрибасини янада катта натижаларга сафарбар қилади. НКМКни жаҳоннинг етакчи олтин ишлаб чиқарувчи компаниялари сафига олиб чиқишда ана шу ишончнинг ҳам ўрни беқиёс. Бу вазифаларни ижтимоий шериклик асосида амалга оширишда комбинат раҳбарияти Кенгаш ташаббусларини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Тажриба шуни кўрсатадики, ҳар қандай жамоада ижтимоий ҳимоя, эътибор ва ғамхўрлик одамларнинг ишга муносабатини ўзгартиради, уларга куч бағишлаб, янги марраларга руҳлантиради. Бу моддий кўмак доирасидан кенгроқ тушунча бўлиб, инсон тақдири учун масъулиятни англатади. Зеро, инсон қадри улуғланган, меҳнати муносиб баҳоланган жамоада юксалиш ва барқарорлик бўлади.

Комбинатимизда меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, муносиб иш ҳақи ва ижтимоий кафолатларни таъминлаш, турмуш даражасини яхшилашга устувор аҳамият бериб келинади. Чунки соҳалар тараққиёти иқтисодий кўрсаткичлар қаторида инсонга бўлган эътибор ва ижтимоий масъулият билан ҳам ўлчанади.

Комбинатимизда мураккаб ишлаб чиқариш ва технологик жараёнлар амалга оширилади. Шу боис ишчи-ходимлар ҳаёти ва меҳнатини муҳофаза қилиш, улар учун хавфсиз шароит яратиш, техника хавфсизлигини таъминлаш, меҳнатдан сўнг оиласи бағрига соғ-саломат қайтиши биз учун энг муҳим вазифалардан биридир. «Инсонлар – комбинатнинг асосий бойлигидир!» деган эзгу ғоя асосида олиб борилаётган ­саъй-ҳаракатлар корхонанинг барқарор ривожига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Ижтимоий инфратузилманинг кўлами ҳам салмоқли. Бугун олтита маданият мас­канида етти минг нафарга яқин ёш истеъдод тарбияланмоқда. Тўққизта спорт масканида ўн мингга яқин ишчи-ходим, уларнинг оила аъзолари ва фарзандлари спорт билан шуғулланади. Умумий фонди 562 мингдан ортиқ китобни ташкил этадиган олтита кутубхонанинг ҳар биридан йилига ўртача 7-8 минг китобхон фойдаланади.

Инсон қадри ҳақида гап кетар экан, унинг саломатлиги доимо биринчи ўринда туради. Машаққатли меҳнат қилаётган ҳамкасбларимизни соғломлаштириш ишлари тизимли йўлга қўйил­ган. Замонавий тиббиёт муассасалари ва профилактик кўриклар улар саломатлигини асрашда муҳим ўрин тутмоқда. Айниқса, оғир ва зарарли шароитда меҳнат қилаётган ишчилар соғлиғига алоҳида эътибор қаратилади.

Ҳамкасбларимизни соғломлаштиришда санаторий ва дам олиш масканларининг ўрни катта. Тизимимизда замонавий талабларга жавоб берадиган олтита мас­кан – Бўстонлиқдаги «Горняк» пансионати, Зоминдаги «НКМК» санаторийси, ­Нурободдаги «Нуробод», Карманадаги «Металлург» ва Учқудуқдаги «Кончи» санаторий-профилакторийлари ҳамда Қизилтепадаги «Тўдакўл» дам олиш базаси фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, юртимиздаги бошқа санаторийларга, Россиянинг Кисловодск ва Ялта шаҳарларидаги «Ўзбекистон», Қирғизистондаги «Қирғиз денгизи соҳили» санаторийларига ҳам йўлланмалар ажратилади. Жорий йилнинг тўққиз ойида ишчи-хизматчиларимизни соғломлаштириш учун 11,8 мингдан ортиқ йўлланма берилди.

Ишчи-ходимлар қатори уларнинг фарзандлари учун ҳам зарур шароитларни яратишга ҳаракат қиляпмиз. Чунки барчамиз ёш авлоднинг келажаги ва баркамол вояга етиши учун масъулмиз. Бу масала «НКМК» АЖ маъмурияти ва касаба уюшмаси Кенгашининг доимий эътиборида. Болаларни соғломлаштириш, спорт ва санъатга жалб этиш, бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш ҳамда улар учун байрам дастурлари ўтказиш анъанага айланган.

Тоғли ва тоғолди ҳудудларда 11 та болаларни соғломлаштириш оромгоҳи мавжуд. Жумладан, Навбаҳор туманидаги «Сармиш», Томди туманидаги «Зарафшон», Пахтачи туманидаги «Болажон», Каттақўрғон туманидаги «Сўғдиё­­на», Ургут туманидаги «Келажак» ва Бўстонлиқ туманидаги «Паҳлавон» оромгоҳлари юртимизнинг сўлим гўшаларида жойлашган.

Бу оромгоҳлар ҳордиқ мас­кани бўлиши билан бирга ўзига хос ҳаёт мактаби вазифасини ҳам ўтамоқда. Болалар бу ерда мустақилликка ўрганади, тенгдошлари билан дўстлашади, жисмонан чиниқади, спортга ошно бўлиб, қобилия­тини намоён этади. Ҳар йили ёзги таътил даврида 12,5 минг нафарга яқин ўғил-қизларнинг табиат қўйнида мароқли дам олиши таъминланади.

Маданият масканларимиз ишчи-ходимларимиз билан бирга Навоий, Самарқанд ва Жиззах аҳолисига ҳам хизмат кўрсатмоқда. Уларда 170 дан ортиқ бадиий жамоа ва тўгарак ташкил этилган. Соҳа вакилларининг изланиши натижасида бадиий жамоаларимизнинг 26 таси «Халқона» ва «Намунали» унвонларига сазовор бўлди.

Ҳар йили ушбу масканлардан республика ва халқаро танловларнинг кўплаб ғолиблари етишиб чиқмоқда. Ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида эстрада, фольклор ва мақом йўналишларида «Қизилқум санъат ғунчалари», «Қизилқум овози», «Қизилқум оҳанглари», «Олтин мерос» каби анъанавий танловлар мунтазам ўтказилади.

Бу муҳитда кўплаб истеъдодлар, республика ва халқаро танловлар ғолиблари, давлат мукофотлари соҳиблари камол топди. «Ниҳол» давлат мукофоти соҳиби Шерзод Давронов, «Дўстлик» ордени ва «Шуҳрат» медали соҳиби Серижан Жанахметов, «Дўстлик» ордени соҳиби Феруза Мусаева, «Шуҳрат» медали соҳиби Марина Харитонова шулар жумласидандир.

Бадиий жамоаларимиз ҳар йили 3,6 мингдан ортиқ маданий тадбир ўтказиб, пойтахтимизнинг нуфузли муассасалари, чекка ҳудудлар ва ишлаб чиқариш бўлинмаларида концерт дастурларини намойиш этмоқда. Ўзбекис­тон касаба уюшмалари саройи­­да ўтказиб келинаётган «Қизилқум жавоҳирлари» концерт дастури ҳам пойтахт­лик мухлислар олқишига сазовор бўлмоқда.

Кейинги йилларда бўлинмаларимиз жойлашган Навоий, Зарафшон, Учқудуқ ва Нуробод шаҳарлари, Заркент ва Зафаробод қўрғонлари ҳамда Маржонбулоқ шаҳарчасида замонавий инфратузилма ва ижтимоий соҳа объектлари барпо этилди. Натижада ҳамкасбларимиз, уларнинг оилалари ва шу ҳудудларда яшаётган аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратилди. Бугун бу манзилларнинг замонавий ­қиёфаси кишида ҳавас уйғотади.

Сўнгги йилларда Зарафшон шаҳрида мусиқали фаввора ва аквапарк, «Умид» махсус мактабгача таълим ташкилоти ва ихтисослаштирилган мактаб-интернат, Учқудуқ шаҳрида «Орзу» истироҳат ва дам олиш маскани ҳамда «Олтинкўл» сунъий ҳавзаси, Заркент қўрғонида аквапарк, Қизилтепа туманида Халқаро шахмат мактаби, Зомин туманида «НКМК» санаторийси ва бошқа кўплаб ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилди.

Бу ишларнинг барчаси инсон қадрини улуғлаш, меҳнаткашларни қўллаб-қувватлаш ва барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилади. Биз учун ерости бойликларидан ҳам қимматли бойлик – заҳматкаш инсонларимиздир.

Исроил РАҲМАТОВ,

Навоий кон-металлургия комбинати

ходимлари касаба уюшмаси кенгаши раиси

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

1 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади