+33C

+33C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

“Ishonch” саволи

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига!
43 22:37 | 15.07.2026 22:37

Оналарга “иқлим таътили” бериладими?


Шу кунларда аномал иссиқ туфайли Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти вақтинчалик тўхтатилди. Бундай фавқулодда чоралар мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам қўлланилиши эҳтимоли йўқ эмас.


Тан олиш лозим, мазкур қарор, энг аввало, ёш авлод соғлиғи ва хавфсизлигини муҳофаза қилишга қаратилган бўлиб, минглаб болажонларни жазирама иссиқ келтириб чиқарадиган турли хасталиклардан асрашнинг энг мақбул йўлидир. Бироқ ҳаётий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, бир муаммога топилган ечим ўз-ўзидан иккинчи бир ижтимоий масалани кун тартибига чиқармоқда. Боғчалар ёпилди, аммо корхона, ташкилот ва муассасаларда иш жараёни одатдаги тартибда давом этмоқда. Бундай шароитда боғча ёшидаги фарзанди бор минглаб ишловчи оналар қандай йўл тутишлари керак: эрталаб ишга боришадими ёки боласини назоратсиз қолдирмаслик учун уйда қолишадими? Агар ишга чиқишмаса, уларнинг иш ҳақи сақланадими? Масофавий ишлаш имконияти ҳаммага ҳам берилганми? Бу каби саволлар бугун кўпчиликни жиддий ўйлантирмоқда.


Боғча ишламаган кезларда айрим оилаларда бола тарбияси ва назорати буви-бувалар ёки бошқа яқин қариндошлар зиммасига юкланиши мумкин. Аммо бундай имконият ҳаммада ҳам мавжуд эмас. Айниқса, фарзандини ёлғиз тарбиялаётган оналар ёки эр-хотиннинг иккаласи ҳам ишлайдиган оилаларда вазият анча мураккаб.


Тўғри, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор кафолатлар белгиланган. Масалан, агар аёлнинг меҳнат вазифаси компьютер технологиялари ва интернет билан боғлиқ бўлса (журналист, бухгалтер, АT мутахассиси, тизим оператори ва ҳоказо), у иш берувчи билан ўзаро келишган ҳолда вақтинчалик масофавий иш шаклига ўтиши мумкин. Бироқ бу имкониятдан тарбиячилар, шифокорлар, хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари ёки завод ва фабрика ишчилари фойдалана олмайдилар. Чунки уларнинг жисмоний иштирокисиз иш жараёнини тасаввур қилиб бўлмайди.


Меҳнат кодексининг 240-моддасига мувофиқ, жамоа келишувларида, жамоа шартномасида ёки бошқа ички ҳуқуқий ҳужжатларда, улар мавжуд бўлмаган тақдирда эса меҳнат шартномасида ходимга иш ҳақи қисман сақланадиган таътил бериш имконияти назарда тутилиши ва бундай таътилнинг календарь йил давомидаги энг кўп муддати белгиланиши мумкин. Ушбу таътилни бериш ва ундан фойдаланиш масаласи муайян бир ҳолатда тарафларнинг ўзаро келишувига кўра ҳал этилади.


Шунингдек, Кодекснинг 242-моддасига биноан, ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ нафар болани ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган ота-онасининг бирига (ота-онанинг ўрнини босувчи шахсга) — ҳар йили ўн тўрт календарь кунгача, иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мажбурийдир. Бироқ бу ерда жиддий тизимли бўшлиқ бор: 240-модда иш берувчига қисман ҳақ тўланадиган таътил беришни мажбурият қилиб юкламайди, балки фақатгина шундай имкониятни «мумкин» деб белгилайди. Ходим 242-моддадан фойдаланганда эса, таътил даврида мутлақо даромадсиз қолади.


Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 401-моддасида ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боланинг ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг ота-онасидан бирига (отаона ўрнини босувчи шахсга) ҳар йили давомийлиги камида тўрт календарь кун бўлган ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилиши, таътил йиллик меҳнат таътилига қўшиб берилиши ёки иш берувчи билан келишиб белгиланадиган даврда ушбу таътилдан алоҳида (тўлиқ ёхуд қисмларга бўлиб), лекин фақат тегишли иш йили давомида фойдаланилиши мумкинлиги кўрсатилган.


402-моддада ўн икки ёшга тўлмаган икки нафар ва ундан ортиқ боланинг ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг ота-онасидан бирига (ота-она ўрнини босувчи шахсга), уларнинг хоҳишига кўра, ҳар йили иш ҳақи сақланмаган ҳолда давомийлиги ўн тўрт календарь кунгача бўлган таътил берилиши, ушбу таътил йиллик меҳнат таътилига қўшиб берилиши ёки иш берувчи билан келишиб белгиланадиган даврда ушбу таътилдан алоҳида (тўлиқ ёхуд қисмларга бўлиб), лекин фақат жорий иш йили давомида фойдаланилиши мумкинлиги кўрсатилган.


Бола парвариши ва иқлим инқирози давридаги қўшимча масъулият, одатда, айнан аёллар зиммасига тушади. Бундан ташқари, аномал иссиқ шароитида электр энергияси ва сув истеъмоли кескин ортиши сабабли оилавий харажатлар ҳам камида икки баробарга кўпаяди. Бундай пайтда даромадсиз қолиш оила бюджетига оғир зарба бўлади.


Хўш, бунга шунчаки бир оиланинг ички муаммоси сифатида қараб, кўз юмиш мумкинми? Асло йўқ! Боиси, бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларнинг меҳнат бозоридаги фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган.


Фавқулодда иқлим шароитида болалари боғчага бора олмайдиган оналар учун аниқ ва кафолатланган ҳуқуқий механизмларнинг мавжуд эмаслиги меҳнат муносабатларида жиддий тушунмовчиликлар ва низоларни келтириб чиқаради. Эслатиб ўтиш жоиз, пандемия даврида мактабгача ва умумтаълим муассасалари фаолияти тўхтатилганда ота-оналарга йиллик меҳнат таътили беришнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги махсус Низом тасдиқланган эди. Лекин бугунги кунга келиб, ушбу ҳужжат ўз кучини йўқотган бўлиб, иқлим ўзгариши сабабли боғчаларнинг ёпилиши қонунчиликда ҳали-ҳануз «форс-мажор» ёки нафақа тўланадиган алоҳида вазият сифатида расман мустаҳкамланмаган. Амалдаги қонунчиликка кўра, иш берувчи аномал иссиқда боғча ёпилгани учун онага иш ҳақи сақланган ҳолда таътил беришга мажбур эмас.


Демак, бугун ҳукумат, масъул вазирлик ва идоралар ҳамда касаба уюшмалари Федерацияси ҳамкорликда ушбу масалага тизимли ва адолатли ечим топишлари давр талабидир. Масалан, об-ҳаво шароити туфайли таълим ва тарбия муассасалари мажбурий ёпилган даврда, ишлаётган ота-оналардан бирига қисман (масалан, иш ҳақининг 70-80 фоизи миқдорида) ҳақ тўланадиган қисқа муддатли таътил бериш тизимини жорий этиш лозим.


Иқлимнинг глобал ўзгариши ва аномал об-ҳаво шароитлари бундан кейин кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиши муқаррар.


Шу боис оила фаровонлигини, меҳнат муносабатлари барқарорлигини ва болалар манфаатларини бирдек ҳимоя қиладиган янги ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш, Меҳнат кодексига алоҳида «иқлим таътили» тушунчасини киритиш ҳамда боғчалар мажбурий ёпилган давр учун давлат ёки иш берувчи ҳисобидан кафолатланган компенсация тўлаш тизимини яратиш вақти келмадимикин?


Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
“ISHONCH”


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид