Ishonch.uz саволи: бензин савдосида халқни талаётганларга чора кўриладими?
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва Энергетика вазирлиги диққатига!

Ҳар йили йил якунига қараб боравергач, пойтахтдан тортиб вилоятларгача ёқилғи, янаям аниқроғи бензин тақчиллиги кузатилади. Бу йил ҳам октябрь ойиданоқ ушбу таниш ҳолат кўзга ташланяпти. «Ishonch.uz» вазиятни мунтазам кузатиб бормоқда. Аввалига бензин нархлари ошди. Кейин эса Аи-90, Аи-95 маркали бензинларнинг сифати пастлиги оқибатида автомашиналарнинг эҳтиёт қисмлари ишдан чиқаётганлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда, расмий сайтларда ҳам кўп норозилик чиқишлари бўлди.
Аммо на Энергетика вазирлиги, на «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг бирор бир масъули ҳолат бўйича «ўрганаяпмиз, чора кўрамиз» деган маънода бир энлик изоҳ ёки тушунтириш ҳам бермади. Гўёки бу масъул ташкилотларда «Биз учун халқнинг ташвиши кейинги даражали иш, бу ёқда нима бўлса бўлавермайдими, бизга нима?» деган фикр бордек таассурот қолдирмоқда.
Энди эса интернетда яна бир хабарлар тарқалди. Айрим ёқилғи қуйиш шахобчалари сифати пастлиги учун аллақачон Қозоғистон ва Россия ишлаб чиқаришни бир неча йил аввал тўхтатган Аи-80 маркали бензинни «российский» ёрлиғи билан сотаётган экан. Улар бу билан ўзимизнинг халқимизни алдашяптими? Ёки ҳақиқатдан ҳам бу тадбиркорлар Россия бензинини сотишаётганмикан?
Агар шундай бўлса, Россия Федерацияси расман бензин экспортини тўхтатган эди-ку?
Одамларда туғилаётган бу каби шубҳали қарашлар ва саволларга ким жавоб беради? Қачонгача бундай инсофсиз тадбиркорлар дастидан оддий халқ алданаверади? Наҳотки, юртимизда бундайларни тийиб қўядиган ташкилот бўлмаса? Ёки энергетика тизими эгасизми?
Зебо НАМОЗОВА,
Ishonch.uz







