Ҳисораклик тадбиркорнинг ғаними ким эди?
Туризм — яхшигина даромад манбаи. Инсонларнинг вақтини хуш этадиган, саломатлигига ҳисса қўшадиган, энг асосийси, мазмунли дам олишини таъминлайдиган муҳим ва зарур йўналишлардан бири. Экотуризм эса — она табиат гўзалликларидан баҳра олган ҳолда ҳаёт завқини ҳис этмоқ демакдир.

Шу боисдан ҳам давлатимиз раҳбари сўлим гўшаларда экотуризмни ривожлантириш, маҳаллий аҳоли ва хорижий сайёҳларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришига шарт-шароитлар яратишга катта эътибор қаратмоқда. Масалан, Шаҳрисабз туманида “Мироқи” қўрғони туризм қишлоғи, деб эълон қилинди. Бундан руҳланган ака-ука Шерзод ва Фарҳод Қурбонов Мироқи қўрғонидаги ташландиқ бинони таъмирлашди. Янги қурилишларни амалга ошириб, “Анталия” оилавий меҳмон уйини ишга туширишди.

Айни пайтда “Анталия” меҳмонлар билан гавжум. Оддий хоналари бир кишига суткасига 70-80 минг сўм. “Люкс” шароитларга эга меҳмон уйларида дам олиш бир суткага киши бошига 150 минг сўмдан белгиланган. Бундан ташқари, кўп болали, кекса дам олувчиларга имтиёзлар жорий этилган.

Ҳозир бу ерда 15 та янги иш ўрни ҳам яратилган.
Мироқига Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Навоий, Сурхондарё вилоятларидан келувчилар кўп. “Анталия”да баъзан жой ҳам етмай қолади. Қолаверса, хорижликлар ҳам замонавий шароитларга эга бу масканни хуш кўришади, тез-тез меҳмон бўлиб туришади.
— Шаҳрисабзнинг Ҳисор тоғлари гўзаллиги, шаршаралари ҳақида эшитиб юрардик, — деди дам олувчи меҳмон Ғиёсиддин Шаропов. — Самарқанддан ўн нафар ўртоқ келиб, уч кун дам олдик. Шароитлари бизга ҳар томонлама маъқул. Учта бассейни бор экан,чўмилдик. Тоғларга саёҳат қилдик...
Шунингдек, ака-ука Қурбоновлар жорий йилда “Ҳисорак” сув омбори тепасида “Ҳисор тоғ шамоли” экопаркини ҳам ишга туширишди.
Бу масканда “дор йўли”, ҳар хил аттракционлар дам олувчилар хизматида. Кафе, савдо шохобчалари, маданий тадбирлар ўтказиш майдончаси ташкил этилган.
— Шаҳрисабздан Тошкент шаҳрига кўчиб кетганмиз, — деди дам олувчи Мухлиса Очилова. — Ҳисорак сув омбори тепасида дам олиш маскани ишга туширилганини эшитиб, оилавий саёҳатга келдик. Салқин об-ҳаво, табиат гўзаллиги, Ҳисор тоғлари манзарасидан кўнглимиз баҳор сингари яйради.
— Айниқса, оқшом кезлари маскан янада гавжумлашади, — деди тадбиркор Фарҳод Қурбонов. — Халқимизга озгина бўлса-да, мароқли ҳордиқ дамлари бера олсак, биз ўз мақсадимизга етган ҳисобланамиз. Бу ердаги қулайликларни янада кўпайтирмоқчимиз.
— Фарҳод ака, ижтимоий тармоқларда ортда қолган июнь ойида сиз фаолият олиб бораётган “Ҳисорак” сув омбори ҳақида иккита катта шов-шув тарқалди. Бири сув омборнинг ёрилиши ҳақида бўлса, иккинчиси, “Ҳисорак”даги арғимчоқда учаётган аёлларнинг пастга қулагани ҳақидаги видеолавҳа. Маҳаллий аҳоли вакили, қолаверса, “Ҳисор тоғ шамоли” экопарки иш бошқарувчиси сифатида ушбу воқеаларга қандай муносабат билдирасиз?

— Отам Юсуф ҳожи бобо кўп йиллар “Ҳисорак” сув омбори қурилишида ишлаган. Ўзим ҳам шу соҳада меҳнат қилдим. Шу боис, сув омборнинг ёрилиши бўйича тарқалган ваҳима ва саросималардан ҳеч қандай ташвишга тушмадик. Айрим фуқароларнинг асоссиз миш-миш тарқатиши баъзи ҳудудлар аҳолисини васвасага солгани рост. Аммо биз вазиятнинг барқарор эканини билиб тургандик.
Тарқалган видеолавҳага келсак, арғимчоқдан пастга қулаган аёллар воқеаси бизда содир бўлгани йўқ. Мана, бизнинг арғимчоғимизда оёқ ости ёғочдан “пол” қилинган. Арғимчоқ устунларимиз ҳам тўртбурчак металдан иборат. Арғимчоқ учаётган пайтда пастки томонда “Ҳисорак” сув омбори яққол ястаниб кўриниб туради.
Тарқалган видеолавҳада эса оёқ ости тошлоқ, арғимчоқ устунлари думалоқ қувурлардан ташкил топгани кўринади. Пастки томонда эса жарлик кўзга ташланади. Яъни бу ерда кимдир ёлғон ахборот тарқатган. Бундан ташқари, бизнинг арғимчоқларимизда учаётган одам хавфсизлик камарларини таққандан кейингина унга рухсат тегади. Чақалоқлар билан учишга рухсат берилмайди. Занжирларимиз ҳам жуда мустаҳкам қотирилган. Узилиб ёки ечилиб кетиши мумкин эмас. Менимча, бу уйдирма хабарни кимдир ғанимлик қилиш мақсадида тарқатган бўлса керак. Воқеани текшириш учун бу ерга келган вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳам ҳеч қандай асос топа олишмади.
Ҳа, мевали дарахтга тош отишади. Энг муҳими, хайрли ташаббуслар куртак очаётгани, одамлар кайфиятининг юқорилиги бизга ушбу туризм ҳудудининг янада тараққий этишидан дарак беради.
Акмал АБДИЕВ,
ishonch.uz







