Мажбурий меҳнатга рози бўлманг!

Айтайлик, иш кунингиз тугаб, уйга кетишга чоғланаётганингизда раҳбарингиз: «Бугун кечгача қоласиз, топшириқлар кўп», деди. Рад этсангиз, мукофотдан маҳрум қилиш билан қўрқитади. Кўпчилигимиз бундай вазиятга дуч келганмиз ёки келишимиз мумкин. Лекин қонун бу ҳолатни қандай баҳолашини ҳамма ҳам билавермайди.

17:27 | 24.11.2026
•
12
Мажбурий меҳнатга рози бўлманг!
Катталаштириш

Хўш, ходим сифатида бу борада қандай ҳуқуқларингиз мавжудлигини биласизми?

Содда қилиб таърифлаганда, мажбурий меҳнат – ходимни бирор жазо билан қўрқитиб, ўз хоҳишига қарши муайян ишни бажаришга мажбурлашдир. Ходимни жазолаш фақат ишдан бўшатиш, дегани эмас. Иш ҳақидан ушлаб қолиш ёки мукофотдан маҳрум қилиш билан қўрқитиш, уни обрўсизлантириш орқали руҳий босим ўтказиш, куч ишлатиш ёки эркинликдан маҳрум этиш ҳам жазо ҳисобланади.

Конституциямизнинг 44-моддасига кўра, суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади.

Қонунга кўра, нормал иш вақти ҳафтасига 40 соатдан ошмайди. Беш кунлик иш ҳафтасида бу ҳар куни 8 соатга тенг. Меҳнат кодексининг 189-моддасига биноан, ана шу вақтдан ташқари ишларга фақат ходимнинг ёзма розилиги билан жалб қилинади. Ҳалокат, авария, ёнғин, тошқин, зилзила ёки эпидемия оқибатларини бартараф этиш, сув, газ, иссиқлик, ёритиш, транспорт ва алоқа тизимларидаги кутилмаган носозликларни тузатиш, шунингдек ишни тўхтатиб бўлмайдиган жойда сменачи келмай қолганда ишни давом эттириш кабилар ходимдан розилик талаб қилинмайдиган ҳолатлардир. Бир оғизгина «бугун қоласиз» деган талаб бу рўйхатга кирмайди.

Қонун сизни яна икки жиҳатдан ҳимоя қилади. 12 соатлик сменада ва ўта зарарли ёки ўта хавфли шароитда иш вақтидан ташқари ишга йўл қўйилмайди. Шунингдек, иш вақтидан ташқари ишнинг давомийлиги сурункасига икки кун ичида 4 соатдан ошмаслиги керак. Ноқулай шароитда эса бир кунда 2 соатдан ошмаслиги белгиланган. Бундай иш учун ҳақ тўлаш ёки компенсация бериш тартиби Меҳнат кодексининг 262-моддасида ўз аксини топган. Лекин шуни унутмаслик керакки, ҳақ тўланиши ходимнинг розилиги ўрнини босмайди. «Ҳақ тўлайманку» деган гап сизни мажбурлаш учун асос бўлолмайди.

Энди ҳақли савол туғилади: буни билиш ва ҳаётга жорий этиш нега муҳим? Чунки одам қаерда ва қандай шароитда ишлашини ўзи ҳал қилиши керак. Меҳнат эркинлиги бўлмаса, адолатли иш ҳақи, хавфсиз шароит ва дам олиш ҳуқуқи ҳам қуруқ ваъдадан бошқа нарса эмас. Меҳнат инспекцияси таҳлиллари ходимларни иш вақтидан ташқари ва дам олиш кунларида топшириқларга мажбуран жалб этишга оид мурожаатлар ҳали-ҳануз барҳам топмаётганини кўрсатган.

Агар сиз ҳам шундай ҳолатга дуч келсангиз, аввал топшириқ иш вақтингиздан ошяптими, шуни текширинг. Кейин ёзма розилик сўранг: юқоридаги уч истиснодан ташқари розилик бўлмаса, сизни иш вақтидан ташқари ишга жалб қилиш мумкин эмас. Топшириқлар, хабарлар ва таҳдидлардан асло чўчиманг. Агар рад этганингиз учун сизни жазо билан қўрқитишса, Давлат меҳнат инспекциясига мурожаат қилинг.

Хулоса қилиб айтганда, ўз ҳуқуқингизни билсангиз, бундай вазиятда қийинчиликка дуч келмайсиз.

Васила УСМОНАЛИЕВА,

Тошкент давлат юридик

университети 1-босқич талабаси

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади