Маданият вазирлигидан садо чиқмагач...

Цирк маданиятга керак. Аммо буни маданият соҳаси мутасаддиларига эслатишга тўғри келаётгани ачинарли.
Бугун ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон давлат циркини ривожлантириш, уни замонавий маданий ва сайёҳлик масканига айлантириш бўйича амалий ишлар бошланаётгани ҳақидаги хабар эътиборимизни тортди.
Гап Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобовнинг Жамоатчилик кенгаши аъзолари билан биргаликда Давлат циркига ташрифи ҳақида кетмоқда.
Қаранг, йиллар давомида пойтахт марказидаги бу улкан маданий масканнинг аҳволи қандай эди? Бир пайтлар болаларнинг қувончи, оилаларнинг дам олиш маскани бўлган цирк биноси ва унинг атрофи эътиборсизликдан хароб ҳолга келди. Бинонинг томидан ёмғир суви ўтиши, вентиляция ва иситиш тизимларининг муаммолари каби оддий инфратузилма масалалари ҳам йиллар давомида ҳал этилмай келди.


Биз бундан аввал Ishonch.uz сайтида «Бизга цирк керак эмасми?» деган мақола билан бу масалани кўтарган эдик.
Ўшанда цирк маданият тизимига керакми ёки йўқми? каби саволларни ўртага ташлаган эдик.
Афсуски, маданият соҳаси мутасаддиларидан бу саволга тайинли жавоб ололмаган эдик. Масалага жиддий муносабат йиллар давомида сезилмади ҳам. Гўё пойтахтнинг қоқ марказида йиллар давомида харобага айланиб бораётган улкан маданий объектга ҳеч ким дахлдор эмасдек. Ваҳоланки, цирк шунчаки томоша кўрсатиладиган бино эмас. Бу миллий маданият, болалар тарбияси, санъат, ижод ва туризмни бирлаштирадиган маскан. Бугун эса ушбу объектни ривожлантириш ташаббуси Савдо-саноат палатаси томонидан илгари сурилмоқда. Албатта, бундан фақат қувониш керак. Чунки ниҳоят циркка эътибор қаратилмоқда.
Президентнинг жорий йил 1 июнь куни маданият, санъат ва адабиёт соҳалари вакиллари билан учрашувида мазкур йўналишларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича қатор ташаббуслар илгари сурилган эди. 2 июнь куни эса бу вазифалар ижросига қаратилган ПФ–103-сон Фармон қабул қилинди.
Фармон асосида ташкил этилган Цирк санъати ва майдон томошалари ижодий бирлашмаси фаолиятини ривожлантириш, циркни замонавий маданий ва сайёҳлик масканига айлантириш мақсад қилинмоқда.
Режалар ҳам салмоқли: 2,5 минг ўринли доимий кўргазма ва маданий-томоша майдони ташкил этиш, атроф инфратузилмасини яхшилаш, туристлар учун жозибадор муҳит яратиш, замонавий вентиляция ва иситиш тизимларини ўрнатиш, томдан сув ўтишининг олдини олиш кўзда тутилмоқда. Ҳатто циркни ривожлантириш бўйича комплекс техник-иқтисодий бизнес-режа ишлаб чиқиш учун Россия, Хитой ва Франциядан хорижий консалтинг компанияларини жалб этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Хўш, савол туғилади: бу ишларни нега цирк йиллар давомида хароба бўлиб ётганидан кейингина бошлашимиз керак? Нега бу ташаббусни маданият соҳасининг ўзи биринчи бўлиб илгари сурмади? Нега йиллар давомида циркнинг аҳволи ҳақида жамоатчилик гапириши, журналистлар муаммони кўтариши керак бўлди?
Маданият вазирлиги учун цирк маданий объект эмасми?
Аслида, цирк маданиятга керак. Жуда керак.Чунки маданият фақат концерт заллари, музейлар ёки театрлардан иборат эмас. Боланинг кўзидаги ҳайрат, оилавий томоша, саҳна санъати, акробатика, мусиқа ва ижод ҳам маданиятнинг бир қисми. Шу боис циркнинг бугунги ҳолатига бефарқ қараб туриш маданиятга бефарқ қараш билан баробар. Энди энг муҳими навбатдаги чиройли режалар қоғозда қолиб кетмасин. Йиллар давомида эътиборсиз қолган цирк ҳақиқатан ҳам қайта жонлансин.
Ниятимиз, циркка болалар яна навбатда туриб киришсин. Ота-оналар фарзандларини олиб боришга интилишсин. Пойтахт меҳмонлари эса уни Тошкентнинг диққатга сазовор масканларидан бири сифатида кўришсин.
Энг муҳими, маданият соҳасидаги бундай объектларнинг қадрини улар харобага айланиб бўлганидан кейин эмас, бор пайтида англашни ўрганайлик.
Феруза РАҲИМОВА,
Ishonch.uz







