Мао Хитой мафиясига қарши – триада қандай жиловланган?
Уюшган жиноятчиликка қарши курашлар тарихида XX аср ўрталаридаги Хитой тажрибаси ўзгача ўрин тутади. Мао Цзэдун бошчилигидаги коммунистлар ўз сиёсий душманлари қаторида Хитой жамиятида чуқур илдиз отган жиноий тузилмаларга ҳам уруш очганди.
Олис ўтмишга эга махфий учликлар ёки триадалар XX аср ўрталарида Хитой қора бозорининг салмоқли қисмини ўз назоратига олган қудратли жиноий синдикатларга айланди. Савдо-сотиқ, қимор ўйинлари, фоҳишабозлик, гиёҳванд моддалар савдоси — улар аралашмаган соҳа қолмаганди ҳисоб. Энди оёққа тураётган Хитой коммунистик режими ҳам мафкура бобида, ҳам жамиятни назорат қилиш борасида жиддий рақиб — триадалар билан рўбарў бўлди.
Маълумот учун: учликлар ёки триадалар — Хитой мафияси. Барча триадалар умумий эътиқод ва маросимларга эга, масалан, уларнинг номи келиб чиққан 3 рақамининг мистик маъносига ишониш. Бошқа версияга кўра, бу ном анъанавий хитойча меҳнат жамоалари тузилишига асосланган — битта хўжайин ва иккита бўйсунувчи. Тинчлик даврида бу жамиятларнинг аксарияти ўзаро ёрдам вазифасини бажарган, лекин айни бир пайтда уларнинг кўпчилиги жиноий фаолият билан боғлиқ эди.
Мао Цзэдун 1949 йилда ҳукумат тепасига келганидан сўнг “эски тартиб” ва унинг ажралмас қисми саналган уюшган жиноятчиликка қарши уруш эълон қилди. Хитой коммунистлари назарида жиноий гуруҳлар феодал ўтмиш сарқити ва меҳнаткашларни эзиш воситаси эди.
Триадаларга қарши урушнинг биринчи саҳифасини унинг аъзоларини фош қилиш ва ҳибсга олиш очиб берди. “Аксилинқилобчиларни бостириш кампанияси” доирасида 1950 йилдан бошлаб сиёсий мухолифатчиларга қўшиб барча жиноий унсурларни бир чеккадан кишанлаш авж олди. Хитой тарихчилари ёзишича, ушбу кампаниянинг дастлабки уч йили давомида 2,6 миллиондан зиёд киши қамоққа олиниб, тахминан 712 000 нафари қатл этилган. Тутқун қилинганлар ва отилганларнинг қанчаси уюшган жиноятчилар экани номаълум, аммо улар озчилик бўлмаганини тахмин қилиш қийинмас.
Мао ҳукумати, репрессив чоралар билан ёнма-ён уюшган жиноий гуруҳларнинг жамиятдаги мавқеини йўқотишга қаратилган тарғиботга ҳам зўр берди. Учликларга халқ душманлари, сотқинлар, оддий халқни эзувчилар дея тамға босилди. Мақсад уларни шунчаки обрўсизлантириш эмас, аҳолини ҳам бу курашга сафарбар этиш эди.
1950-1953 йиллар мобайнида уюшган жиноий гуруҳлар ва уларнинг аъзолари фаолияти муҳокама қилинган 3 миллиондан ортиқ оммавий йиғин ўтказилганини архив ҳужжатлари тасдиқлайди. Йиғилишларда ўша пайтдаги Хитой жами аҳолисининг ярмидан кўпи ёки 300 миллионга яқин одам қатнашган.
Триадаларнинг асосий даромад манбаларидан саналмиш наркотиклар савдосига қарши курашишга алоҳида урғу берилган. Хитойда 1950 йилда опиум ва бошқа гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш, сотиш ва истеъмол қилишни тақиқловчи фармон қабул қилинган. Фармонни бузганларга қаттиқ чора қўлланган, ўлим жазосигача берилган.
Бу кампания натижалари диққатга сазовор. Расмий маълумотларга қараганда, Хитойда опиум ишлаб чиқарилиши 1952 йилда урушгача даврга нисбатан 95 фоиз қисқариб кетган. Рўйхатга олинган гиёҳвандлар сони 1949 йилдаги 20 миллиондан 1950-йиллар ўрталарига келиб 100 минг нафардан ҳам озроқ қолган.
Уюшган жиноятчиликка қарши курашда репрессив чораларнинг ўзи етарли эмаслигини Мао яхши тушунарди. Узоқ истиқболли зафар учун жиноий гуруҳларнинг иқтисодий манбаларига зарба бериш тақозо этиларди. Шу мақсадда ер ислоҳоти ва саноатни миллийлаштиришни қамраб олган улкан иқтисодий ислоҳотлар ўтказилди.
1950 йилда бошланган ер ислоҳоти натижасида 47 миллион гектардан ортиқ ер майдони қайта тақсимланди. Бу аксарияти триадаларга алоқадор йирик ер эгаларининг иқтисодиётга таъсирини чилпарчинлашдан ташқари, жиноий гуруҳларни қишлоқлардаги қўлловдан ҳам маҳрум қилди.
Савдо ва саноат давлат ихтиёрига ўтказилиши триадаларга ўнгланмас зарба бўлди. 1956 йилда саноат корхоналарининг 99 фоизидан кўпроғи давлат мулкига айланганди. Бу билан илгари жиноий синдикатларнинг тегирмонига сув қуйиб келган ноқонуний иқтисодий фаолият ва коррупция имкониятлари анча қисқарди.
Триадаларга қарши курашиш учун жамоат назоратининг янги тизими: шаҳарларда “аҳоли қўмиталари”, қишлоқларда “ишлаб чиқариш бригадалари” ишга туширилди. Улар мафкуравий назорат билан бирга, аҳолини тинмай кузатувга олиши натижасида жиноий гуруҳларнинг имкониятлари тобора чекланиб борарди.
1950-йиллар охирларида 6 миллиондан зиёд қўмита ва бригада бутун Хитойни қамраб олганди, дейилади тарихий манбаларда. Шу тариқа мисли кўрилмаган ижтимоий назорат тизими яратилиб, уюшган йирик жиноий гуруҳлар учун сичқоннинг ини минг танга бўлганди.
Кўпинча қонуний тузилмалар ва жиноят оламини туташтирувчи кўприк вазифасини давлат идорасида ишловчи коррупционерлар бажаради. Бу ҳам маочилар эътиборидан четда қолмади. 1951-1952 йилларда коррупция, талон-торож қилиш ва қоғозбозликка қарши ўтказилган учта кампания давомида миллионлаб давлат хизматчилари элакдан ўтказилди.
Мана шу тафтишларда 3,8 миллиондан ортиқ одам текширилиб, 400 мингга яқини турли бузғунчиликлари учун жазоланган. Партия давлат аппаратини тозалаш қаторида, жиноят олами билан алоқаларга мутлақо йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида аниқ сигнал йўллаганди.
Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш қанчалик шиддатли натижалар берган бўлса, мудҳиш оқибатлари ундан кам эмас. Оммавий репрессиялар қанчадан-қанча бегуноҳларнинг ҳам ёстиғини қуритган. Учликка аъзо дея гумон қилинганларнинг кўплари судгача етиб бормасдан қатл этилган, оилалари таъқибга учраган. Сўнгги йиллардаги тадқиқотларга кўра, 1950-йиллардаги жиноятчиликка қарши кураш кампанияларидан аксарияти жиноят оламига бевосита дахлдор бўлмаган 5 миллионга яқин одам жабр чеккан.
Ҳар қанча шафқатсиз чоралар ва таъқибларга қарамасдан, триадалар таг-туги билан йўқолиб кетмади. Кўп жиноий тўдалар янада зимдан ишлашга ўтди ёки фаолиятини Гонконг, Макао ва Жануби-Шарқий Осиёнинг бошқа мамлакатларига кўчирди.
Расмийлар 1960-йиллар бошларида Хитой уюшган жиноятликка қарши урушда узил-кесил зафар қозонганини эълон қилди. Гарчи бу подадан олдин чанг кўтариш бўлса-да, тан олиш керак, катта Хитой ёки мамлакатнинг қитъа қисмида триадаларга ўнгланмас зарба берилган эди.
Триадалар бостирилганидан кейин ҳам жиноятчиликка қарши кураш суръати сўнмади. “Маданий инқилоб” (1966–1976) даврида кўплаб учликларнинг собиқ аъзолари ва бошқа “синфий душманлар” яна бир сидра репрессияга учради. Бошбошдоқлик ва қонунсизлик ўлароқ таърифланувчи бу даврда тескари мантиқ ишга тушиб, гарчи уюшган синдикат шаклида бўлмаса-да, жиноятчилик ўсиши кузатилди.
Мао Цзэдун 1976 йилда вафот этганидан сўнг, Дэн Сяопин 1978 йилдан бошлаган иқтисодий ислоҳотлар ортидан Хитойда жиноятчилик билан боғлиқ вазият ўзгаришга юз тутди. Очиқ иқтисодиётга ўтилиб, давлат жиловларни бўшаштирганини кўрган жиноий унсурлар анча жонланиб қолди.
Шу тариқа 1980-1990-йилларда Хитойда уюшган жиноятчилик яна илдиз отишни бошлади, аммо у мутлақо янгича шакл-шамойилга эга эди. Замонавий хитой жиноий гуруҳлари, айрим эски анъана ва усулларни ҳисобга олмаганда, ўтмишдагиларидан кескин фарқ қиларди.
Хитой жамоат хавфсизлиги вазирлиги статистикаси кўрсатишича, 1980 йилдан 2000 йилгача мамлакатда қайд этилган жиноятлар сони 10 баравардан кўпроқ ошган. Уларнинг ҳаммаси ҳам уюшган жиноятчилар эмас, бироқ ўсиш фактининг ўзиёқ Хитой жамияти иқтисодий ислоҳотлар даврида янги чорловларга рўбарў келганини англатади.
Хитойда уюшган жиноятчиликка қарши кураш XXI асрда замонавий усуллар ва технологиялар ёрдамида давом этмоқда. Ҳукумат коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашаётган усуллар нимаси биландир Мао замоналарини эслатиб юборади, бироқ ўта шафқатсиз чоралар ўтмишда қолган.
Расмий статистикага кўра, Хитойда 2018-2021 йилларда 3,6 мингдан ортиқ жиноий гуруҳ фош қилиниб, 230 мингга яқин гумонланувчи ҳибсга олинган — уюшган жиноятчилик муаммоси замонавий Хитой учун ҳам долзарблигича қолмоқда.
Мао Цзэдуннинг Хитой мафиясига қарши уруши уюшган жиноятчиликка қарши курашиш тарихига энг йирик ва шафқатсиз воқеликлардан бири сифатида кирди. Қитъа Хитойи учликларнинг таъсирини анчагина сусайтиришга эришди, бироқ инсон ҳуқуқларининг оммавий бузилиши ва репрессиялар асорати қолди. Хитой мисолида ҳатто энг кескин чоралар ҳам уюшган жиноятчиликни таг-томири билан қуритишга ожизлиги, триадалар бир боши кесилса иккинчиси ўсиб чиқадиган уч бошли аждар янглиғ янги шарт-шароитда, янгича шаклда ўрмалаб чиқаверишига гувоҳ бўлдик.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0