Набирага битилган мактуб – ёш авлодга қаратилган ҳаётий сабоқ
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академиясида Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Суюкли набирам Шавкатбекка парвоз давомида битилган мактуб» асари мазмун-моҳиятини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилишга бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этиб, мактубда илгари сурилган эзгу ғоялар, ҳаётий насиҳатлар ва тарбиявий қарашлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирдилар.
Мулоқот давомида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Иорданияга сафари чоғида севимли набираси Шавкатбекка йўллаган мактуби нафақат оилавий меҳр-муҳаббат ифодаси, балки ёш авлод тарбияси, инсон камолоти ва келажак масъулияти ҳақидаги чуқур маънавий мушоҳада экани алоҳида таъкидланди. Ундаги самимий сатрлар, ҳаётий сабоқлар ва эзгу тилаклар ҳар бир ёшни ўз ҳаёти, мақсадлари ва келажак олдидаги масъулияти ҳақида ўйлашга ундайди.
Президент мактубининг ўзига хос жиҳати шундаки, у бир инсонга — набирага аталган бўлса-да, мазмунан бутун Ўзбекистон ёшларига қаратилган. Унда оилавий қадриятларга садоқат, катталарга ҳурмат, билим олишга интилиш, мустақил фикрлаш, эзгу мақсадлар сари дадил қадам ташлаш ва Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшиш каби муҳим ғоялар ўз ифодасини топган.
Академия профессори М. Ғофуров, шунингдек талабалар М. Мансурова ва Д. Халиловларнинг чиқишларида ёшларнинг маънавий камолоти, китобхонлик маданияти, оила ва жамият олдидаги масъулияти хусусида атрофлича сўз юритилди.
Маънавий-маърифий тадбирнинг асосий ғояси – ёш авлодни фақат билимли ва касб-маҳоратли мутахассис сифатида эмас, балки юксак ахлоқий фазилатларга эга, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган баркамол инсонлар этиб тарбиялашдан иборат бўлди.
Зеро, инсоннинг маънавий камолоти оилада бошланади, таълим-тарбия жараёнида шаклланади ва жамиятдаги фаолияти орқали намоён бўлади. Бунда китоб мутолааси, ҳаётий насиҳатлар ва авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқлик муҳим аҳамият касб этади.
Нигора Ҳайиталиева,
Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар
Академияси Матбуот хизмати







