Ноқулай меҳнат шароитида ишловчи ходимлар қандай кафолатларга эга?

Савол: Зарарли ва хавфли меҳнат шароитида ишлаётган ходимларга қонунчиликда қандай имтиёз ва кафолатлар белгиланган?
Ушбу саволга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилоят кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспектори Музаффар Атабоев қуйидагича жавоб беради:
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ, ноқулай меҳнат шароитида ишловчи ходимлар учун қўшимча кафолатлар назарда тутилган.
Қисқа ва аниқ қилиб айтганда, бундай ходимлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- Қўшимча тиббий текширувлардан ўтиш;
- Қисқартирилган иш вақти;
- Иш куни (смена) давомийлигига нисбатан чекловлар;
- Иш вақтидан ташқари ишларга жалб этишдаги чекловлар;
- Ўта зарарли ва ўта хавфли меҳнат шароитларида иш вақтини жамлаб ҳисобга олишдаги чекловлар;
- Йиллик қўшимча меҳнат таътили;
Ноқулай табиий-иқлим шароитларида ишлаганлик учун иш ҳақига коэффициентлар қўллаш.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ноқулай меҳнат шароити деганда ходимнинг соғлиғига зарар етказиши ёки унинг ҳаёти ва меҳнат қобилиятига хавф туғдириши мумкин бўлган ишлаб чиқариш омиллари мавжуд бўлган шароитлар тушунилади.
Мазкур кафолатлар ходимларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, меҳнат қобилиятини сақлаш ҳамда уларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган.
Эслатма: Имтиёз ва кафолатларни қўллаш тартиби меҳнат шароитларининг хусусияти, иш жойидаги зарарли ёки хавфли омиллар ҳамда қонунчиликда белгиланган талабларга боғлиқ.







