Парадокслар юрти: минглаб хорижликлар Ўзбекистонда ишламоқда
Одатда Ўзбекистондаги мавжуд ижтимоий муаммолар ҳақида гапирилганда ишсизлик алоҳида тилга олинади. Тан олиш керак, миллионлаб ҳамюртларимиз хорижда (асосан, Россия, Туркия, Қозоғистон ва Жанубий Корея) ишламоқда. Ҳар йили бир миллионга яқин ёшлар меҳнат бозорида кириб келмоқда. Аҳолининг табиий ўсиши эса ҳануз юқори. Бу меҳнатга лаёқатли аҳоли сони кўплигини таъминлайди. Лекин бир фактор ҳам бўй кўрсатяпти: Ўзбекистонда ҳам маошлар ўсмоқда, иш ўринлари яратилмоқда. Нега айрим одамларимиз ватанда қолиб ишлашга шошилмаяпти?
Инглиз тилини биладиган такси
Юмуш билан илова орқали такси чақирдим. Қарасам, ҳайдовчи хорижлик, аниқроғи непаллик экан. Инглиз тилида билимим жуда зўр бўлмаса ҳам, амаллаб интернетдан фойдаланган ҳолда гаплашиб кетдим. Ўзбекистонда ҳам нонини топиб юрибди экан.
Яна бири Муҳаммадфайсал анчадан бери Тошкентда “доставка” билан шуғулланар экан. Эътиборли жиҳатларидан бири унинг инглиз тилидан билими чаканага ўхшамади. Тасаввур қилинг, инглиз тилида равон гаплашувчи хизматчи Тошкентга келиб тирикчилик қилмоқда. Бу нарса Ўзбекистон ҳам жаҳонда машҳур бўлиб бораётганини англатади.
Бир неча кун ўтгач, Истанбулдан келган ҳайдовчини ҳам учратиб қолдим. Тасаввур қилинг, одатда бизнинг қоракўзлар унинг шаҳрига бориб тирикчилик қилади. Лекин туркиялик ҳайдовчининг Тошкентдаги фаолиятини кўри, айрим нарсалар ўзгариб бораётганини англаб етдим.
5 млн сўм маош ва қулайликлар... Ишчи йўқ!..
Яқинда бир қурилиш фирмасини бошқарувчи танишим ишчи зарурлигини айтиб қолди. Айтишича, оддий ишчига ётоқ ва уч маҳал овқат, энг асосийси 5 млн сўм маош берилар экан. Лекин, унинг айтишича шу имкониятлар бўлса ҳам ишчилар топилмаётган эмиш. Тасаввур қилинг, деярли харажат қилмайсиз, амалласангиз бутун ойлик маошингиз қўлингизга тегади. Тураржойга, овқатга харажат қилмайсиз. Менимча, ёмон эмас. 5 млн сўм бугунги курс бўйича 400 АҚШ долларидан ошиқроқ маблағ бўлади. Россияга бориб, ўртача ишга жойлашган одам ҳам, орттирса шунча пул орттиради-да, бунинг устига рейдлар, тазйиқлар, патент тўлови ва бошқа муаммолар мавжуд. Рус ўлкасининг хавфсизлик масаласи тобора кун тартибига чиқаётгани, халқаро вазиятнинг оғирлашиб бораётгани эса алоҳи масала. Ҳатто Шарқий Европадаги кўпгина давлатлар ҳам 1000 еврогача маош бериши мумкин экан. Ёки яқинда интернетда кўп муҳокамаларга сабаб бўлган андижонликлар ва Беларус кейсини олайлик. Тасаввур қилинг, юз минглаб ўзбеклар хорижда қийналиб, пулини ололмай, оғир шароитларда юрибди, Тошкентда эса ўзбек иш берувчиси ишчи тополмай ҳалак!.. Ғалати парадокс, хуллас.
Менимча, мазкур масала бўйича ўзимизда ҳам оз-моз айб бор. Масалан, Россия ёки Европада пул топиш осон, пулда барака бор деган хаёлга борамиз. Аммо ишонтириб айтаманки, пул топиш ва ишлатишни билган чет элда ҳам, Ўзбекистонда ҳам нонини бутун қилиб ейди. Албатта, Ўзбекистонда ҳаммаси зўр, хориждан яхши деган қарашни ҳам сингдирмоқчи эмасмиз. Аммо она юрт, барибир бошқа. Бу ерда ишлаш асносида ўқиш ёки бошқа фаолият билан шуғулланиш, келажакда шахсий ривожланишга пойдевор қўйиш осонроқ. Ўзингизни кўрсатсангиз, 5 млн сўм маошингиз 10-15 млн сўмга кўтарилиши, ҳаётингиз тўкинлашиб бориши аниқ. Энг муҳими ўз уйингизда, хавфсиз, ўз қонунларимиз ҳимояси остида яшайсиз.
Ўзбекистонда хорижлик сифатида ишлаш осонмас
Гарчи юқори салоҳиятли мутахассис учун Ўзбекистон барча давлатлар каби қулай бўлгани билан, оддий ишчилар учун вазият бошқачароқ. Ўзбекистонда хорижликларнинг меҳнат фаолиятини амалга ошириши тартиби сўнгги йилларда бироз соддалаштирилган ва рақамлаштирилган, лекин умуман олганда уни жуда осон ҳам, ҳаддан ташқари қийин ҳам деб бўлмайди — у маълум бюрократик талаблар ва меъёрларга асосланади. Ўзбекистонда корхона ташкил қилган хорижлик инвесторлар, уларнинг раҳбарлари ва айрим тоифадаги шахслар учун виза ва ишлаш ҳуқуқини олиш шартлари қулайроқ қилиб қўйилган. Ҳар бир чет эллик Ўзбекистонда ишлаши учун маҳаллий иш берувчи орқали Миграция агентлигидан ёки тегишли органлардан махсус тасдиқнома (рухсатнома) олиши шарт.
Иш берувчи хорижлик ходимни ёллаши учун нима сабабдан маҳаллий кадр эмас, айнан чет эллик мутахассис кераклигини асослаб бериши ҳамда қонунчиликда белгиланган талабларга риоя қилиши лозим. Виза режимини расмийлаштириш, вақтинчалик яшаш рўйхати (прописка) ва меҳнат шартномасини давлат органларида рўйхатдан ўтказиш қатъий муддатларда бажарилиши керак. Қоидалар бузилса, жарима ёки мамлакатдан чиқариб юбориш хавфи мавжуд.
Хулоса қилиб айтганда, агар хорижлик фуқаро расмий таклиф қилган иш берувчига эга бўлса ва ҳужжатлари жойида бўлса, ишлаш ҳуқуқини расмийлаштириш қийин эмас. Лекин ҳеч қандай рухсатномасиз ёки ноқонуний тарзда ишлаш қатъиян тақиқланади ва жиддий жавобгарликка сабаб бўлади.
“Бекор юрганим яхши...”
Баъзан ишсиз юрган шахсга иш топиб берганда, бир иборага дуч келамиз. “Бу ойликка ишлагунча, бекор юрганим яхши...”. Албатта, бошқалар мўмай даромад кўриб турганда, камроқ ойликка ишлаш одамга алам қилади. Аммо, ким қийинчилик кўрмаган? Барча ҳавас қиладиган АҚШдаги миллиардерлар ҳаётини ўрганиб кўрганимизда, баъзилари ўз фаолиятини оддий ишчи сифатида бошлаганини кўрамиз. Мотивация ва маънавиятдан маъруза ўқиш ниятимиз йўқ, лекин бу бор гап. Ўзбекистонда эса бу тенденция камроқ кузатилади. Бизда чет элда йиллаб ишлаб ҳеч вақосиз қайтиб келиш мумкин, аммо озроқ маошга ишлаш уят саналади. Ёки кинода айтилганидек, “хўрозқанд чет элники бўлса, ётволиб ялаш керакми”?
Яқинда журналист Ибрат Сафонинг ўзбек-туркман чегараси бўйича тайёрлаган кўрсатувини томоша қилдим. Кўрсатувда биз учун бир қатор янгиликлар бор. Улардан бири – юзлаб туркманистонликлар Ўзбекистонга келиб ишлаётган экан. Қизиқ-а? Қоғозда бир кишига тўғри келадиган ЯИМ Туркманистонда баландроқ. Туркманистонда аҳоли Ўзбекистондай кўп эмас, бундан ташқари уларда мислсиз бойликлар, энергия манбалари бор. Шунда ҳам Ўзбекистонга келиб ишлашяпти. Асосий сабаблардан бири, Ўзбекистонда иқтисодий ҳаёт Туркманистонга қараганда эркинроқ. Бу омиллар туркманларни Ўзбекистонга келиб ишлашга ундамоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда ҳам бугун имкониятлар очилиб бормоқда. Хорижга оддий ишчи бўлиб йўл олишдан аввал яхшилаб ўйлаб кўринг. Кетиш афзалми, ёки қолиш? Бизнингча, юртимиз ҳам айрим масалаларда хориж билан бемалол беллашмоқда. Ҳар бир муҳожир Ўзбекистонда пул топаётгани ўзига хос индикатор бўлади ва ёшлар дўппи тиззага кийидириб ўйлаб кўрадиган пайти келди. Сиз мазкур фикрларга нима дейсиз?
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0