Приморье ҳудудидаги мигрантларга 41 соҳада ишлаш тақиқланади
Приморье ҳудуди ҳукумати келгуси йилда мигрантларга 41 турдаги иқтисодий фаолият бўйича патент асосида ишлашни тақиқламоқчи. Хусусан, йўловчи ташиш, такси, курьерлик фаолияти ва логистика соҳаларида мигрантларга ишлаш ман қилинади. Ушбу қарор лойиҳаси минтақа губернатори томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталида эълон қилинган.
Қарорга кўра, 2025 йилдан бошлаб мигрантларнинг 41 турдаги иқтисодий фаолиятда патент асосида ишлашига рухсат берилмайди. Хусусан, мигрантларга буюртма асосида ва мунтазам равишда йўловчи ташиш, жумладан, шаҳар автобуслари, троллейбуслар ва трамвайлар, шунингдек, шаҳарлараро автобусларни бошқариш тақиқланади. Фақатгина туристлар ва экскурсия автобусларида ишлаш бундан мустасно бўлади.
Шунингдек, енгил такси фаолияти ва ҳайдовчи билан автомобил ижараси, денгиз юк ташиш ва йўловчи ташувчи сув транспорти, юк ташиш билан боғлиқ барча фаолиятлар ҳам тақиқланиши мумкин. Лойиҳага кўра, чет элликлар патент асосида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таьминлаш, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлай олмайди, шунингдек, курьерлик фаолияти билан шуғулланишлари ҳам тақиқланади. Бундан ташқари, айрим ишлаб чиқариш турлари, сув таъминоти ва энергетика соҳалари, чиқиндиларни бошқариш хизматларида ишлаш ҳам тақиқланиши мумкин.
Ҳозирда лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси жараёнидан ўтмоқда ва бу 2 ноябргача давом этади. Сўнгра, норматив-ҳуқуқий актлар таъсирини баҳолаш жараёни бошланади.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0