Раҳбарнинг ноқонуний буйруғи судда бекор қилинди

«Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан». Бу мақолнинг аччиқ моҳиятини Жиззах вилояти Фориш туманидаги «Ухум» маҳалласида жойлашган 46-умумий ўрта таълим мактаби директори ўринбосари Қодир Исаев чуқур англади. Негаки, раҳбарининг нотўғри қарори туфайли у емаган сомсасига пул тўлашга мажбур бўлди...

11:01 | 13.10.2026
•
12
Раҳбарнинг ноқонуний буйруғи судда бекор қилинди
Катталаштириш

Шу йил апрель ойида 8-синф ўқувчиси она бўлди. Ўз-ўзидан аёнки, ушбу нохуш ҳодиса таълим ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъулларини профилактик тадбирларни кучайтиришга ундади. Жумладан, туман прокуратураси тарбия борасида камчиликка йўл қўйган масъулларга нисбатан чора кўриш тўғрисида тақдимнома киритди.

Унга асосан, мактаб директори Фаррух Шомуродов 22 июнь куни маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Қодир Исаевга ҳайфсан бериш ҳамда ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима солиш тўғрисида буйруқ чиқарди.

Бироқ муҳокама жараёнида нима учундир директор ўринбосарининг ўқувчи ҳомиладор бўлган давр ёз фаслига тўғри келгани, таътил пайтида юз берган ҳолат учун ўқитувчи жавобгар бўлмаслиги ҳақидаги важларига қулоқ тутилмади. Табиийки, бу таълим тизимида 34 йилдан буён фаолият юритиб келаётган тажрибали муаллимнинг аламини келтирди.

Пировардида, у ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Жиззах вилояти кенгашига мурожаат қилди. Шу асосда ҳайфсанни бекор қилиш юзасидан мактаб директори номига тақдимнома киритилди. Аммо раҳбар уни ижросиз қолдирди. Бу эса томонларнинг судда юзлашишига сабаб бўлди.

Суд муҳокамаси жараёнида иш берувчи йўл қўйган қатор қонунбузилишлар аниқланди. Хусусан, даъвогар интизомий жазо чораси қўллаш тўғрисидаги буйруқ билан ўз вақтида таништирилмаган, унда ходимнинг айнан қачон ва қандай хатога йўл қўйгани аниқ кўрсатилмаган. Қолаверса, меҳнат қонунчилигига биноан, интизомий қилмиш аниқланганидан кейин бир ойдан кечиктирмай жазо қўлланилиши лозим эди.

Ушбу ҳолатларни инобатга олган суд мактаб директорининг буйруғини бекор қилди. Даъвогарнинг иш ҳақидан ушлаб қолинган 1 миллион 665 минг 518 сўм ҳам қайтариладиган бўлди. Шунингдек, жавобгар томон Қодир Исаевга етказилган маънавий зарар учун 3 миллион сўм тўлаши белгиланди.
Масаланинг яна бир ташвишли жиҳати бор.

Ўтган йили Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Жиззах вилояти кенгашига таълим муассасалари ходимларидан 57 та, жорий йилнинг ўтган даврида эса 37 та ариза келиб тушган. Уларнинг қарийб барчаси иш берувчиларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига тааллуқли.

Бу рақамлар соҳада раҳбар кадрларни танлаш ва лавозимларга тайинлаш масаласига жиддий ёндашиш зарурлигини кўрсатмоқда. Зеро, раҳбарнинг ҳар бир қарори ходимнинг тақдири, меҳнат ҳуқуқлари ва шаънига дахл қилиши мумкин. Қонунни билмаслик ёки унга беписандлик эса ходимнинг ҳақсиз жазоланишига, охир-оқибатда иш берувчининг ўзи суд олдида жавоб беришига олиб келади.

Сардор Мўминжонов,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Жиззах вилояти кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспектори

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади