Эртадан ипотека субсидияси учун қўшимча аризалар қабул қилинади
25 ноябрь соат 10:00 дан бошлаб ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун қўшимча аризалар қабул қилинади.

Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
Қўшимча қабул аввал ажратилган, аммо белгиланган муддатда фойдаланилмаган субсидия хабарномалари ҳисобидан амалга оширилади.
Субсидия олиш учун талабгор ижтимоий мезонлар бўйича камида 30 балл тўплаши, ўзи ва турмуш ўртоғи номида Ўзбекистон бўйича турар жой бўлмаслиги, даромади белгиланган талабларга мос келиши ҳамда кредит тарихи иштирокчи банклардан камида бирининг талабларига жавоб бериши керак.
Аризалар Давлат хизматлари марказлари, myGov мобил иловаси ёки my.gov.uz портали орқали топширилади. Ҳарбий тузилмалар ходимлари эса фақат Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиши мумкин.
Ариза беришдан олдин OneID орқали иштирокчи банкларга кредит тарихини текшириш учун рухсат бериш лозим. Кредит тарихини олишга вақтинчалик чеклов мавжуд бўлса, ариза рад этилади.
Маълумот учун, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида ипотека субсидиялари учун давлат бюджетидан 1 трлн 208,1 млрд сўм ажратилган. Унинг 407,8 млрд сўми бошланғич бадал, 800,3 млрд сўми эса кредит фоизларини қоплашга йўналтирилган.







