Шерзод Асадов: Ахборот уруши кучайган даврда журналистиканинг энг катта қуроли — ҳақиқат
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Тошкентда Ислом цивилизацияси марказида ўтаётган «Ислом цивилизацияси: янги дунё, янги ташаббуслар» халқаро медиа форумида журналистика ва соҳа истиқболлари ҳақида нутқ сўзлади.
— Форум Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз» ғояси руҳида ўтмоқда.
Мустақил давлат учун сиёсий ва иқтисодий суверенитет билан бирга, ўз тарихи ҳақидаги ҳақиқатни ўзи айта олиши ва ўз овозини дунёга эшиттира билиши ҳам муҳим. Мустақиллик бизга ўз тақдиримизни белгилаш ва мамлакатимиз ҳақидаги ҳақиқатни жаҳонга етказиш имконини берди. Бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс.
Бугун ахборот чегара билмайди. Бир воқеа ҳақидаги хабар саноқли сонияларда миллионлаб одамларга етиб боради. Бироқ ахборот билан бирга ёлғон, манипуляция, фейк хабарлар ва ахборот хуружлари ҳам тез тарқалмоқда. Шунинг учун бугун журналистика олдидаги энг муҳим вазифалардан бири — ишончли ахборотни таъминлашдир.
Сунъий интеллект ҳам журналистикага жадал кириб келмоқда. Бироқ у журналистнинг ўрнини боса олмайди, балки унинг имкониятларини кенгайтиради. Замонавий журналист энди фақат матн муаллифи эмас. У универсал медиа мутахассиси сифатида контент яратиш, тасвирга олиш, монтаж қилиш ва тайёр медиа маҳсулотни шакллантириш жараёнларида иштирок этмоқда. Аммо технологиялар қанчалик ривожланмасин, журналистиканинг асосий мезонлари — ҳақиқат, холислик, виждон ва инсон манфаатига хизмат қилиш тамойиллари ўзгармаслиги керак.
Замонавий журналистиканинг яна бир глобал муаммоси — ҳақиқий сўз эркинлиги инқирозидир. Айрим ҳолларда сўз эркинлиги сиёсий босим воситасига айланиб, икки хил стандартлар пайдо бўлмоқда. Бу эса журналистиканинг холислиги ва ишончлилигига путур етказади. Бундай шароитда журналистика давлат ва жамият манфаатларини уйғунлаштирган ҳолда, халқ эҳтиёжларидан келиб чиқиб, холис ва масъулиятли ахборот беришга интилиши лозим.
Миллий манфаатларни ҳимоя қилиш дунёдан ёпилиш дегани эмас. Аксинча, бу — фактларга таяниш, воқеаларни холис таҳлил қилиш ва жамият билан очиқ мулоқот ўрнатишдир. Ўзбекистонда медиа соҳасидаги ислоҳотлар натижасида ҳам оммавий ахборот воситалари сони сезиларли ортди. 2015 йилда мамлакатимизда 1400 та ОАВ фаолият кўрсатган бўлса, 2023 йилга келиб уларнинг сони 2100 тага етди. Нодавлат ОАВ улуши эса қарийб 70 фоизни ташкил этмоқда.
Журналист фақат ахборот етказувчи эмас. У одамларнинг дарду ташвишини эшитади, муаммоларини кўтаради ва жамоатчилик овозининг давлат идораларига етиб боришини таъминлайди. Шу маънода, миллий медиа давлат ва жамият ўртасидаги кўприк, шу билан бирга, Ўзбекистоннинг тарихи, бугуни ва келажак истиқболларини дунёга танитувчи муҳим кучдир.
Бугунги форумнинг Ислом цивилизацияси марказида ўтказилаётгани ҳам ўзига хос рамзий маънога эга. Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган ушбу ноёб маскан халқимизнинг кўп минг йиллик илмий ва маънавий меросини жаҳонга танитишга хизмат қилади.
Ислом цивилизацияси — аввало, илм-маърифат, тафаккур ва бағрикенглик цивилизациясидир. Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Улуғбек ва Алишер Навоий каби буюк алломаларимиз мероси бутун башариятнинг бебаҳо бойлигидир. Хоразмий номи бугун «алгоритм» атамасида яшаб келаётгани ҳам аждодларимиз мероси замонавий илм-фан ва технологиялар билан узвий боғлиқ эканини кўрсатади.
Шунинг учун миллий меросимизни фақат музей ва китобларда сақлаш билан чекланмасдан, уни замонавий рақамли форматларда, ёш авлодга тушунарли тилда ва жаҳон жамоатчилигига холис етказишимиз зарур.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0