Сменали иш вақти ҳисобланиши ва қўшимча тўловлар бўйича меҳнат ҳуқуқлари
Cавол:
Ассалому алайкум. Корхонада сменали тартибда 12 соат ишлайман. Аммо иш вақти ҳисобида 11 соат қўйилади. Шунингдек, корхона томонидан зарарли меҳнат шароити учун тўлов (“вредний”), моддий ёрдам, рағбатлантириш пули ва бошқа қўшимча тўловлар берилмайди. Бу ҳолат қонун нуқтаи назаридан қай даражада тўғри?
Саволга ҳуқуқшунос Муҳаммадамин Каримжонов жавоб беради.
— Сизнинг ҳолатингизда сменали иш режими Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 192-моддасига мувофиқ тартибга солинади. Ушбу моддага кўра, сменали ишда иш вақти сменалар жадвали асосида белгиланади ва иш берувчи Меҳнат кодексининг 200-моддаси талабларига асосан ходимларнинг ишга келиш ва ишдан кетиш вақтларини аниқ ҳисобга олиши шарт.
Агар амалда 12 соат ишлаб, табелда 11 соат кўрсатилаётган бўлса, бу иш вақтининг нотўғри ҳисобланиши ҳисобланади ҳамда меҳнат қонунчилиги талабларининг бузилиши сифатида баҳоланиши мумкин.
Рағбатлантириш пули, моддий ёрдам ва бошқа қўшимча тўловлар Меҳнат кодексининг 252-моддасига мувофиқ иш берувчининг ички ҳужжатлари, жамоа шартномаси ёки касаба уюшмаси билан келишувлар асосида белгиланади. Шу сабабли бундай тўловлар барча ҳолатларда ҳам мажбурий ҳисобланмайди. Бироқ, агар улар корхонанинг ички ҳужжатларида назарда тутилган бўлса, иш берувчи уларни тўлашга мажбур.
Шунингдек, Меҳнат кодексининг 268-моддасига кўра, зарарли ёки алоҳида меҳнат шароитларида ишловчи ходимлар учун қўшимча тўловлар ва имтиёзлар белгиланиши мумкин.
Мазкур ҳолатда ўз меҳнат ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Давлат меҳнат инспекциясига мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз. Ушбу ҳуқуқ Меҳнат кодексининг 535-моддаси билан кафолатланган бўлиб, инспекция меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳолатларини ўрганади ва ҳуқуқий баҳо беради.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0