Шукурилло Исроилов тайинловидан жамоатчилик нега норози?!
Ижтимоий тармоқларда халқимизнинг севимли сўз устаси Шукурилло Исроилов Маданият вазири ўринбосари лавозимига тайинлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Кўп ўтмай, Маданият вазирлиги бу маълумотга аниқлик киритиб, Исроилов Шукурилло Аҳмадқулович Тошкент шаҳар маданият бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинланганини маълум қилди.
Бир қарашда, бу оддий кадрлар тайинлови. Аммо жамоатчиликнинг муносабати бу хабарни оддий лавозим алмашинувидан анча катта масалага айлантириб юборди. Чунки гап фақат Шукурилло Исроилов ҳақида эмас. Гап маданият соҳасида масъул лавозимга шахс танлашда қандай мезон устувор бўлиши кераклиги ҳақида кетмоқда. Сўз устаси бўлиш бир нарса.
Ташкилотни бошқариш, жамоа билан ишлаш, давлат ва жамоатчилик олдида масъулиятни ҳис қилиш бутунлай бошқа масала…
Саҳнада инсоннинг асосий қуроли — сўз, ҳазил, образ ва аудитория билан мулоқот бўлса, бошқарувда ундан қарор қабул қилиш, масъулиятни ўз зиммасига олиш, вазиятни тўғри баҳолаш, одамлар билан ишлаш ва энг муҳими, лавозимнинг шаънига мос муомала талаб этилади.
Шу маънода жамоатчиликнинг «бу лавозимга ким муносиб?» деган саволи мутлақо табиий. Айниқса, маданият соҳасидa. Чунки маданият фақат концерт, саҳна ёки кўнгилочар тадбирлар йиғиндиси эмас. У жамиятнинг диди, тафаккури, ахлоқий мезонлари ва давлатнинг маънавий қиёфасига дахлдор соҳа ҳамдир. Шундай экан, бу соҳада раҳбарлик лавозимига тайинланган шахснинг касбий қобилияти билан бирга, обрўси, муомала маданияти, шахсий масъулияти ва жамоатчилик олдидаги хулқ-атвори ҳам аҳамиятли бўлмаслиги мумкинми?
Исроиловга билдирилаётган танқидларнинг айримлари унинг жонли эфирда камерага тушиб қолган «хатти-ҳаракатлари» билан ҳам боғлиқ. Бошқалар эса бу лавозимни бошқа, ўз соҳасида намуна бўлган санъаткор ёки мутахассис эгаллаши керак эди, деган фикрни илгари сурмоқда.
Бу ерда энг муҳим жиҳат бор. Бир видеолавҳа инсоннинг бутун шахсиятига ҳукм чиқариш учун етарлими?! Бироқ бунинг акси ҳам тўғри: лавозимга тайинланган инсоннинг жамоатчилик олдидаги ҳар қандай хатти-ҳаракатини «бу унинг шахсий ҳаёти» деб четга суриш ҳам тўғри эмас. Айниқса, давлат тизимидаги масъул лавозим ҳақида гап кетганда.
Чунки мансабдор шахснинг шахсий хулқ-атвори билан хизмат вазифасидаги имижи ўртасида маълум даражада боғлиқлик бўлади.
Жамоатчилик ишончини қозониш ҳам лавозимнинг ёзма ваколатларидан кам аҳамиятга эга эмас.
Ушбу вазиятда кадрлар танлови қандай мезон асосида амалга оширилганини жамоатчилик билиши керак. Номзоднинг соҳадаги тажрибаси қандай?
Унинг бошқарув қобилияти қай даражада? Тошкент шаҳри маданият соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш учун қандай режалари бор?
Лавозимга тайинлашда қайси профессионал ва ахлоқий мезонлар инобатга олинган? Агар бу саволларга ишончли жавоблар бўлса, ижтимоий тармоқлардаги шов-шувларнинг катта қисми ўз-ўзидан пасаяди.
Чунки жамоатчилик кўпинча тайинловнинг ўзидан кўра, унинг ортидаги мантиқни билмагани учун шубҳа қилади. Бу воқеа Маданият вазирлиги учун ҳам ўзига хос «сигнал». Албатта, ҳар бир ижтимоий тармоқдаги фикрга қараб кадр тайинлаш ёки лавозимдан олиш мумкин эмас. Аммо бу жамоатчилик фикрини умуман инкор қилиш керак, дегани ҳам эмас. Айниқса, минглаб одамлар муҳокама қилаётган масалада вазирликнинг «нега айнан шу номзод?» деган саволга очиқ ва асосланган жавоб бериши ишончни мустаҳкамлайди.
Шукурилло Исроиловга нисбатан айтилган танқидлар адолатлими ёки йўқми буни унинг кейинги фаолияти кўрсатади. Агар у иши билан маданият ривожига ҳисса қўшса, жамоа билан самарали ишласа, соҳа вакилларининг муаммоларига ечим топса, бугунги танқидларнинг ўзиёқ эртага бошқача тус олиши мумкин. Агар аксинча бўлса, жамоатчиликнинг бугунги шубҳалари янада кучаяди.
Дилдора ДЎСМАТОВА
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0