Сув парилари билан учрашув
Ригалик Геннадий Баровков азалдан сув ости овига қизиқарди. Шу боис ҳар йили ёзда икки ҳафтача Гурзуф ва Анапа деган жойларга бориб, япалоқ балиқ, йирик чўртан ёки Қора денгиз наҳангини тутарди. Аммо бир ғаройиб воқеа туфайли бу севимли машғулотидан кўнгли буткул совиди.
Ўша куни у чуқур сувга тушиб, ўлжасини пойлаб турганди. Бир маҳал сув тубидан у томонга тўртта улкан балиқ сузиб кела бошлади. Геннадий улар дельфинлар эмаслигини дарҳол англаб етди. Негаки, дельфинлар қора рангда бўларди. Номаълум маҳлуқлар эса оқ тусли бўлиб, бош қисми одамникига ўхшаб кетарди. Балиқларникига монанд думлари узун ва йирик эди. Уларнинг олдинроқда келаётгани Геннадийни кўриб тўхтади ва одамникига ўхшаш зағча кўзларини унга қадади. Кейин бошқалари ҳам унинг олдига сузиб келишди. Шунда дастлабкиси қўли, ҳа-ҳа, ишонаверинг, сузгичи билан эмас, бармоқлар орасидаги пардалари яққол кўриниб турган қўли билан Геннадий тарафга ишора қилди. Ҳаммаси балиқчига анча вақт разм солиб турди-да, кейин бараварига ҳаракатга келишди. Бақувват думларини дадил силкитганча, илдам сузиб, кўздан ғойиб бўлишди.
Қўрқувдан ўтакаси ёрилгудай бўлган Геннадий сувдан ўқдек отилиб чиқди-ю, қирғоқ сари ошиқди. У бу сирли маҳлуқлар нималигини маҳаллий аҳоли ва мутахассислардан сўраб-суриштириб ўтирмади. Сув парилари ҳақидаги мақолаларни ўқигач, ҳаммасини ўзи тушуниб етди ва денгизга мутлақо бормай қўйди
Абдунаби ҲАЙДАРОВ
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0