“Temu” фаолияти Ўзбекистонда 20 мартдан бошлаб чекланади
Ўзбекистонликлардан бугундан бошлаб ушбу электрон савдо платформаси орқали буюртма бермасликлари сўраляпти.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талаблари бузилганлиги сабабли TEMU электрон савдо платформаси фаолияти мамлакат ҳудудида чекланади. Бу ҳақида Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Ҳукуматнинг 2024 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 885-сон қарорининг 2-банди билан электрон тижорат операторлари, хусусан электрон савдо платформалари операторлари сифатида фақат юридик шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари фаолият юритиши мумкинлиги белгиланган (ушбу норма қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирди).
Мамлакат фуқароларига хизмат кўрсатувчи хорижий электрон савдо платформалари фаолиятини ўрганиш жараёнида айрим электрон савдо платформалари томонидан Ўзбекистон Республикасининг электрон тижорат, чакана савдо, реклама, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаётганлиги аниқланди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига мувофиқ, 2025 йил 20 мартдан бошлаб хорижий электрон савдо платформаларидан, хусусан, “TEMU” платформасидан фойдаланиш белгиланган тартибда чекланади.
“Тушунмовчиликларни олдини олиш мақсадида, юртдошларимиздан бугунги кундан бошлаб “TEMU” платформасида буюртма бермасликларини сўраймиз. Бунда, агар буюртма бундан олдин амалга оширилган бўлса, платформада тўловни қайтаришни ташкил этиш тавсия этилади”, – дейилади расмий хабарда.
Агентлик ва Солиқ қўмитаси Ўзбекистон фуқароларини мамлакат ҳудудида ўз фаолиятини маҳаллийлаштирмаган ёки Солиқ кўмитасининг электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий компаниялар ва маркетплейслар рўйхатига кирмаган хорижий электрон савдо платформалари хизматларидан фойдаланмасликка, эҳтиёт чораларини кўришга, шахсий ва бошқа маълумотларни бундай субъектларга бермасликка чақирмоқда.
Mақолага баҳо беринг
0/51
0
0
0
0