Эҳтиёжманд аёллар учун ерни ҳайдаш, текислаш харажатларига 8 млн 800 минг сўмгача маблағ ажратилади

Эҳтиёжманд хотин-қизлар учун яна қандай ёрдам турлари мавжуд?
Президентнинг 2026 йил 11 сентябрдаги ПФ-193-сон Фармони доирасида “Аёллар дафтари” жамғармаси маблағларидан фойдаланиш ва ёрдамларни тақдим этиш механизмлари янгиланди. Жамғарма ҳисобидан кўрсатиладиган ёрдам ва хизматлар 11 тадан 18 тага етказилди. 6 тасининг амалдаги тартиби сақланди, 5 таси такомиллаштирилди, 7 та янги йўналиш қўшилди. Бу ҳақда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси матбуот анжуманида маълумот берди.
– Эндиликда эҳтиёжманд хотин-қизларга ўз томорқа ерларида иссиқхоналар қуриш учун БҲМнинг 40 баробаригача, яъни 17 миллион 600 минг сўмгача маблағ ажратилади. Аввал иссиқхона ташкил қилиш учун Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси томонидан БҲМнинг 30 баробаригача, яъни 13 миллион 200 минг сўм миқдорида маблағ ажратилган. Ҳозирда эса “Аёллар дафтари” жамғармаси томонидан 17 миллион 600 минг сўмгача маблағ қоплаб берилиши кўзда тутилган.
– Эҳтиёжманд хотин-қизлар томорқа ерларидан самарали фойдаланиш учун зарур воситалар билан таъминланади. Яъни уруғлар, кўчатлар ва минерал ўғитлар учун БҲМнинг 3 баробаригача, 1 миллион 320 минг сўмгача маблағ ажратилади. Ер ҳайдаш ва текислаш хизмати учун БҲМнинг 10 баробаригача, яъни 4 миллион 400 минг сўмгача пул ажратилади. Бу ёрдам турларидан бир йил давомида икки марта фойдаланиш имконияти мавжуд. Яъни баҳор ва куз фаслларида фойдаланиш мумкин.
– Бугунги кунда уйда ўтирган ҳолда даромад топиш имкониятига эга бўлган, яъни ҳунари бор, аммо асбоб-ускунага муҳтож хотин-қизларга тикув машинаси, оверлок, печ ва бошқа зарур жиҳозларни харид қилиш учун БҲМнинг 15 баробаригача, яъни 6 миллион 600 минг сўмгача маблағ ажратилиши белгиланган. Бу маблағлар тўғридан-тўғри етказиб берувчи ташкилот билан шартнома асосида ажратилади ва бир марталик ёрдам тури ҳисобланади.
– Айрим ҳудудларда хотин-қизларнинг томорқа ерларидан фойдаланишидаги энг катта муаммо сув танқислиги ҳисобланади. Шу сабабли янги тартибда қудуқ қазиш, насос ўрнатиш, сув қувурларини тортиш, хонадон ва томорқа ер участкаларини сув билан таъминлаш харажатларини қоплаб бериш механизми ҳам йўлга қўйилган. Бунда БҲМнинг 40 баробари, яъни 17 миллион 600 минг сўмгача маблағ ажратилади.
– Агротехника хизматлари харажатлари қоплаб берилади. Ерни ҳайдаш, текислаш ва бошқа механизация хизматлари учун БҲМнинг 20 баробаригача, яъни 8 миллион 800 минг сўмгача маблағ ажратилади. Бу хизмат туридан ҳам бир йилда икки марта — куз ва баҳор фаслларида фойдаланиш мумкин.
– Жўжа, қуён, асалари оилалари, чорвачилик учун зарур бошланғич маҳсулотлар, ем ва жиҳозлар харид қилишга БҲМнинг 25 баробаригача, яъни 11 миллион сўмгача маблағ ажратилади. Ушбу ёрдам тури ҳам бир марталик ҳисобланади.
– Хотин-қизларнинг касаначилик ва ҳунармандчилик фаолиятини кенгайтириш учун БҲМнинг 50 баробари, яъни 22 миллион сўмгача маблағ ажратилади. Бунда тикув машинаси, сартарошлик асбоблари, пайвандлаш жиҳозлари, дурадгорлик ускуналари, ҳунармандчилик дастгоҳлари харид қилиниши мумкин.
Ушбу янги ёрдам турлари ижтимоий реестрга кирган ёки камбағалликка тушиш хавфи мавжуд ҳамда боқувчисиз эҳтиёжманд оилалардаги 30 ёшдан катта бўлган хотин-қизларга кўрсатилади.
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
Жамият





