АЮРВЕДА: Қадимий Ҳинд табобати Ўзбекистонда

15:51 | 26.09.2026
•
17
АЮРВЕДА: Қадимий Ҳинд табобати Ўзбекистонда
Катталаштириш

Аюрведа — Ҳиндистонда минг йиллар давомида шаклланган анъанавий тиббиёт бўлиб, саломатликни овқатланиш, кун тартиби, жисмоний фаоллик ва турмуш тарзи билан уйғун ҳолда таъминлашга қаратилган машҳур табобат усулидир.
Яқинда пойтахтимизда Ҳиндистонда эълон қилинган Аюрведа куни муносабати билан ушбу йўналишни юртимизда ривожлантириш истиқболларига бағишланган конференция ўтказилди.
Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан ташкил этилган тадбирда 60 нафардан ортиқ халқ табобати мутахассислари, шифокорлар, анъанавий тиббиёт ходимлари, соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари, Ҳиндистон компаниялари ҳамда диаспораси вакиллари қатнашди. Уни Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант хоним кириш сўзи билан очди.
Тадбирда Аюрведанинг замонавий тиббиётдаги ўрни, илмий тадқиқотлар, инновациялар ва соғлом турмуш тарзида қўллаш имкониятлари муҳокама қилинди.
Конференцияда гап фақат назария ҳақида эмас, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида анъанавий, қўшимча ва интегратив тиббиёт соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, Аюрведани янада кенг тарғиб қилиш ва соҳани ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Конференцияда Ўзбекистонда сертификатланган Аюрведа мутахассиси Дониёр Азимов, Аюрведа шифокорлари Жалил Абдуллаев, Ҳиндистондан Танмай Госвами ва доктор Нихила Хирематлар маърузалар қилишди.
Тадбир доирасида Аюрведага оид маҳсулотлар ва китоблардан иборат махсус кўргазма ҳам ташкил этилди.
Муҳокамалар шуни кўрсатдики, юртимизда Аюрведага қизиқиш нафақат соғломлаштириш амалиёти сифатида, балки илмий тадқиқот, профессионал тайёргарлик ва Ўзбекистон–Ҳиндистон ҳамкорлигининг янги йўналиши сифатида ҳам шаклланиб бормоқда.

Зебо Намозова
Ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади