Қувончли ва мазмунли
Бу мавсумда ҳам «Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси» давлат муассасаси тасарруфидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларида минглаб ўғил-қизлар мазмунли ҳордиқ чиқаришди

Мавсум давомида белгиланган вазифалар асосида болаларнинг хавфсизлигини таъминлашга, соғлиғини асрашга ва бўш вақтларини мазмунли ўтказишга алоҳида аҳамият қаратилди. Жами 11 та оромгоҳда тўрт мавсум давомида 12 минг 422 нафар бола соғломлаштирилди. Шундан олтита стационар оромгоҳда 11 минг нафардан зиёд бола дам олди. Шаҳар ичидаги кундузги оромгоҳлар, меҳнат ва дам олиш масканларида ҳам юзлаб болалар ҳордиқ чиқарди.
Ҳар бир оромгоҳда малакали тиббиёт ходимлари навбатчилик қилдилар, тез тиббий ёрдам машиналари бириктирилди. Овқатланиш сифати ва ичимлик суви мунтазам назоратда бўлди. Эътиборлиси, заҳарланиш, юқумли касалликлар ёки фавқулодда ҳолатлар қайд этилмади. Бу болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги чора-тадбирлар самарали йўлга қўйилганидан далолат беради.
«Паҳлавон», «Болажон», «Келажак», «Сўғдиёна», «Сармиш», «Зарафшон» каби стационар, «Булбулча», «Юлдуз», «Табассум» кундузги ҳамда «Машъал», «Ёшлик» меҳнат ва дам олиш оромгоҳларида болалар учун турли дастурлар ташкил этилди. Дам олиш спорт ва ижодий машғулотлар билан уйғунлаштирилди. Болалар шaxмат ўйнадилар, кулолчилик сирларини ўргандилар, компьютер саводхонлигини оширдилар. Тил ўрганиш ва китобхонлик машғулотларида иштирок этдилар. Бу жараёнга юздан зиёд педагог ва мураббийлар жалб этилди.
Оромгоҳлар фақат ҳордиқ чиқариш жойи бўлиб қолмади, у ерларда болалар жамоада ишлашни, бир-бирини қўллаб-қувватлашни, масъулиятни ҳис қилишни ҳам ўргандилар. «Ёш қутқарувчи», «Заковат», «Қувноқ стартлар», «Дўстлик ҳафталиги» каби тадбирлар уларда жамоавийлик ва дўстлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
2026 йил «Болажон» ва «Сармиш» оромгоҳлари учун ҳам алоҳида аҳамиятли бўлди. Ташкил этилганига 65 йил тўлган ушбу масканларда шу пайтгача минглаб ўғил-қизлар ҳордиқ чиқарди.
Навоий шаҳридаги «Фарҳод» маданият саройида ёзги мавсум якунларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Унда Навоий кон-металлургия комбинати раҳбарияти, корхона касаба уюшмаси кенгаши ҳамда «НКМК жамғармаси» давлат муассасаси вакиллари, оромгоҳлар масъуллари ва ташкилотчилар қатнашдилар. Шу жараёнда мавсум якунлари сарҳисоби тингланди ва оромгоҳлар фаолияти бўйича ўтказилган кўрик-танлов натижалари эълон қилинди. Навбаҳор туманидаги Сармишсой дарасида жойлашган «Сармиш» болалар оромгоҳи биринчи ўринни эгаллади. Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида жойлашган «Болажон» оромгоҳи иккинчи, Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ сув ҳавзаси бўйида жойлашган «Паҳлавон» оромгоҳи учинчи ўринларни қўлга киритди.
Тадбирда ғолиб оромгоҳлар ва мавсумни юқори савияда ташкил этишга муносиб ҳисса қўшган фаоллар муносиб тақдирланди. Анжуман доирасида кўргазмалар ҳам ташкил қилинди. Унда болаларнинг қўл меҳнати ва ижодий ишлари намойиш этилди.
«Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси» давлат муассасаси тасарруфидаги оромгоҳлардаги ҳар бир мавсум эзгу мақсадларда ўтказилмоқда.
Санжар ҚУРБОНОВ,
«Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси»
давлат муассасаси Ахборот хизмати раҳбари







