Ўзбек ёзувчиси ўз асаридан бир ойда 238 миллион сўм даромад топди

Ижтимоий тармоқларда ўзбек болалар ёзувчиси Саъдулло Қуроновнинг бир ойда ўз асарлари савдосидан 238 миллион сўмлик тушумга эришгани ҳақидаги хабарни ўқиб, қувондим.

17:30 | 13.10.2026
•
27
Ўзбек ёзувчиси ўз асаридан бир ойда 238 миллион сўм даромад топди
Катталаштириш

Аввало, бу болаларимиз китоб сотиб олаётгани, мутолаага қизиқиш борлигининг қувонарли белгиси. Қолаверса, ижодкорнинг меҳнати муносиб қадр топаётгани ҳам эътиборга молик. Хўш, бу муваффақиятнинг сири нимада? Бу ҳақда «Галактикада бир кун» илмий-фантастик трилогияси муаллифи Саъдулло Қуронов ҳамда «Қамар» китоблар дўкони тармоғи менежерларидан бири, журналист Темур Аъзам билан суҳбатлашдик.

— Уч қисмдан иборат «Галактикада бир кун» илмий-фантастик трилогияси муаллифиман. Асарни 2016 йилда ёзишга киришганман. 2019 йил бошларида илк бор нашр этилиб, сотувга чиқди. Шу пайтгача ўндан ортиқ марта қайта нашр қилинди, — дейди ёзувчи.

Муаллифнинг айтишича, дастлаб асар кенг кўламли тарғиботларсиз, аста-секин ўқувчилар меҳрини қозонган. Кейинчалик унинг айрим парчалари 5–6-синф адабиёт дарсликларига киритилиши, шунингдек, «Ёш китобхон» кўрик-танловининг мажбурий ўқилиши керак бўлган асарлар рўйхатидан жой олиши китобхонлар доирасини янада кенгайтирган.

Трилогиянинг яна бир муҳим жиҳати бор: биринчи қисмни ўқиган болалар воқеалар давомини билиш учун кейинги китобларни ҳам интиқлик билан кутади. Шу тариқа асар атрофида ўзига хос китобхонлар аудиторияси шаклланган.

— Асар мазмунига тўхталадиган бўлсак, бу оддий эртак ёки маиший фантастика эмас, балки коинот ҳақидаги илмий-фантастик асардир. Сюжет, воқеалар ривожи ва қаҳрамонлар характери илм-фан имкониятлари ҳамда илмий гипотезаларга асосланган. Бу ўзбек болалар адабиёти учун янгича йўналиш, деб ўйлайман. Чунки бизда фантастик асарлар бўлса-да, айнан болаларга мўлжалланган илмий фантастика жуда кам эди. Асар бугунги ёшларнинг эҳтиёжи ва дидига мос тушгани учун ҳам яхши кутиб олинди, — дейди Саъдулло Қуронов.

Китобнинг учинчи қисми янги дизайн ва форматда, кенг кўламли маркетинг асосида тақдим этилганидан сўнг савдо ҳажми кескин ошган. Муаллифнинг таъкидлашича, китоб бозорида маркетингнинг ўрни беқиёс. «Қамар» китоблар дўкони тармоғи статистикасига кўра, «Галактикада бир кун» китоблари бир ой 30 кун ичида 7 220 нусхада сотилган. Муаллифнинг айтишича, дўкон вакиллари бу кўрсаткични ўзбек муаллифлари асарлари орасидаги рекорд натижалардан бири сифатида баҳолаган. Илгари бундай юқори савдо кўрсаткичлари, асосан, хорижий адабиёт намуналари ва турк адабиётидан қилинган таржималар ҳиссасига тўғри келар эди.

Шунга қарамай, мазкур натижа ўзбек тилидаги болалар китобига талаб мавжудлигини кўрсатади. Энг муҳими, бу талабни тўғри англаш ва уни қўллаб-қувватлаш зарур.

— Бу натижа менга катта ишонч берди. Энди ёзувчиликни шунчаки ҳобби эмас, балки асосий касбга айлантириб, бутун вақтимни ижодга бағишласам ҳам бўлар экан, деган фикрга келдим. Шундай қилсам, янада кўп ва сифатли асарлар ёзишим мумкин. Аслида, бундай имконият барча адибларимизда бор. Ҳамкасбларим ҳам китоб ёзиш орқали яхши даромад топиш, фақат ижод билан шуғулланиб яшаш мумкинлигини ҳис қилишларини истайман. Уларни ўзбек китоб бозорининг кучига ишонишга, янги-янги асарлар яратишга чақираман, — дейди Саъдулло Қуронов.

«Ўсмирлар учун китобларимиз кам»

«Қамар» китоблар дўкони тармоғи менежерларидан бири, журналист Темур Аъзамнинг фикрича, «Галактикада бир кун» китобининг ўзбек тилидаги асарлар орасида етакчи ўринга чиқиши, аввало, қувонарли ҳолат.

— Асар ўзбек тилидаги китоблар орасида биринчи ўринга чиққани учун жуда қувондик. Биласизми, ўсмирлар одатда қандай китоб ўқишни билмай қолади. Болалар адабиётидан катталар адабиётига ўтиш даврида уларнинг ёши ва қизиқишларига мос келадиган китоблар етишмайди. Катталар учун ёзилган айрим асарлар эса ўсмирлар учун оғирлик қилиши мумкин.Масалан, кўпчилик ўсмирлар «Ўткан кунлар»ни ўқийди. Албатта, бу жуда яхши. Аммо асар тили, воқеалар ривожи ва мазмунини тўлиқ англаб етиш улар учун осон эмас. Саъдулло Қуронов эса айнан шу бўшлиқни маълум даражада тўлдирди, деб айта оламан, — дейди Темур Аъзам.

Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, болалар адабиёти ўзбек китоб бозоридаги энг оғриқли нуқталардан бири бўлиб қолмоқда. Бунинг сабаблари бир нечта: ота-оналарнинг фарзандлари учун китоб харид қилишга етарлича эътибор қаратмаслиги, болалар ва ўсмирлар учун турли жанрлардаги асарларнинг камлиги ҳамда талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносиблик.

— Нимагадир кўп ота-оналар фарзандига китоб сотиб олиб беришга шошилмайди. Талаб бўлса, таклиф ҳам пайдо бўлади. Аммо болалар адабиётига бўлган эътибор ва қизиқиш етарли бўлмагани учун ёзувчилар ҳам бундай асарларни кўплаб яратишга унчалик ошиқмаяпти. Умуман олганда, ўзбек тилида ўқийдиган болалар ва ўсмирлар учун қизиқарли, турли жанрлардаги китоблар етарли эмас.Рус тилида эса болалар ва ўсмирларга мўлжалланган асарлар, турли жанрлардаги китоблар анча кўп. Ҳатто болаларнинг ёши ва қизиқишларига қараб тайёрланган нашрларни ҳам учратиш мумкин. Бизда ҳам шундай китоблар кўпайиши керак, — дейди Темур Аъзам.

Дарҳақиқат, боланинг китобга қизиқиши ўз-ўзидан шаклланмайди. Унга ёшига мос, тили содда, воқеалари қизиқарли ва дунёқарашини кенгайтирадиган асарлар керак. Агар бола китобдан завқ олса, мутолаа унинг учун мажбурият эмас, эҳтиёжга айланади.

Шунинг учун болалар адабиётини ривожлантириш фақат ёзувчиларнинг вазифаси эмас. Ота-оналар, нашриётлар, китоб дўконлари, таълим муассасалари ва мутасадди ташкилотлар ҳам бу жараёнда фаол иштирок этиши зарур.

Феруза РАҲИМОВА,
Ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади
Ўзбек ёзувчиси ўз асаридан бир ойда 238 миллион сўм даромад топди | Ishonch.uz