Ўзбекистонда аёлларнинг тўртдан бир қисми даромадга эга эмас–тадқиқот
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Ўзбекистонда гендер зўравонликка учраган аёллар тажрибасини, ҳимоя ва реабилитация механизмларининг самарадорлигини ҳар томонлама ўрганиш мақсадида сўровнома ўтказди. Унда мамлакатнинг барча ҳудудларидан 867 нафар респондент қамраб олинган. Уларнинг саломатлиги, руҳий ҳолати, оилавий муносабатлари, ёрдам сўраш тажрибаси ва ижтимоий ҳимоя тизими билан ўзаро алоқалари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади.
Йиғилган маълумотларга кўра, аёллар кўпинча психологик ва жисмоний зўравонликка дуч келишади. Аёллар узоқ вақт давомида ва такроран зўравонликка учраб келаётган бўлиб, бу кўпинча болалар ва оиланинг бошқа аъзоларига ҳам таъсир қилади. Тахминан 69 фоиз аёл вазият кескинлашганидан кейингина ёрдам сўраб мурожаат қилади. Бу ахборот тизимларидан фойдаланишда ҳамда ижтимоий ва маданий жиддий чекловлар мавжудлигини кўрсатади.
Ҳал этилмаган масалалардан бири иқтисодий мустақиллик бўлиб қолмоқда. Аёлларнинг тўртдан бир қисми даромадга эга эмас, ҳар учинчиси ўз даромадидан мустақил фойдаланмайди. Бу эса қарамликни кучайтиради ва зўравон муносабатлардан чиқиш имкониятини чеклайди. Шу билан бирга, қарама-қарши қарашлар ҳам мавжуд: аёллар таълим олиш ва иқтисодий фаолликка интиладилар, бироқ уларнинг бир қисмида эркаклар назоратини ва куч ишлатишни оқлайдиган қарашлар сақланиб қолмоқда.
Шунга қарамай, ижтимоий ҳимоя тизими барқарор ва қулай: ҳимоя ордерлари, бирламчи тиббий ёрдам хоналари ва реабилитация марказлари етарлича юқори баҳоланмоқда – қониқиш даражаси бўйича ўртача 4,1-4,4 балл, реабилитация хизматлари кўрсаткичи эса 75,8 фоизни ташкил этади. Аёллар хавфсизлик ҳисси ошганини, ҳуқуқий ва психологик ёрдам олганларини айтишган, реабилитациядан ўтганларнинг 5 фоизи эса зўравоннинг олдига қайтмасликка қарор қилган.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0