Ўзбекистонда меҳмонхона бизнесини бошқарётганларнинг 30 фоизи аёллар

Айни дамда Ўзбекистонда жами 1348 та меҳмонхоналар, хостел, уй меҳмонхоналари каби хизмат кўрсатиш объектлари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 30 фоиздан ортиғини аёллар бошқариб келади.

08:00 | 15.06.2024
521
Ўзбекистонда меҳмонхона бизнесини бошқарётганларнинг 30 фоизи аёллар
Катталаштириш

Бу ҳақда Тошкентда ўтказилган “Марказий Осиё аёллари меҳмонхона бизнесида: замонавий талаблар ва истиқболлар” мавзусидаги халқаро конференцияда айтиб ўтилди.

Тадбирда USAID халқаро ташкилоти, Туризм қўмитаси ҳамда қатор халқаро давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар.

“Меҳмонхона бизнеси туризм салоҳияти тобора ривожланиб бораётган минтақамиз учун катта аҳамиятга эга. Бу соҳада аёлларнинг сафи ортиб бораётгани “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциациясига айни йўналишдаги янги лойиҳани амалга оширишга туртки берди.

Ассоциация USAID халқаро ташкилотининг “Тадбиркорлик ва бизнес муҳитини ривожлантириш” лойиҳаси ҳамкорлигида "Меҳмонхона бизнесидаги аёллар: келажак меҳмондўстлик анъаналари" лойиҳасини амалга оширди.

— Ўзбекистонда Меҳмондўстлик соҳасида рақамлаштириш шулардан иборат: электрон назорат қилиш тизимлари, буларга Jovi, R-kipper тизимлари киради, виртуал ёрдамчилар, booking каби чат ботлар, меҳмонларни ижтимоий тизимда руйхатга олиш, буларга e-mexmon.uz платформаси киради. Маркетинг ва ижтимоий тармоқ буйича бериладиган рекламалар, ҳамда меҳмонхонага хизмат кўрсатиш буйича фирмалар, масалан, чойшаб, ёстиқ кабиларни тикиш, меҳмонхона учун керакли мебель жихозларини тайёрлаш, бугунги кунда ижтимоий тармоқ орқали танлаш ва буюртма бериш мумкин. Бу ҳамманинг вақтини тежайди, — дейди Sky Village меҳмон уйи раҳбари, тадбир иштирокчиси Сохиба Юнусова.

Мазкур лойиҳа меҳмонхона бизнесини бугунги замон талабига мос тарзда бошқариш кўникмаларини ўргатишга қаратилган. Тадбирда эгалланган билимлар иштирокчиларга янги ёндашувлар замонавий менежментга, меҳмонхоналар тизимининг барқарор ривожланишига, унинг фаолияти самарадорлигини оширишга ва янги мижозларни жалб қилишга ёрдам беради.

Маълум бўлишича, лойиҳа доирасида Самарқанд, Андижон вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида 115 нафар хотин-қизлар учун 3 кунлик ўқув семинарлари ташкил этилган. Унда меҳмонхона бизнесига алоқадор - хостел, уй меҳмонхоналарида фаолият олиб бораётган ишбилармон аёллар меҳмонхоналарни замонавий бошқариш кўникмаларига ўргатилди.

Шунингдек, маҳаллий иштирокчилар қаторида Қирғизистон ҳамда Тожикистон Республикаларининг ҳам шу соҳадаги хотин-қизлари иштирок этди. Бу лойиҳанинг аҳамияти қўшни мамлакат ишбилармон доиралари учун ҳам бирдек долзарб эканлигини кўрсатади.

Комила Боймуродова

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади