Тарихнинг сирли саҳифалари: Кустонинг иккинчи касби
Бугунги кунгача франциялик машҳур океанограф Жак Ив Кустонинг Америка разведкасига ишлагани тўғрисидаги савол кўпчиликни қизиқтириб келади. Югославия Федератив Социалистик Республикаси (ЮФСР) ҳам бу жумбоқ жавобини топишга анча уринган.
Югославиялик собиқ аксилразведкачиси Драгомир Иованович ўз мемуарида бу ҳақда ёзган.
1974 йилда “Калипсо – 1” тадқиқот кемаси Андриатика соҳилига яқинлашади. Тегишли рухсат олмасдан аквалангчилар денгиз остида иш бошлаб юборадилар. Манзилга етиб келган соҳил қўриқчи катери ва чегарачилар ноқонуний ишни дарҳол тўхтатиш буйруғини беришади. Кусто улардан норози бўлиб, орқага қайтишга мажбур бўлади.
Бир муддат ўтиб, у Югославия ҳокимиятига расмий мурожаат билан чиқади ҳамда Вис, Млет ва Ластово ороллари атрофида тадқиқот ишлари олиб боришга изн сўрайди. Айнан ўша вақтда ва ўша жойда ЮФСРнинг Ҳарбий-денгиз флоти кемалари жойлашиб олиб, “фаолият” юритаётганди.
Кустонинг маҳаллий ҳокимиятдан яна бир талаби ҳаммасидан ўтиб тушади. У “Калипсо” тўхтаган 30 километрлик радиусда ҳаракатланаётган барча денгиз транспорти воситалари тўғрисида маълумот сўрайди. Аксилтеррорчилар француз океанографининг ғаройиб қизиқишларидан ҳайратланиб, давлат раҳбариятига бу ҳақда хабар беришга мажбур бўладилар. Шундан кейин Кусто Югославия сувлари яқинига йўламаслик талаби билан ҳудуддан бадарға қилинади...
Ҳарбий денгиз мактаби битирувчисининг сувостини ўрганиш эҳтироси 30-йилларда бошланган. Иккинчи жаҳон уруши даврида сувости қўпорувчилари отрядига раҳбарлик қилган. У шахсан Италиянинг Палермо портида амалга оширилган террор амалиётига бош-қош бўлган.
Урушдан кейин ҳам Кустонинг тадқиқотлар ўтказишга қизиқиши сўнмайди, аммо бу ишларни амалга ошириш учун етарли маблағи йўқ эди. Ивановичнинг таъкидлашича, унга АҚШ Ҳарбий денгиз флотидаги таниш разведкачилар ёрдамга келишади. Кўп ўтмай замонасининг олди бўлган махсус “Калипсо-1” кемаси яратилади. Шунинг баробарида Кустонинг Швейцариядаги банк ҳисобрақамига аввалига 100, кейин эса 50 миллион доллар тушириб берилади.
Океанографнинг АҚШ ёки НАТОнинг бошқа мамлакати разведкасига ишлагани тўғрисидаги маълумот ҳамон сир бўлиб қолмоқда. Бироқ, гувоҳларнинг тасдиқлашича, Кустонинг кемасида доим ниҳоятда кўплаб турли-туман мураккаб ускуналар жойлашган, бундан фақатгина тор доира одамларининг хабари бўлган.
Кустонинг бундай ҳамкорликка боргани тахмин қилинса, у ён-атрофидаги сувости кемаларининг ҳаракатланиши, техник хусусиятларидан хабардор бўлганини англаш мумкин. Бундан ташқари, денгиз чуқурлигида ядро чиқиндилари кўмилган жойлар ҳамда ерости бойликлари қидируви билан ҳам шуғулланганини фараз қилиш мумкин.
Дарвоқе, Кусто Беринг бўғозини АҚШ манфаатларига хизмат қилдиришга кўмак беради. 1986 йил кузида “Калипсо – 2” кемаси бу маконга яқинлашиб, экипаж сув остида тадқиқот ишларини бошлаб юборади. Бўғознинг мана шу тор йўлагидан АҚШнинг сувости атом кемалари эркин ҳаракатланиши Москванинг ғашига тегаётган эди. Давлат хавфсизлик хизмати зудлик билан бўғозни ёпиш режасини ишлаб чиқади.
Мазкур воқеадан бироз ўтиб, матбуотда француз геологларининг стратегик табиий хомашё кашф қилгани ҳақидаги хабар тарқалади. Америкаликлар Кусто топган бу бойлик харитаси эвазига бўғозни ёпмасликни сўрайдилар. Ушбу мурожаатга кечиктирмасдан ижобий жавоб олинади...
Куба можароси билан боғлиқ қизиқ ҳикоя бор. 1959 йилги инқилобдан кейин Америка махсус хизматлари Фидел Кастрони ўлдиришга қасд қиладилар. Режага кўра, сув остидан давлат раҳбарининг соҳил бўйидаги вилласига етиб бориш мўлжалланади. Кусто узоқ ўйлаб ўтирмай, бу топшириқни бажаришдан бош тортади, аммо бу амалиётда ўз маслаҳатлари билан қатнашишга розилик беради.
Вақт ўтиб, Кустонинг ўғли Филипп вертолёт фавқулодда ҳалокатга учраши туфайли вафот этади. Таҳлилчилар бу воқеани Куба етакчисини қатл этиш режасининг барбод бўлиши билан боғлашади...
Аброр ХОН
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0