2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон олтин захираларини қарийб 50 тоннага оширган

11:44 | 18.09.2026
19
2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон олтин захираларини қарийб 50 тоннага оширган
Катталаштириш

Бугун Тошкентда Марказий банк мезбонлигида биринчи Халқаро давлат активларини бошқариш форуми — International Public Assets Management Forum 2026 ўз ишини бошлади. Унда Шимолий Америка ва Европа, Форс кўрфази давлатлари, Япония, Сингапур, Жанубий Корея ҳамда Марказий Осиё мамлакатларидан 35 та ташкилотнинг 77 нафар вакили иштирок этмоқда.

Марказий банки раиси Тимур Ишметов тадбирда иштирок этаётган активларни бошқариш ташкилотлари жами 36 триллион доллардан ортиқ активларни бошқаришини маълум қилди. Марказий банклар ва давлат муассасалари тасарруфидаги расмий захиралар эса қарийб 3,4 триллион долларни ташкил этади.

Марказий банк раиси Ўзбекистон иқтисодиётида амалга оширилаётган ислоҳотлар, иқтисодиётни либераллаштириш ва давлатнинг тижорат фаолиятидаги иштирокини босқичма-босқич қисқартириш жараёнларига ҳам тўхталди.

Унинг маълум қилишича, мамлакат иқтисодиёти 2026 йилнинг биринчи ярмида 8,5 фоизга ўсган. Инфляция эса 2018 йилдаги қарийб 20 фоиздан бугунги кунда 6,2 фоизга туширилган. Жорий йилда инфляция ўртача 6,5 фоиз атрофида бўлиши, келаси йилда эса уни 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга тушириш режалаштирилган.

Захиралар 72 миллиард доллардан ортган

Марказий банк раиси ташқи иқтисодий барқарорлик масаласига алоҳида эътибор қаратди.Маълум қилинишича, 1 сентябрь ҳолатига Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 72 миллиард долларни ташкил этган. Бу ҳажм мамлакат импортининг бир йилдан ортиқ қисмини қоплаш имконини беради. 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон олтин захираларини қарийб 50 тоннага оширган. Марказий банк маълумотига кўра, World Gold Council баҳолашида бу дунё марказий банклари орасида йил бошидан буён олтин захиралари ўсиши бўйича иккинчи энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Ўзбекистон захираларининг ўзига хос жиҳатларидан бири мамлакатнинг олтин ишлаб чиқарувчи давлат экани ва олтиннинг захиралар таркибида анъанавий равишда салмоқли ўрин тутиши билан боғлиқ.
Шу билан бирга, Ўзбекистон халқаро стандартлар нуқтаи назаридан нисбатан ёш захира бошқарувчиси ҳисобланади.

Захираларни диверсификация қилиш жараёни

Ўзбекистон 2020 йилда Жаҳон банкининг Reserve Advisory and Management Partnership дастурига қўшилган. 2024 йилда эса захиралар портфелини диверсификация қилиш мақсадида АҚШ хазина облигацияларини биринчи марта харид қилган.Захираларни бошқаришда учта асосий тамойил хавфсизлик, ликвидлик ва даромадлилик устуворлигига амал қилинмоқда.Келгусида портфелни янада диверсификация қилиш — активлар синфи, валюталар ва контрагентлар бўйича таркибни кенгайтириш мақсад қилинган.

Марказий банклар олтин захираларини кўпайтирмоқда

Форумда глобал захиралар таркибидаги ўзгаришларга ҳам эътибор қаратилди.

World Gold Council'нинг сўнгги сўровига кўра, марказий банкларнинг 89 фоизи жаҳон олтин захиралари ошишини, 45 фоизи эса ўз олтин захираларини кўпайтиришини кутмоқда.Шунингдек, марказий банкларнинг тўртдан уч қисми келгуси беш йилда глобал захираларда АҚШ долларининг улуши камайишини тахмин қилган.2025 йил якунига келиб, марказий банклар эгалигидаги олтин қиймати АҚШ хазина облигацияларидан ошиб кетган. Бу расмий захиралар диверсификациясида муҳим босқич сифатида баҳоланмоқда.

Феруза РАҲИМОВА,
Ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

405 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади