400 дан ортиқ компания вакилари бир жойда
Самарқандда АҚШ ва Марказий Осиё бизнес-форуми ўтказилмоқда

19 октябрь куни Самарқанд шаҳрида АҚШ Давлат котиби Марко Рубио бошчилигидаги Америка делегацияси ташрифи доирасида «C5+1» форматидаги тадбирларнинг ишбилармонлик дастурини очиб берувчи «Welcome & Orientation» кириш сессияси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Америка–Ўзбекистон савдо палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ҳукуматлари аъзолари, етакчи халқаро компаниялар ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.

Мулоқот давомида Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик кўлами изчил кенгайиб бораётгани таъкидланди. Тадбирда 400 дан зиёд компания вакиллари, жумладан, АҚШнинг 100 дан ортиқ, Марказий Осиё мамлакатларининг 100 та ҳамда Ўзбекистоннинг 200 та етакчи корхонаси иштирок этмоқда. Спикерлар қўшма инвестициявий лойиҳаларни илгари суриш, илғор технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан хорижий ҳамкорларга аниқ ва манзилли кўмак кўрсатишга, жумладан, истиқболли ташаббусларни биргаликда олиб борувчи ихтисослаштирилган бўлинмалар ва алоҳида бириктирилган менежерлар орқали амалий ёрдам бериш имконияти мавжудлиги қайд этилди.
АҚШ Савдо вазири ёрдамчиси Дэвид Фогель ҳамда АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарлари — Рафаэль Сантана («Wabtec»), Женни Жонсон («Franklin Templeton»), Марк Кристофф («Traxys») ва Девеш Шарма («Aquatech») минтақанинг ишбилармонлик салоҳияти ва истиқболлари бўйича ўз қарашлари, фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Иштирокчиларга олтита соҳавий йўналиш бўйича тадбирлар дастури тақдим этилди: рақамли технологиялар, таълим ва соғлиқни сақлаш, минерал ресурслар ва тоғ-кон саноати, энергетика ва транспорт инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик, молия ва инвестициялар.
Кириш сессияси келгуси ишбилармонлик дастурининг устувор йўналишларини белгилаб берди — бу савдо алоқаларини кенгайтириш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ўртасида узоқ муддатли шериклик муносабатларини шакллантиришдан иборат.
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
Жамият





