37 та ажрим. Ҳар куни...
Узоқ йиллар бир том остида яшаган, бир дастурхон атрофида ўтирган, фарзандларининг келажаги ҳақида ширин орзулар қилган эр-хотин тўсатдан бир-бирига бегона бўлиб қолмайди. Бундай низолар ойлар, йиллар мобайнида рўй берадиган ҳодиса. Оилада аввал тушунмовчилик юзага келади. Секин-аста ўзаро суҳбатлар қисқаради. Шу тариқа меҳр ўрнини эътироз, ишонч ўрнини шубҳа эгаллаб, можаролар келиб чиқади.
Шу босқичда муаммо ижобий ҳал этилса, нур устига нур, акс ҳолда, оддий келишмовчилик низога, низо ажримга, айрим ҳолларда эса фожиага айланиши ҳеч гап эмас. Демак, ажрим ҳақидаги суд қарори аслида бир кунда қабул қилинган қарор эмас, балки йиллар давомида йиғилиб келган муаммоларнинг ҳуқуқий жиҳатдан якун топишидир…
Статистика қўмитаси яқинда эълон қилган маълумотларга кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида мамлакатимизда 24,8 мингта ажрим қайд этилибди. Бу ҳар куни ўртача 137 та оиланинг расман парчаланганини англатади. Ҳар бир рақам ортида эса оила, инсон тақдири, ачинарлиси, руҳий тушкунлик, тирик етим болалар бор.
Тўғри, ҳамма ажримни ҳам фожиа деб баҳолаб бўлмайди. Оилада доимий ҳақорат, тазйиқ ёки зўравонлик ҳукм сурса, уни қандай қилиб бўлмасин, сақлаб қолишга уриниш адолатдан эмас. Зеро, гап инсон тақдири хусусида бормоқда. Бундай вазиятда биринчи вазифа жабрланувчини ҳимоя қилишдир. Аммо йил сайин ажримлар ортиб бораётгани биз ҳали-ҳамон сабаблар қолиб, оқибатлар билан курашиб ётганимиздан далолат беради.
Хўш, нима учун бир оилавий муаммони, асосан, у суд эшигига етганда ёки қандайдир фожиа юз бергандагина кўра бошлаймиз?
Аслида, оилавий инқирозларнинг ягона ва тугал сабаби йўқ. Уни давр ўзгариши, қадриятларга путур етиши ёки иқтисодий қийинчиликлар билан изоҳлаб бўлмайди. Баъзи оилаларни ишсизлик емирса, бошқаларини қарздорлик ёки уй-жой муаммоси издан чиқаради. Кимдир меҳнат миграцияси туфайли оиласидан узоқлашади, яна бошқаси қариндош-уруғининг ортиқча аралашуви сабабли тинчлигини йўқотади. Руҳий босим, бир-бирини эшитмаслик, масъулиятсизлик, мулоқот маданиятининг етишмаслиги ҳам кўплаб можароларга замин ҳозирлайди. Хуллас, ҳар бир оиланинг дарди ўзига хос. Лекин ажрим ёқасидаги оилаларнинг барчасини бирлаштириб турадиган битта умумий жиҳат бор, у ҳам бўлса, муаммо ўз вақтида бартараф этилмаган.
Биз тўйга никоҳдан кўра, жиддийроқ тайёргарлик кўрамиз. Тантанали маросим учун ойлаб режа тузамиз, катта маблағ сарфлаймиз, энг яхши ресторан қидирамиз. Аммо эр-хотин муносабати қандай қурилади, келишмовчилик қандай ҳал этилади, оилада масъулият қандай тақсимланади, низо келиб чиқса, уни қандай енгиш мумкин, деган саволлар кўпинча муҳокама қилинмайди. Ваҳоланки, никоҳ бир кунлик байрам эмас, бир умрлик масъулиятдир. Энг ачинарлиси шундаки, оиладаги ҳар бир можаронинг энг оғир оқибатини, одатда, болалар тортади.
Судда эр-хотиннинг мулки бўлинади, алимент миқдори белгиланади, ҳуқуқий масалалар ҳал қилинади. Аммо боланинг қалбида пайдо бўлган бўшлиқни ҳеч нарса тўлдиролмайди. Доимий жанжал муҳитида улғайган бола хавфсизлик ҳиссини йўқотади. Ота-онасининг бир-бирига муносабати унинг руҳиятига таъсир кўрсатади. Шундай экан, ҳар бир ажрим ортида, аввало, инсон тақдири турганини унутмаслик керак.
Кейинги йилларда мамлакатимизда оилани қўллаб-қувватлаш бўйича катта тизим шакллантирилди. Маҳалла институтининг ваколатлари кенгайтирилди, «маҳалла еттилиги» фаолияти йўлга қўйилди, хотин-қизлар фаоллари, ижтимоий ходимлар, профилактика инспекторлари, ёшлар етакчилари каби тузилмаларнинг ўзаро ҳамкорлиги кучайтирилди. Бунинг барчаси бир мақсадга – оилавий муаммоларни эрта аниқлаш ва уларга ўз вақтида ечим топишга хизмат қилиши лозим эди. Бироқ…
Хўш, ушбу тизим оилада муаммо энди пайдо бўлаётган пайтда ишга тушяптими? Ёки масъуллар эр-хотин судга мурожаат қилганидан кейингина фаоллашяптими?
Таассуфки, реал ҳолат бундай чора-тадбирлар эр-хотин муносабатлари совиб бўлган, ўзаро ишонч йўқолган, икки томон ҳам ўз қарорини деярли қабул қилиб бўлгач, яъни судгача етиб келгандан сўнг амалга оширилаётганини кўрсатмоқда. Бундай вазиятда эса муаммони ҳал қилишнинг деярли имкони йўқ. Қандайдир комиссиялар тузиш ёки навбатдаги йиғилишларни ташкил этишдан кўра, мавжуд имкониятларни айнан профилактикага йўналтириш кўпроқ самара беради.
Ҳа, оила ҳар кимнинг шахсий ҳудуди ҳисобланади. На маҳалла раиси, на профилактика инспектори, на бошқа бирор идора эр-хотиннинг ҳаётига аралашишга ҳақли эмас. Шу мънода ажримлар кўлами ортиб боришида маҳалла институтини айблаш адолатдан эмас. Аммо маҳалла азалдан одамлар дардига энг яқин ижтимоий идора бўлиб келган. Қўни-қўшнининг аҳволини, оиланинг кайфиятини, хонадондаги муҳитни айнан маҳалладошлар яхши билишади. Демак, муаммо юзага келганда ёрдамга ошиқиш, аввало, шу тизимнинг вазифаси ҳисобланади.
Оилани мустаҳкамлаш ҳақида гап кетганда, яна бир муҳим масалани четлаб ўтиб бўлмайди. У ҳам бўлса, фаолиятни баҳолаш мезони.
Бугунги ҳисоботларда ўтказилган давра суҳбатлари, семинарлар, профилактик тадбирлар, ўрганилган хонадонлар, йиғилишлар ҳақида кўп гапириляпти. Биз бу ишлар керак эмас, дейишдан йироқмиз. Албатта, уларнинг ҳар бири муайян аҳамиятга эга. Айни чоғда бир ҳақиқатни тан олайлик: қуруқ ҳисоботу тадбирлар билан натижага эришиб бўлмайди. Масалан, бир маҳаллада ўнлаб учрашув ўтказилган бўлиши мумкин. Лекин ўша маҳаллада оилавий низолар камаймаган, психологик ёрдамга муҳтож инсонлар ўз вақтида қўллаб-қувватланмаган, ажримлар аввалгидек давом этаётган бўлса, ура-урачиликка асосланган тадбиру йиғилишлардан нима наф?
Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда барча соҳаларда фаолиятга «натижадорлик» тамойили асосида баҳо бериш зарурлигини қайта-қайта таъкидламоқда. Маҳалладаги мутасаддилар ҳам ўзларига «Нечта ёш оила ўз вақтида психолог қабул қилгани учун ажримдан қайтди? Нечта низо маҳалланинг ўзида муроса йўли билан ҳал этилди? Нечта оилага иқтисодий ёки ижтимоий ёрдам кўрсатилгандан кейин можаро барҳам топди? Қанча фарзанднинг тирик етим бўлиб қолиши олди олинди?» деган ҳақли саволларни бериши зарур. Бу борадаги кўрсаткичлар ҳар қандай тизимнинг ҳақиқий самарадорлигини кўрсатади.
Тўғри, баъзан барча масъулият маҳалла зиммасига юкланади. Бу ҳам адолатдан эмас. Чунки маҳалла ходимлари камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя, хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаш, турли реестрлар ва «дафтар»ларни юритиш, мурожаатларни кўриб чиқиш каби ўнлаб вазифаларни бажармоқда. Бундай шароитда эса ҳар бир хонадон билан мунтазам ишлаш осон эмас. Шунинг учун психолог, ижтимоий ходим, хотин-қизлар фаоли, зарур ҳолларда тиббиёт ва таълим муассасалари вакилларининг ҳамкорлиги зарур.
Зеро, оила муаммоси битта соҳанинг муаммоси эмас, у ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳалари кесишган нуқтадир. Энг муҳими, оила билан ишлашда «ҳаммага бир хил ёндашув» тамойили ўзини оқламайди. Оддий келишмовчиликка муроса ва маслаҳат етарли бўлиши мумкин. Иқтисодий қийинчиликка ижтимоий кўмак керак бўлади. Руҳий муаммога психолог ёрдами зарур. Аммо зўравонлик мавжуд ҳолатларда асосий вазифа оилани ҳар қандай йўл билан сақлаб қолиш эмас, балки жабрланувчининг хавфсизлигини таъминлашдир. Ана шундагина «оилани асраш» деган тушунча ҳақиқий мазмун касб этади. Ҳар ҳолда, меҳр йўқ, қўрқув ҳукм сурган оилани мустаҳкам оила деб бўлмайди. Бола учун ҳам доимий ҳақорат ва зўравонлик ичидаги «тўлиқ оила»дан кўра, тинч ва хавфсиз муҳит муҳимроқ. Шундай экан, оила сиёсатида асосий мақсад ҳар қандай никоҳни сақлаб қолиш эмас, балки соғлом муносабатларни қўллаб-қувватлаш, муаммони эрта аниқлаш зарур. Балки шунда ажримлар сони қисқарар…
Ғуломжон Мираҳмедов,
ishonch.uz



Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0