Олий таълим олиш машаққати: бир ойда бир талабага қанча пул керак?

Ўзбекистондаги олий таълим масканларида ўқув йили бошланганига кўп бўлмади. Айни пайтда пойтахт ва марказий шаҳарлар талабалар билан тўлиб-тошган. Айниқса сўнгги йилларда уларнинг сони кескин кўпайди ва жамият ҳаётига янада кучлироқ таъсир кўрсатмоқда. Биз эса яна актуал мавзуни кўтарамиз: юртимизда, хусусан Тошкентда битта талаба бир ойда қанча харажат қилади? Қуйидаги кичик тадқиқотимизда бу масалани кўриб чиқамиз.

14:02 | 28.09.2026
•
23
Олий таълим олиш машаққати: бир ойда бир талабага қанча пул керак?
Катталаштириш

Контракт

Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда талабалар сони 1,5 миллион нафардан ошган. Бу олий таълим олиш йилдан йилга жиддий заруриятга айланиб бораётганини кўрсатади. Талаба фақатгина илм олувчи эмас, тадбиркорликни, турли соҳаларни ҳаракатланиб турувчи қатламдир. Дастлаб энг муҳим масалалардан бири тўлов-контракт масаласидан бошласак: давлат гранти асосида ўқийдиган талабаларнинг улуши жуда кам. 90 фоиз (ёки ундан кўпроқ) ҳолатларда талаба шартнома асосида ўқишга мажбур. Бугун тўлов-контракт суммалари текис эмас, улар ОТМ ва йўналишга қараб жиддий фарқланади. Педагогика, санъат, муҳандислик каби йўналишлар нисбатан арзон, ҳуқуқшунослик, дипломатия, молия каби соҳалар эса қиммат саналади. Ўртача ҳисобда энг кам шартнома суммалари 7,5 млн сўмдан бошланиши мумкин (стипендиясиз). Стипендияли ҳолатда эса бу рақам қарийб икки баробарга кўпаяди. Агар ўртача миқдорни оладиган бўлсак, бу рақам тахминан 9-10 млн сўмни ташкил этиши мумкин. Бу ойига 833 минг сўмдан деганидир.

Ижара

Тўлов-контракт масаласи ҳал этилгандан сўнг, иккинчи асосий масала билан юзлашамиз: турар жой муаммоси. Бунда икки хил вазият бор. Яъни талаба арзон тўлов эвазига ётоқхонага ҳам жойлашиши мумкин. Шунингдек, Тошкентда яшайдиган талаба билан Гулистонда (мисол учун) ижара тўловида жиддий фарқ бор. Агар кенг тарқалган тўлов усулини олсак, талаба 4-5 та шериклари билан икки хоналик уйда истиқомат қилиши мумкин. Агар беш киши бир бўлиб, 300-350 долларлик квартирани ижарага олишса (балки ундан ҳам қимматроқ уй олиниши мумкин албатта), тақрибан 700-800 минг сўмдан тушади. Талабаларга ижара пулини компенсация сифатида тўлайдиган тизим ҳам бор, аммо бу аввало муҳтож ва кам таъминланганлар учун ишлайди.

“Қорин масаласи”

Талабалар энг кўп эътибор қаратадиган ва кўп “тренд”га чиқадиган харажатга етиб келдик. Бу озиқ-овқат ва овқатланиш масаласидир. Талабалар ҳафталар ҳеч нарса емаслиги ва битта “Роллтон” билан яшаб юриши, албатта бирмунча ҳазил саналади. Улар ёзда таътилга кетса деярли бўшаб қоладиган дўкон ва супермаркетлар пойтахтда талайгина. Иқтисодиёти толибларга суянадиган катта ҳудудлар бор (масалан, Талабалар шаҳарчаси). Бугунги талаба – ўзини хафа қилмайдиган ўқимишли шахс. Шерикчилик асосида яшовчилар бир ойлик рўзғорликка камида 700-800 минг сарфлаши мумкин. Бундан ташқари бир кунда камида бир марта кўчадан овқатланади. Шу сабабдан бир ойлик овқатланиш харажатларига бемалол 1,5 млн сўм ажратса бўлади.

Йўлкира

Бугунги бўлажак олий маълумотли шахс автобусдан ташқари тез-тез таксилардан фойдаланиб туради. Ҳатто ўқишга шахсий автомобилида қатновчи талабалар ҳам бор. Камтарроқ толиби илмларни ҳам рўйхатга қўшган ҳолатда транспорт харажатларига ҳам камида 200-250 минг сўмни қўшишни лозим кўрдик (кўпчилик вилоятда яшайди, байрамлар ва таътилларда оилани кўриб келишга ҳам қўшимча харажат қилинади).

Кийиниш

Кийиниш масаласи ҳам мақоламиз қаҳрамонлари учун приципиал саналади. Юртимизда ҳар фаслнинг ўз таровати бор. Қишдаги кийимни ёзда кийиб юриб бўлмайди, албатта. Талабалар ҳам йилига камида 2-3 марта яхшилаб кийим учун қайғуришга мажбур. Бир талаба камида 2 млн сўмдан ошиқ пулни кийимга сарфлайди десак, бу ойига 180-200 минг сўмлардан тушади.

Алоқа

Интернет ва уяли алоқа масаласи. Талабаларни интернет ва мобил алоқасиз мутлақо тасаввур қилиб бўлмайди. Айниқса ҳозирги ахборот, ИТ ва сунъий интеллект асрида бунинг иложи йўқ. Таълим жараёнлари бевосита интернет билан боғланган. Шу сабабдан бунга ҳам камида 150 минг сўм пул ажратилмаса бўлмайди.

Майда-чуйда

Маданий ҳордиқ ва бошқа кутилмаган харажатларга келсак. Биз юқоридаги санаганлар ўта муҳим ва муқобилсиз харжлар эди. Лекин ҳамма нарса улардан иборат бўлмайди. Талаба албатта, дам олишга, сайрга, айланишга боради. Бусиз талабалик талабалик эмас. Ёки кутилмаган харажатлар (дори-дармон ва бошқа нарсалар) чиқиб қолмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Шу сабабдан талабамиз камида 200 мингни бир чеккага қора кун учун сақлаб қўйиши айни муддао саналади.

Юқоридаги барча сонларни яхлитлаб чиқсак, қуйидаги манзара ҳосил бўлади: ўртача ҳолатда бир толиби илмнинг ойлик харажати учун камида 3,6 млн сўм зарур экан (бугунги курсда тақрибан 300 АҚШ доллари). Бундан 3-4 йил аввал ушбу мавзудаги хомчўтимиз 2,6 млн сўмни кўрсатган эди. Албатта, 4 йил ичида кўп нарсалар ўзгарди. Яна бир омил: бу суммадан анча кам миқдор ҳам талабага етиш мумкин. Масалан у давлат грантида ўқиса, ётоқхонада яшаса, пиёда қатнаса, еб-ичиш ва маданий-кўнгилочар тадбирлардан ўзини чекласа... Аммо биз бугун бозор иқтисодиётида яшаяпмиз, айниқса шаҳарларда истиқомат қилувчиларнинг харажатлардан узоқ юришини тасаввур қилиш жуда қийин.

Таъкидлаш керакки, нархлар статистик тадқиқотларга эмас, ҳаётий кузатувлар ва сўровларга асосан шакллантирилган. Умуман, бу борада бирор расмий тадқиқот олиб борилгани маълум эмас. Демак, бугун олий таълим олиш шунчаки оддий билим олиш жараёни эмас, суронли ҳаётнинг бир қисмига айланди. Мактабни битираётган, университетларга ҳужжат топшириш ниятида юрганлар иқтисодий омил ҳақида ҳам жиддий бош қотиришлари реал заруриятга айланмоқда. Чунки аввал бегона шаҳарга ўқишга борган талабаларга уйдагилари кўпроқ ёрдам берган, сумка тўла жўнатмалар, пуллар ҳақида биламиз. Ҳозирда бу ёрдамлар камайиб бормоқда, чунки жамият трансформация кучаймоқда. Баъзида талабанинг ўиз ишга кириб, уйидагиларга ёрдам бериши ҳолатларини кўпроқ учратмоқдамиз.

Бизнинг мақоламиз мутлақ ҳақиқатга даъво қилмайди. Аммо ундаги фактлар ва рақамлар оз бўлсада, бугунги реалликни очиб бера олишига умид қилиб қоламиз.

Аброр Зоҳидов

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади