СТРЕССЛИ ҲАЁТДА ўзингизни асраб қолиш учун оддий одатлар
Тиббий нуқтаи назардан қарасак, асабийлик организмнинг ташқи ўзгаришлар ва хавф-хатарларга нисбатан табиий реакциясидир. Меъёрида бўлса, диққатни жамлаш ва муаммоларни тезроқ ҳал қилишга ёрдам беради. Аммо ҳозир одамлар кўпинча сурункали стресс ҳолатида яшайди.

Мия ҳар бир ўтказиб юборилган қўнғироқ ёки бажарилмаган топшириқни гўёки хавф-хатар сифатида қабул қилиб, организмда стрессга жавоб реакциясини ишга туширади. Бу ҳолат ойлар ва йиллар бўйи давом этса, организмнинг захиралари сусайиши мумкин. Оқибатда ухлаш ва овқатланиш тартиби бузилади, иш унумдорлиги пасаяди, диққатни жамлаш қийинлашади. Жаҳлдорлик, сабабсиз безовталик ва эмоционал сўниш пайдо бўлади, соғлиқ билан боғлиқ муаммолар кучаяди.
Хўш, стрессни қандай назорат қилиш мумкин? Балки унга чидамлиликни шакллантириш керакдир?
Ҳа, айнан шундай. Муаммолардан қочиш эмас, балки уларга нисбатан соғлом муносабатни шакллантириш муҳим. Стрессни бошқариш ва унга чидамлиликни ошириш учун кундалик ҳаётимизга бир нечта оддий, аммо фойдали одатларни киритиш лозим.
Кунни ижтимоий тармоқлар ва янгиликлар лентасини варақлашдан бошламасликка ва шу тариқа якунламасликка ҳаракат қилинг. Камида бир-икки соатни рақамли қурилмалардан холи ўтказиш мияга дам олиш ва ахборотни қайта ишлаш имконини беради.
Ҳаммага «Ҳа» дейиш ҳам руҳий толиқишга олиб келиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Шунинг учун шахсий ва вақт чегараларингизни белгилаш, зарур ҳолларда мулойимлик, аммо ишонч билан «Йўқ» дейишни ўрганиш керак.
Жисмоний фаоллик ҳам стрессни бошқаришда муҳим ўрин тутади. Очиқ ҳавода сайр қилиш, енгил машқларни бажариш ёки севимли спорт тури билан шуғулланиш кайфиятни яхшилашга ёрдам беради. Шу билан бирга, кун давомида 10-15 дақиқа телефонсиз, мусиқасиз, шунчаки сукунатда ўтириш учун вақт ажратиш ҳам фойдали.
Тиниқиб ухлаш эса руҳий ва жисмоний саломатликнинг муҳим асосларидан биридир. Ҳар куни бир хил вақтда ётиш ва бир вақтда туришга ҳаракат қилинг. Кечқурун китоб ўқинг, илиқ душ қабул қилинг ёки сокин ва тинчлантирувчи мусиқа тингланг.
Замонавий дунёда доимо банд бўлиш ва шошилиш муваффақият белгисидек кўринади, аммо самарали ҳаёт фақат кўп ишлашдан эмас, балки ички мувозанатни сақлашдан бошланади. Руҳий хотиржамлик инсонга қийинчиликларни енгиб ўтиш билан бирга, ҳаётдан завқ олиб яшаш имконини ҳам беради.
Самолётда хавфсизлик қоидаларига кўра, кислород ниқобини аввал ўзингизга, сўнг ёнингиздагиларга тақиш тавсия этилади. Руҳий ва жисмоний соғлиққа эътибор қаратиш ҳам худди шундай. Зеро, аввало, ўзимизга ғамхўрлик қилсак, шунда атрофдагиларга ҳам кўпроқ нафимиз тегишини англашимиз шарт.
Шоҳсанам НИЁЗМЕТОВА,
Республика ўрта
тиббиёт ходимларининг
малакасини ошириш ва
уларни ихтисослаштириш маркази
Урганч филиали ўқитувчиси
Ishonch.uz






