Америкада олий маълумотли ёшлар иш топишда қийналмоқда
АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида 22–27 ёшли олий маълумотли ёшлар орасида ишсизлик даражаси олий маълумоти бўлмаган тенгдошлариникидан юқори бўлди. Бу ҳолат 2011 йилдан бери биринчи марта кузатилмоқда.

New York Post нашрининг хабарига кўра, олий маълумотли 22–27 ёшлилар орасида ишсизлик даражаси 7,3 фоизни ташкил этган. Олий маълумоти бўлмаган тоифа орасида эса бу кўрсаткич 7,1 фоизга тенг бўлган.
Мутахассислар меҳнат бозоридаги ўзгаришларнинг эҳтимолий сабабларидан бири сифатида сунъий интеллектнинг кенг тарқалишини кўрсатмоқда. Хусусан, илгари олий маълумот ва махсус малака талаб қилинган айрим офис касбларидаги вазифаларни автоматлаштириш имкониятлари ортиб бормоқда. Иш берувчиларнинг янги ходимларни ёллашда эҳтиёткорлиги ҳам вазиятга таъсир кўрсатаётган омиллардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Шу билан бирга, бу рақамлар олий маълумотнинг меҳнат бозоридаги аҳамияти бутунлай йўқолганини англатмайди. Аммо улар дипломнинг ўзи иш топишни кафолатламаслиги, замонавий меҳнат бозорида амалий кўникмалар, касбий тажриба ва янги технологияларга мослаша олиш қобилияти ҳам муҳим аҳамият касб этаётганини кўрсатади.







