+33C

+33C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш
Маданият ва маърифат
75 11:20 | 11.06.2026 11:20
  • Ўзбекистонда қон сотиладими?
  • Қоннинг сунъий муқобили ҳалигача яратилмаган
  • Бир донор икки нафар беморга ёрдам бериши мумкин
  • Ўзбекистонда ҳар минг аҳолидан атиги 10 нафари донор
  • Қон топшириш орқали касаллик юқадими?
  • Нега қон захиралари доимий равишда тўлдирилиши керак?
  • Нега чақалоқларда ҳам гематологик касалликлар учрамоқда?
  • Лейкоз эрта аниқланганда ҳаётни сақлаб қолиш мумкинми?
  • Гемоглобини 30 гача тушган болалар нега кеч олиб келинмоқда?


Бугунги кунда мамлакатимизда қон ва унинг компонентларига бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Замонавий тиббиётдаги жарроҳлик амалиётлари, онкологик ва гематологик касалликларни даволаш протоколларининг мураккаблашуви қон хизмати тизимига бўлган талабни янада оширмоқда. Шу билан бирга, донорлик маданияти босқичма-босқич ривожланиб бораётган бўлса-да, соҳа олдида ҳал қилиниши лозим бўлган бир қатор муҳим масалалар ҳам сақланиб қолмоқда. Республика қон қуйиш маркази, донорлар бўлими мудири Мукаррам Пўлатова билан суҳбатлашдик.



Мукаррам Набиевна, бугунги кунда бутун республика бўйича қон захиралари ҳолати қандай? Мавжуд эҳтиёж тўлиқ қопланяптими?

— Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, мамлакатда қон ва унинг компонентларига бўлган эҳтиёжни тўлиқ қоплаш учун ҳар минг нафар аҳолининг ўртача 30 нафари донор бўлиши лозим. Бизда эса 2025 йил якунига келиб бу кўрсаткич ҳозирча 10 нафарни ташкил этмоқда.


Бу натижага бир кунда эришилгани йўқ. Масалан, 2007 йилда ҳар минг аҳолидан атиги 4 нафари донор бўлган. Кейинги йилларда ҳукуматимиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва қон хизмати ходимлари томонидан жуда катта ишлар амалга оширилди.


Аввало, республикадаги қон хизмати тизими тўлиқ модернизация қилинди. Совет давридан қолган эски ускуналар замонавий стандартларга жавоб берадиган жиҳозларга алмаштирилди. Қон олинадиган пакетлардан тортиб, уни беморга етказишгача бўлган барча жараён янгиланди.


Иккинчи муҳим йўналиш — донорликни ривожлантириш бўлди. Илгари тарғибот ишлари асосан 14 июнь — Халқаро донорлар куни арафасида олиб бориларди. Ҳозир эса йил давомида корхоналарда, маҳаллаларда, олий ўқув юртларида ва ҳатто мактабларда ҳам донорликнинг аҳамияти ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.


Шу билан бирга, пандемия давридан кейин ҳам донорлар сони ошди. Кўпчилик қон топширгандан кейин ўзини енгил ва яхши ҳис қилаётганини айтиб келмоқда. Айрим донорлар икки ойлик танаффус тугашини интиқлик билан кутишади. Улар: «Мен савоб иш қиляпман, қоним кимгадир керак», деб келадилар. Бу албатта қувонарли ҳолат.


Бугунги кунда нафақат Республика қон қуйиш марказида, балки вилоятларда ҳам қон захиралари тўпланмоқда. Лекин бошқа томондан эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда. Мамлакатимизда янги жарроҳлик амалиётлари жорий этилмоқда, онкологик ва гематологик касалликларни даволаш протоколлари мураккаблашмоқда.


Жигар, буйрак ва суяк илиги трансплантацияси каби операциялар кенгаймоқда. Бу эса қон ва унинг компонентларига бўлган талабни янада оширмоқда.


Шунинг учун қон тайёрлангани сари унга бўлган эҳтиёж ҳам ўсиб бормоқда. Ҳозирча ҳар минг аҳолига 10 нафар донор тўғри келади. Аммо янги Президент қарорига мувофиқ, 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 30 нафарга етказиш мақсад қилинган.




— Аҳоли орасида донорлик ҳақида қандай нотўғри қарашлар сақланиб қолмоқда?

— Тарғибот ишлари доимий олиб борилаётганига қарамай, баъзи одамларда ҳали ҳам нотўғри тушунчалар бор.


Масалан, кўпчилик «Қон топширсам, мазам қочади» деб ўйлайди. Аслида донорликка тўғри тайёргарлик кўриш керак. Яхши ухлаб келиш, енгил овқатланиш ва кўпроқ суюқлик ичиш муҳим. Оч қоринга келиш ҳам, ёғли ёки сутли маҳсулот истеъмол қилиш ҳам тавсия этилмайди.


Яна бир кенг тарқалган хавотир — қон топшириш жараёнида касаллик юқиб қолиши мумкинлиги ҳақида. Бу мутлақо асоссиз. Бугунги кунда қон хизмати тизимида инсон терисига тегадиган барча воситалар бир марта ишлатиладиган стерил асбоблардир.


Ҳатто таҳлил учун олинадиган пробиркалар ҳам бир марталик. Шунинг учун донор қон топшириш орқали ҳеч қандай касаллик юқтириб олмайди.


Аксинча, қон топшириш инсон учун қўшимча тиббий текширув имкониятини ҳам яратади. Ҳар бир донор қони В ва С гепатити, ОИВ инфекцияси, захм, бруцеллёз, жигар кўрсаткичлари, қон гуруҳи ва резус-омили бўйича текширилади.




— Кимлар донор бўла олади?

— 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган, вазни 50 килограммдан юқори ва ўзини соғлом деб ҳисоблайдиган ҳар қандай Ўзбекистон фуқароси донор бўлиши мумкин.


Чет эл фуқаролари ҳам Ўзбекистонда камида уч ой расмий рўйхатдан ўтиб яшаган бўлса, донорлик қилиши мумкин.




— Қайси қон гуруҳларига эҳтиёж юқори?

— Энг катта муаммо резус-манфий қон гуруҳлари билан боғлиқ.


Аҳолининг тахминан 85 фоизида резус-мусбат, 15 фоизида эса резус-манфий қон мавжуд. Айниқса биринчи гуруҳ резус-манфий қон доимий эҳтиёжда.


Бугунги кунда ҳомиладорлик давридаги резус-конфликт ҳолатларини даволаш амалиётлари жорий қилинган. Бундай ҳолатларда она қорнидаги болага махсус қон қуйиш амалга оширилади. Бу муолажа учун айнан биринчи гуруҳ резус-манфий қон керак бўлади.


Бу қон бир кунлик бўлиши, махсус қайта ишланиши ва қўшимча стерилизациядан ўтказилиши лозим. Шу сабабли мазкур қон турига эҳтиёж жуда юқори.



— Қоннинг сунъий муқобили борми?

— Йўқ. Ҳозирча инсон қонининг барча вазифаларини бажара оладиган сунъий маҳсулот яратилмаган.


Қон бир вақтнинг ўзида кислород ташийди, иммунитетни таъминлайди, ҳароратни бошқаради, қон ивишида иштирок этади. Бу вазифаларнинг барчасини бирлаштирган универсал восита ҳозирча мавжуд эмас.


Шунинг учун донор қонининг ўрнини босадиган манба йўқ.




— Доимий донорлар қандай рағбатлантирилади?

— Ҳаёти давомида камида 40 марта қон ёки 60 марта плазма ва бошқа компонентлар топширган фуқароларга «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони берилади.


Улар ҳар йили Халқаро донорлар куни муносабати билан тақдирланади. Шунингдек, давлат томонидан беш баравар базавий ҳисоблаш миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади.


Бундан ташқари, жамоат транспортидан бепул фойдаланиш, навбатсиз санаторий йўлланмалари олиш, меҳнат таътилини ўз хоҳишига кўра белгилаш каби имтиёзларга ҳам эга бўладилар.




— Бир донорнинг қони неча нафар инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин?

— Камида икки нафар инсон ҳаётини сақлаб қолади.


Агар қондан максимал даражада компонентлар ажратилса, бир дона донор қонидан эритроцит массаси, плазма, криопреципитат ва тромбоконцентрат тайёрланади.


Бу ҳолда бир донорнинг қони тўрт нафар беморга ёрдам бериши мумкин.




Қон сотиладими?


— Ҳа, албатта. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган калькуляция бор. Ҳозир хусусий тиббиёт масканлари жуда кўп. Улар ҳам сотиб олади. Беморнинг қариндош-уруғлари яқини учун қон топширгани билан биз барибир қонга муҳтожмиз!


Беморга қон зарур бўлса, шифокорлар доимо қон марказига йўналтирадилар, заҳира тайёрлаб қўйиш керак дейишади ва беморнинг қариндошлари келиб топширади.




Қариндошлар қон топширса, беморга бепул бериладими?


— Ҳа, мана шундай ҳолатларда бепул берилади. Лекин шундай ҳолатлар борки, қариндош-уруғи йўқ дейди ёки топширгиси келмайди ёки ўша айтганимдек қўрқув ҳолатлари бўлади. Мана шундай пайтда кассага тўлов қилиб, қон сотиб олади. Яна битта муҳим жиҳатни унутмаслик керак, гоҳида тезкор шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож беморга қон зарур бўлса, унга ўйлаб ўтирилмасдан қон қуйилади.


Бундай вазиятларда захира қон мавжуд бўлади. Агар захира етарли бўлмаса, қон марказлари билан зудлик билан боғланилади.


Бизнинг тизимда барча қон марказлари 24/7 режимида ишлайди, доимий алоқа рақамлари мавжуд. Мурожаат қилинади, қон олинади ва қуйилади — беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун барча чоралар кўрилади. Захирадаги қон ишлатилади, кейинчалик эса беморнинг яқинлари етиб келгач, ишлатилган захира ўрнини тўлдиришда ёрдам беришлари мумкин.


Шуни тушуниш муҳимки, “агар мен қон олиб келмасам ёки маълумот бермасам, қон қуйилмайди” деган тушунча мутлақо нотўғри. Бундай ёндашув амалиётда мавжуд эмас.



— Қон хизмати олдидаги асосий муаммолар нималар?

— Энг катта муаммо донорлик акцияларининг тизимли эмаслиги.


Қон қуйиш хизмати олдидаги энг катта муаммолар ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳозирги кунда асосий масалалардан бири — донорлар оқимининг мавсумийлиги ҳисобланади. Кўп ҳолларда донорлар фаоллиги маълум саналарга тўғри келиб қолади: масалан, 14-июнь — Қон донорлари куни, 1-июнь — Болаларни ҳимоя қилиш куни ёки Конституция куни муносабати билан бир вақтнинг ўзида оммавий қон топшириш ҳолатлари кузатилади.


Бироқ қон маҳсулотларининг сақланиш муддати чекланган. Масалан, эритроцитар масса 30–35 кунгача сақланади, энг кўпи билан 35 кунгача. Плазма эса музлатиш ҳароратига қараб икки йилгача сақланиши мумкин. Шу сабабли, бир мартада катта ҳажмда қон келиб тушиши ҳар доим ҳам самарали эмас. Бу жараён йил давомида бир маромда, тизимли равишда ташкил этилиши керак.


Қон хизмати фақат донорларни қабул қилиш билан чекланмайди. У қонни қайта ишлаш, текшириш ва тўғри шароитда сақлаш каби босқичларни ҳам ўз ичига олади. Агар бу жараёнларда юклама кескин ошса, тизимда қийинчиликлар пайдо бўлади. Шунинг учун қон донорлиги доимий ва барқарор оқимда бўлиши мақсадга мувофиқ.


Албатта, барча донорларга ва кўнгиллиларга миннатдорчилик билдирамиз. Бу осон иш эмас ва унинг аҳамияти жуда катта. Қон хизмати фаолияти нафақат тиббиёт муассасалари, балки бутун соғлиқни сақлаш тизими учун муҳимдир. Қон захиралари етарли бўлса, беморларга ёрдам кўрсатиш ҳам осонлашади.


Шу билан бирга, сарфлов материаллари ва лаборатория таъминоти масаласи ҳам долзарб. Донорлар қанча кўп бўлмасин, агар текширув ва қайта ишлаш жараёнлари тўлиқ таъминланмаса, қонни тўлиқ қабул қилиш ва ишлатиш имкони чекланади.


Ҳозирги кунда давлат томонидан, жумладан Президент қарорлари асосида, қон хизмати тизимини такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бироқ ҳали ҳам айрим ҳудудларда молиялаштириш, маҳаллий бюджет ёки суғурта тизимига боғлиқлик каби масалалар сақланиб қолмоқда.


Республика қон қуйиш маркази доирасида пуллик хизматлар ҳам йўлга қўйилган бўлиб, бу тизимни янада барқарор қилиш имконини беради. Шу билан бирга, вилоятлардаги муассасаларнинг ҳам моддий-техник базасини мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга.


Хулоса қилиб айтганда, қон хизмати тизими узлуксиз, барқарор ва бир маромда ишлаши лозим. Шундагина донорлик ҳаракати самарали бўлади ва тиббий эҳтиёжлар тўлиқ қондирилади.



— Қон хавфсиз сақланадими?

— Албатта. Қон сақланадиган барча муассасалар захира электр таъминоти тизимларига эга. Республика қон қуйиш маркази икки мустақил электр линиясига уланган.Вилоятларда эса махсус генераторлар мавжуд. Шунинг учун электр узилиши қон маҳсулотлари сифатига таъсир қилмайди.



— Қон орқали касаллик юқиши мумкинми?

— Назарий жиҳатдан мумкин, аммо бу эҳтимол жуда паст.


Аввало, ҳар бир донор қони икки босқичли текширувдан ўтади. Аввал юқори сезгирликка эга таҳлиллар орқали текширилади, кейин эса ПЦР усули билан қайта назорат қилинади.


Бироқ ҳар қандай юқумли касалликнинг инкубация даври бўлади. Агар донор яқинда юқтирган бўлса ва бу ҳақда маълумот бермаса, ҳатто энг замонавий тестлар ҳам уни дарҳол аниқлай олмаслиги мумкин.


Қонни қонга қуйиш ёки қон маҳсулотларини қўллаш орқали касаллик юқиши ҳақида кўп эшитилади. Баъзи ҳолларда беморлар «қон олганимдан кейин ёки қон маҳсулотлари олгандан сўнг касаллик юқтирдим» деб айтади.


Шуни таъкидлаш керакки, қон орқали юқадиган касалликлар фақатгина қон маҳсулотлари орқали эмас, балки терининг бутунлиги бузиладиган ҳар қандай тиббий муолажалар орқали ҳам юқиши мумкин. Терининг бутунлиги бузилган ҳар қандай ҳолатда инфекция юқиш хавфи пайдо бўлади. Шунинг учун «фақат қон қуйиш орқали юқди» деган фикр ҳар доим ҳам тўғри бўлавермайди — бу ҳолат аввал аниқ исботланиши лозим.


Бундай ҳолатлар, албатта, учраб туради. Бунинг сабаби шундаки, ҳар бир касалликнинг инкубацион даври мавжуд. Ҳатто энг замонавий тест тизимлари ва асбоб-ускуналар ҳам инфекциянинг ушбу яширин даврида уни аниқлаб бера олмаслиги мумкин.


Шунинг учун қон берувчи донорлардан эҳтиёткорлик билан сўровнома олинади. Донордан сўралади: яқин вақт ичида тиш олдирганми, стоматологик ёки жарроҳлик муолажалари ўтказганми, антибиотиклар қабул қилганми, ёки номаълум шахслар билан хавфли алоқалар бўлганми. Агар шундай ҳолатлар қайд этилса, донорга маълум муддат — одатда уч ой ёки олти ой — қон топширмаслик тавсия этилади.


Чунки инфекция юққанидан сўнг, организмда етарли миқдорда антиген ёки антителалар ҳосил бўлгунига қадар, замонавий тест тизимлари ҳам уни аниқлай олмаслиги мумкин.


Ҳозирги кунда қон хизматлари икки босқичли текширув тизими асосида ишлайди. Аввало, юқори сезгир иммунологик (ИФА/ИХЛА) тестлар орқали текширув ўтказилади. Агар шубҳали натижа чиқса, бундай қонлар умуман ишлатилмайди ва йўқ қилинади, донор эса базадан чиқарилади.


Сўнгра тоза деб топилган қон намуналари иккинчи босқичда — ПЦР (молекуляр даражадаги) текширувдан ўтказилади. Бу усул инфекцияни жуда кичик миқдорда ҳам аниқлаш имконини беради ва «ойна даври»ни анча қисқартиради.


Шу билан бирга, хавфни тўлиқ йўқ қилиб бўлмайди. Агар беморга қон қуйиш зарур бўлса, у албатта бу ҳақда олдиндан огоҳлантирилади. Ҳар бир тиббий муолажада маълум даражада инфекция юқиш хавфи мавжуд экани тушунтирилади ва беморнинг розилиги олингандагина қон маҳсулотлари қуйилади.



— Болаларда лейкоз ва онкогематологик касалликлар кўпайиб бормоқда. Ота-оналар нималарга эътибор беришлари керак?

Ҳозирги кунда онкология ва онкогематологик касалликлар тобора кўпроқ учрамоқда ва ривожланиб бормоқда. Даволаш протоколлари ҳам такомиллашмоқда, хорижий давлатлар, жумладан Туркия, Германия ва Россиянинг етакчи клиникалари билан гематологлар ўртасида ҳамкорлик жуда яхши йўлга қўйилган. Бу ҳам болалар, ҳам катталар гематологиясида ўз аксини топмоқда.

Шу билан бирга, аҳоли орасида ушбу касалликларнинг кўпайиши кузатилмоқда. Бунинг аниқ сабабларини тўлиқ айтиш қийин, лекин эҳтимолий омиллар қаторида иммунитет пасайиши ҳам қайд этилади. Ҳозирги кунда антибиотиклар ва турли дори воситаларини назоратсиз қўллаш ҳам организмнинг табиий ҳимоя тизимига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Иммунитет пасайган ҳолатда суяк кўмиги фаолияти бузилиб, нормага зид ҳужайралар кўпайиши эҳтимоли пайдо бўлади.


Аввал стресс, руҳий зўриқиш ва травмалар катта аҳамиятга эга деб қаралар эди. Бироқ ҳозирги амалиётда ҳатто янги туғилган чақалоқларда ҳам гематологик касалликлар учраётгани кузатилмоқда. Бундай ҳолатларда стресс омили ҳақида гапириш қийин, шу сабабли ирсий мойиллик, экологик омиллар ва бошқа ташқи таъсирлар ҳам инобатга олинади. Кўп ҳолларда касаллик оилавий равишда кузатилиши ҳам қайд этилмоқда.


Ота-оналар учун бу жуда жиддий масала ҳисобланади. Афсуски, баъзи ҳолатларда ҳатто Тошкент шароитида яшаб туриб ҳам болалар жуда оғир ҳолатда, масалан гемоглобин 30–40 г/л гача тушган ҳолда шифохонага олиб келинмоқда. Бу албатта жуда хавфли ҳолатдир. Нормада гемоглобин даражаси болаларда камида 110–120 г/л бўлиши керак.


Бундай оғир ҳолатларнинг учраши ҳар доим ҳам тушунарли эмас, чунки тиббий хизмат ривожланиб бормоқда, мутахассислар доимий равишда вилоятларда ҳам консултациялар ўтказишмоқда. Шунга қарамай, кечикиб мурожаат қилиш ҳолатлари сақланиб қолмоқда.


Ота-оналар боладаги ҳар қандай ўзгаришга эътиборли бўлишлари керак. Масалан, ранг оқариши, ҳолсизлик, тез чарчаш, қўл-оёқларда оғриқ, сабабсиз кўкаришлар пайдо бўлиши жиддий сигнал бўлиши мумкин. Бундай белгиларни «ўтиб кетади» деб эътиборсиз қолдириш нотўғри. Дарҳол шифокорга мурожаат қилиш ва қон таҳлилларини ўтказиш зарур.


Шунингдек, тиш милкларидан қон кетиши, милк шишиши ҳам аҳамиятсиз деб қаралмаслиги керак. Бундай белгилари бўлган болалар ҳам албатта текширувдан ўтиши лозим.


Касалликлар, жумладан лейкозни эрта аниқлаш даволаш натижасига катта таъсир қилади. Қанчалик эрта ташхис қўйилса, организмга етказиладиган зарар шунчалик кам бўлади. Қон тизими билан боғлиқ касалликларда эса бу жуда муҳим, чунки қон бутун организм бўйлаб айланади.


Ҳозирги замонавий даволаш усуллари ва протоколлар, шунингдек янги тиббий маҳсулотлар ва қўллаб-қувватловчи терапиялар туфайли бу каби касалликларда даволаниш самарадорлиги сезиларли даражада ошган. Илгари беморлар бир неча ой ичида оғир асоратлар туфайли ҳаётдан кўз юмган бўлса, ҳозирги кунда эрта ташхис ва замонавий даво усуллари туфайли даволаниш кўрсаткичлари 70–80 фоизгача етиб бормоқда.


Бу эса тиббиёт учун жуда катта ютуқ ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бундай касалликларда энг муҳим омил — эрта аниқлаш ва ўз вақтида мутахассисга мурожаат қилишдир.




Феруза РАҲИМОВА,


Ishonch.uz


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Маданият ва маърифат
Маданият ва маърифат
Маданият ва маърифат
Маданият ва маърифат
Маданият ва маърифат