Суд эксперти: Болалар ичимлиги ва ширинликлар таркибида “нaркотик-оғу”лар аниқланмоқда
(Суд эскперти билан эксклюзив суҳбат)
Сўнгги йилларда синтетик гиёҳванд моддалар ва кучли таъсир қилувчи воситалар тобора янги кўринишларда тарқалмоқда. Улар эндиликда капсула, кўз томчиси, сақич, печене, болалар ичимлиги ва ҳатто ширинликлар кўринишида ҳам учрамоқда. Бу эса, айниқса, ёшлар ва мактаб ўқувчилари учун жиддий хавф туғдиряпти. Мазкур мавзуда Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораторияси катта эксперти Адибахон Анваровна билан суҳбатлашдик.
– Ҳозирги кунда марказингизга келиб тушаётган экспертизаларда қандай ўзгаришлар кузатилмоқда?
– Бугунги кунда марказимизга келиб тушаётган гиёҳвандлик воситалари бўйича экспертизаларда синтетик моддалар улуши сезиларли даражада ошган. Ҳозирда экспертизага юборилаётган гиёҳвандлик воситаларининг қарийб 50 фоизини айнан синтетик моддалар ташкил этмоқда. Бу эса бизни жиддий хавотирга солмоқда. Чунки синтетик гиёҳвандлик моддалари анъанавий гиёҳвандлик воситаларига нисбатан бир неча баробар кучли таъсир кўрсатади. Жуда оз миқдори ҳам инсон организмига оғир зарар етказиши, айрим ҳолларда эса биринчи истеъмолнинг ўзидаёқ ўлимга олиб келиши мумкин.
– Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораторияси бўлимида экспертиза жараёнлари қандай амалга оширилади?
– Дастлаб иш белгиланган тартибда расмийлаштирилади. Шундан сўнг лабораторияда модда бир неча босқичли таҳлиллардан ўтказилади. Замонавий ускуналар ёрдамида унинг тури, миқдори ва кимёвий таркиби аниқланади. Модданинг мураккаблигига қараб экспертиза бир неча соатдан бир неча кунгача давом этиши мумкин.
– Амалиётингиз давомида, бугунги кунда қайси ёш тоифасида кўпроқ наркотик моддалар қабул қилиш ҳолатлари кўпаймоқда?
– Афсуски, амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, бундай ҳолатлар тобора ёшармоқда. Бугунги кунда мактаб ўқувчилари, талабалар ва бошқа ёшлар орасида кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилиш ҳолатлари кўпаймоқда. Кўпинча улар ижтимоий тармоқлар, танишлари ёки дўстлари орқали ушбу моддаларни бир марта синаб кўришга ундалади. Аммо айнан ўша биринчи истеъмол кейинчалик қарамликка сабаб бўлади.
Чунки ёшларни ишонтириш осонроқ. Уларга “бир марта синаб кўр”, “ҳеч нарса бўлмайди”, “муаммоларингни унутасан” каби ёлғон ваъдалар берилади. Биринчи доза одатда текин ёки жуда арзон нархда берилади. Кейинчалик эса у пуллик бўлади ва ёшлар моддани сотиб олиш учун турли ноқонуний йўлларга қўл уриб кўриши мумкин.
– Бу каби вазиятларда ота-оналар фарзандидаги қандай белгиларни эътибордан четда қолдирмаслиги керак?
– Уйқучанлик, жиззакилик, хотиранинг сустлашиши, дарсларга қизиқишнинг пасайиши, оиладан узоқлашиш, сабабсиз кўпроқ пул сўраш каби ҳолатлар жиддий огоҳлантирувчи белги бўлиши мумкин. Афсуски, айрим ота-оналар буни оддий ўтиш даври билан боғлайди. Вақтида эътибор берилмаса, вазият янада оғирлашиши мумкин. Амалиётим давомидашундай воқеа ҳам бўлган эди. Бир она фарзандининг хулқ-атворидаги ўзгаришларни сезиб, унинг сумкасидан топилган номаълум капсулани экспертизага олиб келган эди. Лаборатория текширувлари натижасида капсула таркибида кучли таъсир қилувчи модда борлиги аниқланди. Яхшиямки, ота-она вақтида мурожаат қилган ва фарзандига зарур ёрдам кўрсатилган.
– Сўнгги пайтда сизни эксперт сифатида энг кўп ташвишга солаётган ҳолат нима?
– Энг катта хавотир шундаки, бугунги кунда гиёҳванд моддалар оддий маҳсулотлар кўринишида тарқатилмоқда. Амалиётимизда болалар ичимлиги, Чупа Чупс, сақич ва печене таркибида синтетик ёки бошқа турдаги гиёҳванд моддалар аниқланган ҳолатлар учради. Бу жуда хавфли жиҳат ҳисобланади. Чунки маҳсулотнинг ташқи кўриниши ҳеч қандай шубҳа уйғотмайди. Бола ҳам, ота-она ҳам маҳсулотнинг ташқи кўринишидан хавфни сезмайди. Асл таркибини эса фақат лаборатория таҳлиллари аниқлаб бера оладию
– Гиёҳванд моддалар билан ишлаш экспертлар соғлиғи учун ҳам хавф туғдирадими?
– Ҳа. Айниқса, яширин нарколабораториялардан олинган намуналар билан ишлашда жуда эҳтиёткорлик талаб этилади. Ҳатто ҳимоя воситалари бўлишига қарамай, айрим ҳолатларда моддаларнинг кучли ҳиди экспертларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатган. Шу сабабли барча экспертизалар махсус вентиляция тизимлари ва ҳимоя воситалари остида амалга оширилади.
– Суҳбатимиз якунида ота-оналар ва ёшларга қандай мурожаат қилган бўлардингиз?
– Бугунги кунда синтетик гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи моддалар нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки бутун жамият учун жиддий хавфга айланмоқда. Энг ташвишлиси шундаки, бундай моддалар энди оддий маҳсулотлар кўринишида тарқатилмоқда. Ширинлик, сақич, ичимлик ёки капсула кўринишидаги маҳсулот ташқи томондан мутлақо шубҳа уйғотмаслиги мумкин. Шу боис ҳар бир ота-она фарзандини бу каби хавфлардан огоҳ қилиши, номаълум шахслар берган ҳеч қандай маҳсулотни қабул қилмасликни ўргатиши керак.
Фарзандларимиз билан очиқ ва самимий мулоқот қилиш бугунги кунда энг муҳим ҳимоя воситаларидан биридир. Улар кимлар билан мулоқот қилаётгани, бўш вақтини қандай ўтказаётгани, интернет ва ижтимоий тармоқларда нималарга дуч келаётгани билан мунтазам қизиқиб туриш лозим.
Яна бир муҳим жиҳат, болаларни “йўқ” дейишга ўргатишдир. Дўсти ёки бегона бирор киши “бир марта синаб кўр”, “ҳеч нарса бўлмайди”, деб таклиф қилганида, рад жавобини бера олиши ҳам уларни кўплаб хавфлардан асраши мумкин. Биз фарзандларимизнинг ҳар бир қадамини назорат қила олмаймиз, аммо уларга тўғри қарор қабул қилишни ўргата оламиз.
Мен нафақат эксперт, балки она сифатида ҳам барча ота-оналарни фарзандларига янада эътиборли бўлишга чақираман. Чунки бугун кўрсатилган эътибор, ўтказилган битта самимий суҳбат ёки вақтида билдирилган огоҳлантириш эртага фарзандингизнинг соғлиғи, келажаги, ҳатто ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.
Дилдора ДЎСМАТОВА
суҳбатлашди
Ishonch.uz



Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0