Эксперт огоҳлантиради: ҳақорат мазмунидаги смайлик ва кинояли изоҳлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлади
Ижтимоий тармоқларда бировнинг устидан кулиш, расми тагига камситувчи белгилар қолдириш бугунги кунда оддий ҳазилга айланиб улгурди. Аммо қонун ва суд-лингвистик экспертизаси учун ҳақоратни “ҳазил” деб аташ тушунчаси йўқ. Кўпчилик билиб-билмай ҳақоратомуз, камситувчи, диний адоват уйғотувчи сўзларни ўз нутқида қўллайди. Лекин бу каби ноўрин фойдаланилган сўзлар маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши ҳам ҳеч гап эмас. “Эксперт” лойиҳамизнинг навбатдаги сонида сўзларнинг яширин прагматикасини очиб берувчи Суд-лингвистик психологик экспертиза бўлими етакчи экспертларидан бири Нилуфар Нажмиддинова айнан шу мавзу юзасидан суҳбатлашдик.
– Ҳозирги ўзбек интернет сегментида шундай сўзлар борки, муаллиф уни ҳазил деб ўйлайди, аслини олганда эса бу сўз кучли камситиш маъносини англатади. Айтингчи, коментлардаги энг хавфли, лекин ҳамма ишлатадиган сўзлар ва усуллар қайсилар?
– Амалиётимиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида ҳеч кимнинг шахсиятига тегиш ва ҳақоратлаш мумкин эмаслиги қатъий белгилаб қўйилган. Суд-лингвистик экспертизаси хулосаларини тайёрлаш жараёнида бу каби ҳолатларга жуда кўп дуч келамиз. Кўпинча фойдаланувчилар бирор шахснинг исм-фамилиясини тўғридан-тўғри кўрсатмасдан, унга нисбатан кинояли, камситувчи фикрлар билдиришади. Суд жараёнларида эса жавобгарликдан қочиш мақсадида: “Мен унинг исм-фамилиясини тилга олмадим, шахсиятига диққат қаратмадим”, деган важларни келтиришади. Бироқ биз тадқиқот жараёнида матннинг нутқ прагматикасига (яъни сўзнинг вазиятга қараб англатадиган ҳақиқий маъносига) эътибор берамиз ва ўзимизнинг таҳлилий методларимиз орқали ушбу фикрнинг айнан қайси шахсга қаратилганини аниқлаб, хулоса берамиз.
Ажратиб олинган, мазмунан мавҳум матнга баҳо бериш эксперт учун қийин бўлиши мумкин. Шу боис биз учун матннинг тўлиқ контексти керак бўлади. Исм-фамилия келтирилмаган вазиятларда, одатда, бирор фотосурат илова қилинган бўлади ва унинг остига кинояли, камситувчи ёки ҳақоратли изоҳлар ёзилади. Бундай ҳолатда визуал тасвир ва матн бирликда ўрганилиб, айбдор Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан жавобгарликка тортилади. Агар бу каби ҳуқуқбузарликлар тизимли равишда, бир неча бор такроран содир этилса, шахс анча оғирроқ бўлган жиноий жавобгарликка тортилиши ҳам мумкин.
– Агар бирор мансабдор ёки оддий шахснинг пости тагига ҳеч нарса ёзмасдан, шунчаки ёмон маъно ифодаловчи смайликлар белгиси қўйилса, бу лингвистик экспертизада ҳақорат ҳисобланадими?
– Ҳақорат қилиш нафақат оғзаки ёки ёзма шаклда, балки имо-ишоралар, смайликлар (эмодзи) ва гифлар (ГИФ) орқали ҳам амалга оширилиши мумкин. Замонавий лингвистикада уларда ҳам ҳақорат белгилари мавжудлиги тан олинади.
Биз виртуал рамзларнинг семантикасини аниқлаб, суд-лингвистик эксперт хулосасини тақдим этамиз ва бундай виртуал ҳақоратлар учун ҳам қонуний жавобгарлик белгиланган. Бу каби ҳолатларда нафақат ҳақоратомуз сўзлар, балки жуда қўпол ва ҳақоратли маъно англатувчи рамзий ишоралар ҳам жиноят таркибини юзага келтириши мумкин. Шу сабабли, тармоқдаги виртуал рамзлар орқали бировнинг қадр-қимматини топташ ҳам тўғридан-тўғри жавобгарликка сабаб бўлади.
– Кўпчилик “динни ҳимоя қиляпман” ёки “миллатпарварлик қиляпман” деб ўйлаб, билмасдан жиноят кодексидаги энг оғир моддаларга (адоват қўзғатиш) тушиб қоляпти. Қайси нуқтада диний ғурур – диний адоватга айланади?
– Ҳозирги вақтда тармоқларда диний адоват ёки низо уйғотувчи изоҳлар жуда кўп учрамоқда. Аслини олганда, бу комплекс экспертиза тури ҳисобланади, яъни тилшунослар, сиёсатшунослар ва диншунослар билан ҳамкорликда матнни баҳолашади. Мазкур қилмишнинг ҳуқуқий оқибатлари ва жавобгарлиги жуда оғир.
Бундан ташқари, кундалик ҳаётда бошқа миллат вакилларини камситиш ҳолатлари ҳам тез-тез кўзга ташланади. Кўпчилик кундалик сўзлашувдаги мана шундай иборалар учун жавобгарлик йўқ деб ўйлайди. Масалан, кимдир бирор нарсани тушунмаса, “Сен қозоқмисан?” деб қўяди ва ўзи билмаган ҳолда бутун бир миллатни камситиб, ҳақоратлайди. Ёки Тошкент шаҳрида баъзи фуқароларнинг вилоятлардан келган юртдошларимизга нисбатан “харип” сўзини ишлатишини олайлик. Бу сўз аслида шевага хос бўлса-да, бугунги кунда инсон қадр-қимматини камситиш ва маълум бир ҳудуд аҳолисини камситиш мақсадида ишлатиляпти. Кўпчилик бунинг учун қонуний жавобгарлик борлигини хаёлига ҳам келтирмайди, лекин бу муайян вилоят ёки туман аҳолисининг шахсиятига, ғурурига тегадиган ҳолатдир.
Лўли, қозоқ ёки ўзбек-тожик миллатлари ўртасида ҳам ижтимоий тармоқларда турли низоли муҳокамалар кузатилади. Бундай ҳолатлар бўйича бизда махсус экспертизалар тайинланади ва уларнинг натижасига кўра, айбдорлар Жиноят кодексининг тегишли моддалари (миллий, ирқий ёки диний адоват қўзғатиш) асосида жуда оғир жиноий жавобгарликка тортилади. Чегарани эса луғат ва сиёсий-ҳуқуқий меъёрларнинг синтези белгилаб беради.
– Сўз эркинлиги билан ҳақорат ва туҳмат ўртасидаги нозик чизиқни лингвистик нуқтаи назардан қандай ажратиш мумкин?
– Биз демократик мамлакатда яшаймиз ва сўз эркинлигимиз конституция билан кафолатланган. Лекин шуни унутмаслигимиз керакки, сўз эркинлиги жамият қоидаларини бузиш ёки бошқаларнинг ҳуқуқларини топташ ҳуқуқини бермайди. Яъни, ҳақоратомуз ва ҳаёсиз сўзларни ишлатиш сўз эркинлиги доирасига кирмайди.
Кундалик ҳаётда айрим фуқароларнинг тилига ўрнашиб қолган сўкиниш ёки ҳақоратли сўзлар бор. Судда улар кўпинча: “Бу менинг тилимга ўрнашиб қолган одатий сўз, мен буни ҳақорат маъносида эмас, шунчаки вазиятга нисбатан ишлатганман”, дея эътироз билдиришади. Аммо бу баҳона ҳам жавобгарликдан озод қилмайди. Тақиқланган сўзни ишлатиш жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузиш ва шахсга нисбатан ҳурматсизлик деб баҳоланади. Биз сўзларнинг семантикасини, уларнинг қайси тил ёки шевадан кириб келганидан қатъи назар, қўлланган контексти ва прагматик мазмуни асосида таҳлил қилиб, аниқ хулоса берамиз.
– ОАВ ва ижтимоий тармоқларда таниқли шахслар ҳақида тарқаладиган уюштирилган “қора пиар” матнлар, туҳмат ёки ноўрин фелетонларга қандай чора кўрилади?
– Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ва ОАВ орқали ҳукумат аъзолари, давлат ташкилотлари раҳбарларининг фаолиятига нисбатан танқидий фикрлар билдириш жуда кенг тус олган. Юқорида айтганимиздек, танқид – сўз эркинлиги. Аммо танқиднинг ҳам ҳуқуқий ва ахлоқий чегараси бор.
Мисол учун, бирор-бир раҳбарнинг коррупсияга оид жинояти юзасидан суднинг қонуний ҳукми чиқмаган бўлса, биз уни тармоқларда “порахўр”, “ўғри” деб айблашга ҳаққимиз йўқ. Ҳар бир шахсга айб юклашдан олдин айбсизлик презумпсиясига риоя қилиниши шарт. Фуқароларимиз раҳбарларнинг фаолиятини асосли равишда танқид қилишлари мумкин, бунга ҳеч қандай тақиқ йўқ. Бироқ уларнинг фотосуратлари ёки видеолари остига ҳақоратомуз, камситувчи изоҳлар ёзиш, карикатуралар орқали туҳмат ва бўҳтон тарқатиш қонун билан жазоланади.
Бу каби ҳолатлар юзасидан бизга жуда кўп мурожаатлар келиб тушади. Зеро, бундай бўҳтонлар давлат ташкилотлари вакилларининг ишчанлик обрўсига жиддий путур етказади. Шунингдек, машҳур шахсларнинг ўта шахсий, оилавий фотосуратларини тарқатиш ёки улар орқали товламачилик мақсадида таҳдид қилиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Бундай вазиятларда жиноят содир этган профиллар аноним бўлса-да, ҳуқуқ-тартибот органлари ва бизнинг махсус методларимиз билан уларнинг шахси тўлиқ аниқланади ва қонуний чора кўрилади.
– Оилавий ҳолатларни ва ўта шахсий материалларни кишини обрўсизлантириш учун ишлатишда қандай жавобгарлик қўлланилади?
– Бу тоифадаги мурожаатлар ҳам экспертиза амалиётимизда жуда катта фоизни ташкил этади. Кўпинча икки ёш (эр-хотин ёки севишганлар) маълум муддат яқин муносабатда бўлишади. Орада низо келиб чиққандан кейин эса, бир томон қасос олиш ёки шарманда қилиш мақсадида қўлидаги шахсий фото ва видеоларни тарқатишга киришади.
Яқинда Тошкент вилоятидан шундай бир иш бизга келиб тушди. Эр-хотин ажрашгандан сўнг, эри аёлининг ўта шахсий фото ва видеолавҳаларини қариндошлар ва қўни-қўшнилар аъзо бўлган умумий Телеграм гуруҳларига тарқатиб юборган. Бу иш бир марта эмас, бир неча бор такрорланган. Бу бўйича жабрланувчи Ички ишлар органларига мурожаат қилган ва иш бизга экспертизага келган. Матнлар ва ҳолатни ўрганиб, шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш, оилавий сирни ошкор қилиш ва аёлни яқинлари ўртасида қасддан обрўсизлантириш мақсади бўлгани юзасидан суд-лингвистик хулосасини бердик. Бундай вазиятларда материалларни тарқатган шахс тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка тортилади. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари шуни билишларини истардимки, бирор гуруҳдан бошқа гуруҳга маълумот кўчираётганда, бировнинг шахсий ҳаётига оид сурат ёки ёзишмаларни тарқатиш жуда оғир оқибатларга ва узоқ муддатли қамоқ жазосига сабаб бўлиши мумкин.
– Миллат, ирқ ёки шахсиятга қаратилган камситишларни лингвистик жиҳатдан қандай классификация қилинади? Жамиятни бундан қандай асраш мумкин?
– Бугунги глобаллашув ва интернет замонида мен аҳолимизни, айниқса, ёшларни ҳушёрликка чақирган бўлардим. Ҳар бир тармоқ фойдаланувчиси ёзаётган сўзининг мазмун-моҳиятига, унинг ҳуқуқий оқибатига жиддий эътибор бериши шарт. Тўғри, инсон ҳаётида стресс, асабийлик, эмосионал ўзгаришлар бўлиши табиий. Назоратни йўқотган инсон жаҳл устида ҳар қандай гапни ёзиб юбориши мумкин. Бироқ қонун олдида ҳис-туйғулар эмас, фактлар гапиради. Жаҳл устида ёзилган оддийгина ноўрин сўз ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Ҳозирги кунда ҳатто мактаб ўқувчилари ҳам ушбу масала оқибатида жавобгарликка тортилиб кетмоқда. Масалан, синфдошларининг бирга тушган суратини олиб, “ҳунчаки ҳазил” сифатида устидан куладиган кинояли видеоролик тайёрлашади ва тармоққа жойлашади. Жабрланувчининг ота-онаси ариза берганидан кейин эса жавобгарлик муқаррар бўлади. Шунинг учун “сўнгги пушаймон – ўзингга душман” бўлмаслиги учун ҳар бир қадамни ўйлаб босиш керак.
– Инсонни ҳайвонга таққослаш ҳам лингвистик нуқтаи назардан камситиш ёки ҳақорат ҳисобланадими?
– Шахсга нисбатан ҳақоратомуз ёки жирканч ҳайвон номлари ишлатилганда, албатта, жавобгарлик келиб чиқади. Бироқ биз ҳар бир ҳолатда сўз мазмунининг қайси томонга ишора қилаётганига – яъни нутқ прагматикасига эътибор берамиз.
Амалиётимизда мана шундай бир воқеа бўлган эди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири мансабдор шахснинг фаолиятидан норози бўлиб, шеърий шаклда шундай изоҳ қолдирган: “Судя борки, судяларнинг нақшидир, судя борки, ҳайвон ундан яхшидир”. Бу ерда муаллиф ўзини оқлаш учун “Мен ҳеч кимни тўғридан-тўғри сўкмадим, бу шунчаки менинг субъектив фикрим ёки фалсафий шеърим” деган важни келтирди.
Бироқ таҳлилларимиз шуни кўрсатдики, бу ерда киноя орқали аниқ бир мансабдор шахснинг фаолиятини обрўсизлантириш ва уни ҳайвонга қиёслаш орқали ҳақоратлаш мақсади бўлган. Бизнинг луғатимизда ва нутқий этикетимизда инсонга нисбатан бундай контекстда ҳайвон сўзининг қўлланиши оғир ҳақорат саналади ва бу масалада барибир қонун олдида жавоб берилади.
– Қўшиқлар ва шеърлардаги уятсиз, ҳаёсиз сўзларни қўллашга нисбатан ҳам жиноий жавобгарлик белгиланиши мумкинми?
– Суд-лингвист эксперти сифатида кимнингдир ижоди ёки нутқини ўз-ўзидан чеклаб қўйиш бизнинг ваколатимизга кирмайди. Биз цензура органи эмасмиз. Лекин жамиятда яшаётган ҳар бир фуқаро, айниқса, ижодкорлар умуминсоний одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишга мажбур.
Афсуски, бугунги кунда айрим машҳур шахслар, маданият ва санъат вакиллари ўз ижод намуналарида беҳаёликни, ахлоқсизликни тарғиб этувчи яширин ёки очиқ сўзларни ишлатишмоқда. Албатта, бу бўйича ҳуқуқ-тартибот органларига расмий мурожаат ёки ариза келиб тушмаса, биз ўз-ўзимиздан текширув бошлай олмаймиз. Аммо қонунчилигимизда ахлоқсизликни, порнографияни ёки шафқатсизликни тарғиб этувчи сўз ва материалларни тарқатиш қатъиян тақиқланган ва бунинг учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик мавжуд.
Суд-лингвист эксперти сифатида ҳар бир фуқаромиздан ижтимоий тармоқларда фикр билдираётганда, изоҳ ёзаётганда ўта эътиборли бўлишларини сўраган бўлардим. Ҳозирги кунда оддийгина сўз орқали тақдирлар синиши, инсонлар жавобгарликка тортилиши жуда кўп кузатилмоқда. Шундай экан, ҳар бир сўзни нутқ этикети қоидаларига амал қилган ҳолда, ўз ўрнида ва масъулият билан қўллашни ўрганайлик!
Дилдора ДЎСМАТОВА суҳбатлашди
Ishonch.uz



Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0