+25C

+25C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

«Германияда муваффақият сири – билим ва интизом»: 10 йилдан буён хорижда яшаётган ўзбекистонлик билан суҳбат

Бугунги суҳбатдошимиз 10 йил муқаддам тақдир тақозоси билан Германияга йўл олган тошкентлик Ситора Усмонова. У олмон юртига илк қадам қўйганида ҳали 20 ёшли келинчак эди. Бир қарашда эртакмонанд кўринган бу сафар, аслида, катта синовлар, тинимсиз изланишлар ва мустақил ҳаёт мактабига айланди.
Маданият ва маърифат
115 14:42 | 02.07.2026 14:42

Ситора оилали, бир нафар фарзанднинг онаси бўлиши билан бирга, иқтисодчи мутахассис. Турмуш ўртоғи билан бирга ўзлари ташкил этган оилавий бизнес лойиҳасини юритади. Зарурат туфайли ҳуқуқ соҳасини ҳам ўрганмоқда. Ситора билан бўлган суҳбатимиз Германияда яшашнинг ўзига хос жиҳатлари, бюрократик тўсиқларни енгиш, немис жамиятининг молиявий маданияти ҳамда хорижга эндигина қадам қўяётган юртдошларимизни кутаётган ҳақиқатлар ҳақида бўлди. Германия ҳаёти биз ўйлагандек осонми ёки бу ерда муваффақиятга эришиш учун бошқача қоидалар мавжудми? Ситора Усмонованинг самимий ҳикояси орқали мана шу саволларга жавоб излаймиз.





Ситорахон, аввало, Германияга қандай бориб қолгансиз? Илк бор келганингизда тил, иш ва маҳаллий муҳитга мослашишда қандай қийинчиликларга дуч келдингиз?


– Германияга оила бирлаштириш визаси (Familienzusammenführung) орқали келганман. Турмуш ўртоғим бу ерда ўқишини тугатиб, ишга жойлашган эди. Ота-оналаримиз розилиги билан унаштирилдик, тўйимиздан кейин турмуш ўртоғим Германияга қайтди, мен эса виза жараёнлари туфайли Ўзбекистонда қолдим.
Ўшанда 20 ёшда эдим. Илгари вилоятдан ташқарига ҳам кўп чиқмаганман, Германия ҳақида тасаввурим йўқ эди. Виза талаби учун Тошкентдаги «Гёте» институтида немис тилини ўрганиб, А1 сертификатини олдим. Энг катта синов –бюрократия бўлди. Тўйимиздан кейин атиги 18 кун бирга яшаганмиз. Элчихонадаги суҳбатда никоҳимиз ҳақида саволлар беришди. Дастлаб ҳужжатларимиз рад этилди, кейин адвокат ёрдамида апелляция бердик. Натижада 9 ой кутиб, визам тасдиқланди.


Рейхстаг – Германия парламенти биноси


Германияга келганимда А1 даражам кундалик ҳаёт учун етмаслигини дарҳол англадим. Биринчи куниёқ Берлин метросида мустақил ҳаракатланишни ўргандим. Интенсив курсларда ўқиб, 6 ой ичида B2 сертификатини олдим. Германияда ҳар бир инсон ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиши шарт. Масалан, рўйхатдан ўтиш (Anmeldung), солиқ рақами (Steuer-ID) ва тиббий суғуртани расмийлаштириш ҳаётнинг ажралмас қисми. Ёш бўлганим учун ҳаммасини мустақил ўргандим. Тиббий суғуртага рўйхатдан ўтиш учун харита ва луғат билан идорага борганман. Тилни яхши билмасам ҳам, ходимлар сабр билан ёрдам беришган. Бу тажриба менга бир ҳақиқатни ўргатди: мослашиш учун фақат тил эмас, сабр, масъулият ва доимий ўрганишга тайёрлик керак.



– Бугун тиббиёт соҳаси ва меҳнат миграцияси орқали кетаётганлар кўп. Улар қандай муаммоларга дуч келади?



– Энг катта қийинчилик тил эмас, тизимни тушунмасликдир. Бу ерда деярли ҳар бир жараён қонун ва ҳужжат асосида бўлади. Уй ижараси энг оғир синов. Берлин ёки Мюнхенда даромад ҳақидаги маълумотлар ва кредит тарихи талаб қилинади. Ҳали ҳаётни бошлаётган одам учун бу мураккаб.


Германияда инсон қадри жуда юқори. Асосий қонуннинг биринчи моддасидаёқ: “Инсон қадр-қиммати дахлсиздир” дейилган. Давлат сизга ишонади, аммо бу катта масъулият дегани. Баъзилар “мени ҳеч ким текширмайди” деб ноқонуний ишлашга уринади. Лекин Германияда ҳар бир ҳаракат қайд этилади. Кичик қарздорлик ҳам келажакда кредит ёки уй олиш имкониятига таъсир қилади. Маслаҳатим, маълумотни расмий манбалардан олинг. Иш берувчи билан тўғридан-тўғри боғланинг, воситачи агентликларга кўр-кўрона ишонманг.



Немислар солиқ тўлашга нега бунчалик масъулият билан ёндашади?


Чунки улар солиқни мажбурият эмас, ўз ҳаёт сифатига ҳисса деб билишади. Тўланган ҳар бир евро йўллар, боғчалар, кутубхоналар ва хавфсизликка сарфланади. Инсон солиғининг натижасини ҳар куни кўради. Айниқса, ижтимоий ҳимоя тизими кучли. Ишдан айрилсангиз, давлат сизни тақдирга ташлаб қўймайди. Бу тизим инсон қадрини сақлашга хизмат қилади. Германияда бойиб кетишдан кўра, барқарор ва сифатли ҳаёт қуришга эътибор берилади.



Сузиш дарси ва унга тегишли шаҳар бассейнларидан бири

– Немислар шахсий маблағини қандай бошқаради? Даромад, харажат ва жамғармани режалаштириш маданиятидан қайси жиҳатларни биз ҳам ўрганишимиз керак, деб ҳисоблайсиз?



– Менимча, немисларнинг молиявий маданиятининг энг кучли жиҳати қанча топишидан кўра, топган маблағини қандай бошқаришни яхши билишларида. Германияда кўпчилик молиявий қарорларни ҳиссиёт билан эмас, режа асосида қабул қилади. Масалан, ойлик маош тушиши билан, аввало доимий харажатлар ҳисобланади, кейин жамғарма ва келажак учун маблағ ажратилади. Қолган қисми эса кундалик эҳтиёжларга сарфланади. Яъни кўпчилик аввал жамғаради, кейин қолган маблағ билан яшашни режалаштиради. Немислар ортиқча дабдаба ва кўз-кўз қилишга мойил эмас. Улар учун ташқи кўринишдан кўра молиявий барқарорлик муҳим. Шунинг учун қарзни асосан уй сотиб олиш, бизнес ёки бошқа зарур инвестициялар учун ишлатишади. Яна бир қизиқ жиҳати – улар нарсаларнинг хизмат муддатига катта аҳамият беришади. Сифатли кийим ёки пойабзалдан бир неча йил давомида фойдаланиш оддий ҳол. Шу сабабли Германияда ишлатилган буюмлар бозори ҳам яхши ривожланган. Одамлар яхши ҳолатдаги маҳсулотларни сотиб олиш ёки сотишни табиий қабул қилишади. Шунингдек, немислар пенсия ҳақида жуда эрта ўйлай бошлайди. Кўпчилик давлат пенсиясига тўлиқ таяниб қолмай, ёшлигиданоқ жамғарма қилади, хусусий пенсия дастурларида қатнашади ёки инвестиция қилади. Улар келажакдаги молиявий хавфсизлик учун аввало ўзини масъул деб билади. Менимча, бу ердаги энг муҳим сабоқ шуки, немислар бой кўринишга эмас, молиявий барқарорликка сармоя киритишидир. Улар бугунги кун билан бирга эртанги кун ҳақида ҳам ўйлашади, шунинг учун кўпчилик оилаларда фавқулодда вазиятлар учун жамғарма ва келажак режаси бўлади. Биз ҳам улардан даромад ва харажатларни режалаштиришни, имконият доирасида яшашни, кераксиз қарзлардан эҳтиёт бўлишни, жамғарма қилишни ва узоқ муддатли фикрлашни ўрганишимиз мумкин. Чунки ҳақиқий молиявий фаровонлик кўп пул топишда эмас, балки топилган маблағни оқилона бошқаришдадир.




– Германия давлат идораларида коррупция жуда кам дейишади. Сиз буни кундалик ҳаётда қай даражада ҳис қилгансиз? Мазкур шаффофлик қандай механизмлар орқали таъминланади?



– Мен Германияда яшаган йилларим давомида давлат идораларида очиқ коррупция ҳолатларини учратмаганман. Оддий фуқаро сифатида буни сезиш ҳам мушкул, чунки давлат хизматлари аниқ қоидалар ва ҳужжатлар асосида ишлайди. Бу ерда ишингизни тезлатиш учун кимгадир пул бериш ёки таниш излаш маданияти деярли йўқ. Менимча, коррупциянинг камлигига бир нечта омил таъсир қилади. Биринчидан, Германияда қонун устуворлиги кучли. Иккинчидан, ҳар бир давлат идораси ва йирик компанияларда Compliance, аудит ва ички назорат тизимлари яхши ишлайди. Учинчидан, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик назорати жуда фаол. Албатта, Германияда ҳам коррупция хавфи мавжуд. Масалан, баъзи ҳолатларда бизнес ва сиёсат ўртасидаги муносабатлар, партияларга ажратиладиган хайриялар ҳақида баҳслар бўлиб туради. Аммо бу жараёнлар ҳам қонун билан тартибга солинади ва жамоатчилик назорати остида бўлади. Германияда коррупцияга қарши курашнинг муҳим йўналишларидан бири пул ювиш (Geldwäsche)га қарши кураш ҳисобланади. Бу ноқонуний топилган маблағларни қонуний кўринишга келтириш жараёнидир. Шунинг учун банклар, нотариуслар ва молиявий ташкилотлар шубҳали операциялар ҳақида тегишли органларга хабар бериш мажбуриятига эга.



Берлин шаҳар ободонлаштириш хизмати


– Германия озодалиги билан ҳам кўп тилга тушган давлат. Бу чиқиндиларни саралаш тизими билан ҳам боғлиқ бўлса керак…



– Германияда чиқиндиларни саралаш оддий қоида эмас, балки ҳаёт тарзи ҳисобланади. Мен Германияга келганимда энг ҳайратланган нарсалардан бири шу бўлган. Чунки бу ерда одамлар қоғоз, пластик, шиша ва органик чиқиндиларни алоҳида йиғишга болалигидан ўрганган. Бунинг иқтисодий фойдаси ҳам катта.


Қайта ишланган қоғозлардан салфетка

Масалан, қоғоз чиқиндилари қайта ишланиб, қайта ишланган хомашёдан тайёрланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Германияда кундалик ҳаётда ишлатиладиган қоғоз сочиқлар (Küchenrolle), ҳожатхона қоғози (Toilettenpapier) ва бошқа қоғоз маҳсулотларининг катта қисми айнан қайта ишланган қоғоздан тайёрланади. Бу эса дарахтларни камроқ кесишга ва ишлаб чиқариш харажатларини қисқартиришга хизмат қилади. Био чиқиндилар (Bioabfall) ҳам алоҳида йиғилади. Улардан компост ва қишлоқ хўжалигида, боғдорчиликда ишлатиладиган ўғитлар тайёрланади. Яъни Германияда чиқиндининг деярли ҳар бир тури иқтисодиёт учун қайта ресурсга айлантирилади. Бу орқали ҳам чиқиндилар ҳажми камаяди, ҳам янги маҳсулотлар яратилади. Шу ўринда яна бир жиҳатга эътибор бериш керак. Германияда чиқиндиларни йиғиш, саралаш ва қайта ишлаш тизимида ишлайдиган инсонларга ҳурмат билан қаралади. Чунки улар шаҳарларнинг тозалиги, санитарияси ва экологик хавфсизлигини таъминлайди. Кўчалардан чиқиндиларни йиғиш, контейнерларни бўшатиш ёки қайта ишлаш жараёнларида иштирок этадиган ходимлар жамият учун муҳим касб эгалари ҳисобланади. Шунинг учун бу соҳада меҳнат қилаётган инсонларнинг меҳнати қадрланади ва муносиб ҳақ тўланади. Пластик масаласи эса бироз мураккаброқ. Илгари Германия ва бошқа Европа давлатлари пластик чиқиндиларнинг маълум қисмини Хитойга экспорт қилган. Кейинчалик Хитой бу соҳада чекловларни кучайтиргач, Европа мамлакатлари ўз ҳудудида қайта ишлаш қувватларини оширишга мажбур бўлди. Оддий фуқаролар учун энг қизиқ тизимлардан бири – Pfand тизими. Масалан, пластик ёки шиша идишдаги ичимлик сотиб олганингизда қўшимча гаров маблағи тўлайсиз. Бўш идишни махсус аппаратга қайтарсангиз, маблағингиз ҳам қайтарилади. Шу сабабли кўчада ташлаб кетилган баклашка ёки банка деярли учрамайди. Ўзбекистон ҳақида гапирадиган бўлсак, менимча, чиқиндиларни саралаш маданиятини жорий қилиш мумкин. Лекин буни контейнер қўйишдан эмас, тизим яратишдан бошлаш керак. Айниқса, Pfand тизими яхши натижа бериши мумкин. Агар ичимлик ишлаб чиқарувчи компаниялар шиша ва пластик идишларни қайтариб йиғиш тизимини йўлга қўйса, бу ҳам атроф-муҳитга, ҳам бизнеснинг ўзига фойда келтиради.


Қайта ишланган қоғозлардан салфетка


Шахсан мен пластикдан фойдаланишни босқичма-босқич қисқартириш тарафдориман. Чунки Ўзбекистонда аввал шиша идишлар анча кенг қўлланиларди. Кейинги ўн йилликларда пластик қадоқлаш кескин кўпайди. Ваҳоланки, айнан шу даврда Европа давлатлари пластикни камайтириш ва қайта ишлаш сиёсатига ўтаётган эди. Менимча, Германия тажрибасининг асосий сабоғи шуки, чиқинди бу ахлат эмас, балки иқтисодий ресурс. Уни тўғри бошқариш орқали ҳам табиатни асраш, ҳам иқтисодиёт учун қўшимча қиймат яратиш мумкин



Немисларнинг феъл-атвори ҳақида нима дея оласиз?



– Улар учун инсоннинг миллати эмас, қандай ишлаши ва жамиятга муносабати муҳим. Немислар вақтга ва аниқликка ҳурмат билан қарайди. Баҳоналарни эмас, ростгўйликни қадрлашади. Муаммо чиқса, айбни бошқаларга юкламай, ечим излайдиганларни ҳурмат қилишади. Ёлғон ва иккиюзламачилик улар учун энг катта камчилик.



Германиядаги автомагистрал йўл


– Шу йиллар давомида Германияда яшаётган ёки янги келган ўзбекистонликлар томонидан энг кўп такрорланаётган қандай хатоларга гувоҳ бўлгансиз? Уларга қандай муҳим тавсияларни берган бўлардингиз?


– Ўн йилдан ортиқ вақт давомида Германияда яшар эканман, янги келган юртдошларимиз орасида такрор-такрор учрайдиган айрим хатоларни кузатдим. Бу хатоларнинг аксарияти билим ёки қобилият етишмаслигидан эмас, балки тизимни етарлича тушунмасликдан келиб чиқади. Биринчи ва энг кўп учрайдиган хато – воситачи агентликларга ҳаддан ташқари ишониш. Айниқса иш визаси билан келаётганларда бу ҳолат кўп учрайди. Баъзан одамлар иш берувчи билан тўғридан-тўғри боғланиш ўрнига барча масъулиятни агентликка топшириб қўяди. Кейин эса ваъда қилинган иш шароити, маош ёки яшаш масалалари кутилганидек чиқмайди. Шунинг учун мен доим имкони бўлса иш берувчи ёки таълим муассасаси билан бевосита мулоқот қилишни тавсия қиламан. Иккинчи кенг тарқалган хато – ҳужжат ишларини орқага суриш. Кўпчилик “кейин ҳам улгураман” деб ўйлайди. Лекин Германияда кўп масалалар аниқ муддатларга боғланган. Рўйхатдан ўтиш, суғурта, яшаш рухсатномаси ёки солиқ масалаларини кечиктириш кейинчалик кутилмаган муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Германияда ҳужжат қоғоз эмас, сизинг ҳуқуқий ҳимоянгиз ҳисобланади.


Учинчи хатони эса маданий фарқ билан боғлаган бўлардим. Баъзи инсонлар муаммони тўлиқ ва очиқ тушунтириш ўрнига ўзини оқлашга ҳаракат қилади. Масалан, хатосини тан олиш ўрнига турли баҳоналар келтиради ёки масъулиятни бошқа томонга юклайди. Германияда эса бу ёндашув яхши ишламайди. Мен кузатганимча, немислар муаммонинг ўзидан қўрқмайди, балки уни яширишдан эҳтиёт бўлишади. Агар хато қилган бўлсангиз, уни тан олиш ва ечимини излаш кўпроқ ҳурмат қозонади. Шунинг учун мен Германияга келаётган ёки бу ерда энди ҳаёт бошлаётган юртдошларимизга учта оддий маслаҳат берган бўлардим: биринчиси, расмий маълумотларга таянинг ва воситачиларга кўр-кўрона ишонманг. Иккинчиси, ҳужжат ишларини ҳеч қачон кейинга қолдирманг.


Учинчиси, ҳар қандай вазиятда ростгўй ва очиқ бўлинг.


Менимча, Германияда инсондан мукаммал бўлиш талаб қилинмайди. Лекин ҳалол бўлиш, масъулиятни зиммасига олиш ва муаммони очиқ айтиш талаб қилинади. Айнан шу фазилатлар инсоннинг интеграцияси ва муваффақиятини анча осонлаштиради.



Зебо НАМОЗОВА суҳбатлашди


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Маданият ва маърифат
Маданият ва маърифат
Маданият ва маърифат
Маданият ва маърифат
Маданият ва маърифат