Бозордаги ёлғонлар

«Ўзимизнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олмай қўйдим. Чунки бозордаги сотувчилар қутиларнинг тагига майдаларини ёки сифати бузилганларини жойлаб қўйишяпти. Қиммат бўлса-да, чет элникини харид қиляпман».

13:52 | 15.09.2026
7
Бозордаги ёлғонлар
Катталаштириш

Яқинда бир дўстим бозордаги савдогарлардан шу тариқа нолиди.

Энг ёмони, кўпчилигимиз ушбу ҳолатга кўникиб қолганмиз. Хусусан, бозорга чиққан одам борки, маҳсулотнинг устки қисмига йирик ва сифатлиларини, остига эса майдароқлари ва яроқсизлари жойлаштирилганига гувоҳ бўлади. Қолаверса, эл орасида гуруч тўлдирилган қопга печка карнайини ўрнатиб, ўртасига овшоқ жойланиши, қурутга ун, унга гипс, сутга сув, пахта ёғига солярка, сариёғга маргарин қўшилиши, колбасанинг ўлган мол гўштидан тайёрланиши ҳақидаги гап-сўзлар бежиз тарқалмаган.

Қўйники деб эчки гўштини ўтказишлар, арзонлаштирилган маҳсулотлар растасида ҳеч қачон соғлом чорва молларининг гўшти сотилмаслиги ҳақида ҳам гаплар юради. Афсусланарлиси, ички бозорда кузатилаётган бу каби ғирромликларни экспортга ҳам қўллашга уринаётганлар бор. Акс ҳолда ижтимоий тармоқда хорижликларнинг маҳсулотларимиз сифатидан норози иддаоларига дуч келмасдик. Шунингдек, ишбилармонларимиз «Чет элга «ўқланган» маҳсулотларни жўнатманглар, ҳамкорлар ишончини йўқотяпмиз» дея зор қақшамасдилар.

Балки шунинг учундир қайсидир маҳсулот кўпроқ етиштирилса, нархлар қулаб, деҳқонлар ўнлаб-юзлаб тонна маҳсулотини омборларда чиритиб қўяётгандир. Ростдан, нега бозордаги алдовни табиий ҳолат сифатида қабул қиламиз? Мавзуга оид саволларимни савдода суяги қотган танишимга бердиму, жавобларидан, очиғи, унчалик ҳайратланмадим.

– Бозорда ёлғонсиз иш битмайди, – дейди у. – Мисол учун харидор: «Олмангиз музлаткичдан чиққанми?» деб сўрайди. Унга: «Ҳа, бу пайтда музлаткичда сақланмаган олманинг ўзи йўқ» дея тўғрисини айтсангиз, бошқа сотувчи томон юзланади. Шу боис харидор эшитишни хоҳлаган сўзни айтасиз.

Суҳбатдошимнинг таъкидлашича, бозорда доимий равишда ўтирадиган тажрибали савдогарлар тарозидан урмайди, маҳсулотининг камчилигини яширмайди. Чунки эртаси куни ўша харидор қайтиб келиб, уни уялтириши мумкин. Аслида бозорга ора-сира келадиган ёки муқим бир жойда савдо қилмайдиганлардан қўрқиш керак. Улар сифатсиз маҳсулотни пуллаб, жуфтакни ростлашни ўйлашади.

– Чет элга чиқарилаётган маҳсулотларга келсак, баъзида савдогарлар тажрибасизликдан ғирромликка қўл уришади, – дея сўзида давом этади танишим. – Масалан, тадбиркор боғдаги ҳали терилмаган бир йиллик ҳосилни 10 тонна чамалаб, сотиб олади. Аммо йиғимдан сўнг ҳосилнинг 7 тоннаси талабга жавоб бериши маълум бўлади. Табиийки, зарар кўрмаслик учун қолган 3 тонна майда-чуйдасини қутиларнинг тагига тиқиштиради. Албатта, инсофсиз бўлса, ҳар қандай вазиятда ҳам алдашга уринади.

Иқтисодчиларнинг таъкидлашича, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда сифат стандартлари жуда қатъий. Партиядаги биргина сифатсиз маҳсулот сабабли бутун бошли карголар чегаралардан ортга қайтариб юборилмоқда. Бу нафақат ўша тадбиркорнинг «куйиши», балки халқаро майдонда «Made in Uzbekistan» брендига бўлган ишончнинг сусайишига сабаб бўлаётир.

Натижада хорижга эшиклар ёпилиб, ички бозорда маҳсулот нархи тушади, деҳқоннинг меҳнати қадрсизланади. Алдовларни табиий, фирибгарликни эса «ишбилармонлик» дея қабул қилишимиз авлодлар тарбиясига ҳам катта зарар етказишини унутмаслигимиз керак.

Алижон АБДУСАТТОРОВ

«ISHONCH»

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ

Мақолага муносабат

410 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади