“Эчки гўшти сотилади, эшакники йўқ” — бозор мутахассиси
Бозорда гўшт турлари кўп — қўй гўшти, мол гўшти, ҳатто импорт орқали кириб келаётган хориж гўштлари ҳам бор.
Лекин охирги пайтларда одамларни бир савол кўп ўйлантирмоқда: эшак гўштини қўй гўшти деб сотишяптими? Ёки арзон гўштлар ҳақиқатан ҳам хориждан келтирилганми?
Одамларнинг шу каби саволларига жавоб топиш учун Эски Жува деҳқон бозорида кузатув ўтказдик.
Бозорда фаолият юритувчи ветеринария-санитария экспертиза лабораторияси врачи Олимжон Мамадалиевнинг айтишича, эшак гўштини истеъмолчилар асосан ранги орқали аниқлаши мумкин.
“Эшак гўштининг ранги хирароқ, қорамтирроқ бўлади. Мол ва қўй гўшти эса қизғиш, барра бўлиб туради. Лекин мазкур бозорда эшак гўшти сотилмайди, бу бўйича муаммога сира дуч келмаганмиз. Бизда назорат қатъий,” — дейди врач.
Мутахассиснинг қўшимча қилишича, аҳоли томонидан эчки гўшти сотилаётгани ҳақида бозор маъмуриятига шикоятлар келиб туради. “Эчки гушти сотилёттганини аниқлаймиз. Шикоятни текшириб, ойдинлик киритиб берамиз. Бироқ эчки гўшти фойдали, одамлар буни тушунмайди,” — деди у.
Кузатувимизга кўра, бугун бозорларга Беларусь, Покистон, Қозоғистон ва Монголия давлатларидан импорт гўштлар кириб келмоқда.
Импорт гўшт сотувчининг айтишича:
“Аҳоли импорт гўштларга ўрганиб бўлди. Яхши сотиляпти. Айрим кафе ва ресторанлар ҳам асосан хориж гўштларини харид қилмоқда. Покистондан келаётган гўштларнинг нархи 65 мингдан 70 минг сўмгача бўлган нархда сотиляпти,” — дейди у.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0