У қурол кўтармади, ҳақиқатни экранга олиб чиқди

Баъзи жиноятлар яширилмайди аксинча оқланади.

17:01 | 27.11.2026
•
37
У қурол кўтармади, ҳақиқатни экранга олиб чиқди
Катталаштириш

Покистонда «номус» сабабида содир этиладиган қотилликлар ана шундай оғриқли воқеликлардан биридир. Буни ўзгартиришга уринган бир қаҳрамон аёл қўлига қурол эмас, камера олди. У одамлар кўришни истамаган манзараларни экранга олиб чиқди, жимлик ортидаги овозларни эшиттирди. Унинг фильмлари нафақат халқаро мукофотларга сазовор бўлди, балки жамият, қонун ва инсон тақдири ҳақидаги мунозараларга ҳам туртки берди. Шармин Обайд-Чиной воқеаларни эмас, одамлар кўрмай қўйган ҳақиқатларни тасвирлади. Унинг қуроли эса камера бўлди.

Карачи шаҳрида туғилган Шармин Обайд-Чиной АҚШда таҳсил олди ва юрти Покистонга қайтиб, журналистика ҳамда ҳужжатли кино соҳасида иш бошлади. Унинг дастлабки ижодий ишларидан бири Афғонистондаги уруш ва бу урушнинг болалар ҳаётига таъсири ҳақида эди. Шарминнинг журналистик ёндашувида воқеаларни шунчаки қайд этишдан кўра, уларнинг ортидаги инсон тақдирини кўрсатиш муҳим ўрин тутди. У муаммоларни умумий тасвирлар, сиёсий баёнотлар ёки қуруқ статистика билан чекламади. Инсонларнинг ҳаётига кирди, уларнинг ҳикояларини тинглади ва кўпчилик кўришни истамаган манзараларни экранга олиб чиқди.

У журналистикадаги фаолияти учун “Ливингстон” мукофотига сазовор бўлган биринчи америкалик бўлмаган журналист сифатида эътироф этилди. Бу унинг ижодий йўлидаги муҳим босқич эди. Аммо Шарминнинг халқаро миқёсдаги эътирофи, айниқса, аёлларга нисбатан зўравонликни ҳужжатлаштирган фильмлари орқали янада кенгайди. Унинг камераси энди нафақат уруш ва унинг оқибатларини, балки инсоннинг ўз жамиятидаги зўравонликдан қандай азият чекишини ҳам кўрсатиши керак эди.

2012 йилда Шарминнинг “Савинг Фаcе” фильми Оскар мукофотига сазовор бўлди. Бу Покистон киноси тарихидаги илк Оскар эди. Фильм кислота ҳужуми қурбонлари бўлган аёллар ва уларнинг юзини тиклашга ҳаракат қилган шифокор ҳақида ҳикоя қилади. Аммо экранда кўрсатилган воқеаларнинг маъноси жарроҳлик амалиёти ёки ташқи қиёфани тиклаш билан чекланмайди.

Кислота ҳужуми инсоннинг юзига етказилган зарардан ташқари, унинг бутун ҳаётига таъсир қилади. Жароҳатлар, оғриқ, ўзини қабул қилишдаги қийинчиликлар, жамиятнинг муносабати ва келажакка бўлган ишончнинг сўниши каби зўравонликнинг кўзга кўринмайдиган оқибатлари ҳам бор. “Савинг Фаcе” ана шу оқибатларни экранга олиб чиқди. Фильмда аёллар фақат жабрланувчи сифатида эмас, балки ҳаётини қайта тиклашга ҳаракат қилаётган, ўз қадрини сақлаб қолиш ва келажакка интилиш учун курашаётган инсонлар сифатида намоён бўлди. Фильмнинг Оскарга сазовор бўлиши, бу муаммони халқаро диққат марказига олиб чиқди. Покистонда аёлларга нисбатан зўравонликнинг бир шакли бўлган кислота ҳужумлари ҳақидаги воқелик дунёга кенгроқ танилди.

2012 йилда ТИМЭ журнали Шармин Обайд-Чинойни дунёнинг энг таъсирли 100 кишиси рўйхатига киритди. Бироқ унинг ижодидаги энг оғир ва жамиятнинг ҳуқуқий тизимларига бевосита дахл қилган ҳикоялардан бири кейинроқ юзага келди. 2015 йилда Шармин Обайд-Чиной «А Гирл ин тҳе Ривер: Тҳе Приcе оф Форгивенесс» фильмини суратга олди. Бу фильм Покистонда «номус» сабабидаги қотилликлар муаммосини фильм қаҳрамони Саба мисолида кўрсатиб берди. Саба 19 ёшли қиз бўлиб, оиласи розилигисиз турмуш қургани учун отаси ва амакиси уни ўлдиришга уринади. Уни отиб, дарёга ташлашади. Аммо қиз тирик қолади. Ушбу ҳаётий ҳикоя 2016 йилда Шарминга иккинчи Оскарни олиб келди. Фильм бош вазир қароргоҳида ҳам кўрсатилди. Ўша йили Покистонда янги қонун қабул қилинди. Энди оила кечириб даъво қилмаган тақдирда ҳам жиноятчи жазодан қутула олмайди.

Шармин Обайд-Чиной ижоди фақат ҳужжатли фильмлар ва ижтимоий муаммолар билан чекланмади. У болалар учун ҳам кино яратди. “3 Баҳадур” Покистоннинг илк тўлиқ метражли компьютер-анимацион фильмларидан бири бўлиб, унда жасорат, адолат ва масъулият ғоялари акс этган. Бу унинг ижодий йўлидаги бошқа бир муҳим йўналишни кўрсатади. Ҳужжатли фильмлар орқали у жамиятнинг оғриқли муаммоларини очиб берган бўлса, анимация орқали ёш авлодга ўзгаришга ишонч, жасорат ва адолат тушунчаларини етказишга ҳаракат қилди.

Шармин Обайд-Чинойнинг ижодий фаолияти турли жанр ва йўналишларни қамраб олди. Кейинчалик у “Стар Wарс” фильмига режиссёрлик қилиш учун танланган аёл режиссёрлардан бири бўлди. Бу унинг халқаро кино индустриясидаги мавқеи ва ижодий имкониятлари янада кенгайганини кўрсатди. Унинг йўли бир мавзу, бир жанр ёки бир мамлакат доирасида қолмади.

Шармин Обайд-Чинойнинг фаолиятини икки Оскар, халқаро эътироф ёки йирик кино лойиҳалари билан ўлчаб бўлмайди. Унинг фильмларининг баҳоси муаммони яширин қолдириш қийинлашганида, қурбонлар ҳақидаги ҳикоялар халқаро аудиторияга етганида ва ҳуқуқий ўзгаришлар учун жамоатчилик эътибори кучайганида кўринади. Баъзан камера жамиятнинг кўзини очади. Фильмлар инсонлар йиллар давомида жим қолдирган саволларни қайтадан ўртага қўяди. Ниҳоят, ўзгаришнинг биринчи қадами – жимликни бузишдан бошланади.

Дилдора ДЎСМАТОВА

Ишонч.уз

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади