Ҳаётдаги энг катта ютуқ
йиқилганда ҳам қайта тура билишдадир

Ҳар куни ишга бориб келаман. Баъзан толиққанимни ҳис қиламан. Шундай пайтларда ўзимни фарзандларим билан шуғулланиш, дарсларини назорат қилиш, орзу-мақсадлари билан қизиқишга камроқ эътибор қаратаётгандай сезаман...
Давлатимиз раҳбари эса ҳар куни қабуллар, йиғилишлар, чиқишлар, расмий тадбирлар билан банд бўлади, яна хорижга ташрифлар... Шундай катта ишлар оғушида – Иорданияга сафари давомида набираси Шавкатбекка йўллаган мактуби бир она сифатида мени жуда тўлқинлантирди. Аввало, давлатимиз раҳбарининг шахсан мактуб битгани диққатимни тортди. Бир пайтлар инсонларнинг энг самимий дил номаларини бир-бирига етказишга хизмат қилган ушбу жанр бугун камайиб кетган, унга мурожаат қилишнинг ўзи ноёб ҳодисага айланган. Қолаверса, кўнглимнинг бир чеккасида “Шавкат Миромонович қандай бобо экан, набирасига қандай айтар сўзлари бор экан?” деган қизиқиш ҳам йўқ эмасди.
Мактубни ўқиб тугатгач, англадимки, у юртимиздаги барча бобо-бувилар ҳамда ота-оналар учун юксак ибрат намунаси экан. Жажжи Шавкатбекнинг “Нега Сиз доим узоқ сафарларга кетасиз?” деган болаларча беғубор ва қизиққон саволига жавоб бериш асносида бутун юртимиз ўғил-қизлари, дилбандларимизга ўзининг ҳаётий маслаҳатлари, тавсия ва қимматли ўгитларини йўллабди.
“…Бундай олис сафарлар ҳар қандай одамни ҳам толиқтиради. Аммо мени ҳамиша йўлимга кўзи тўрт бўлиб кутадиган яқинларимни, дуолар билан қўллаб-қувватлаб келаётган халқимни ёдга олсам, барча чарчоқларим бир зумда булутдек тарқаб кетади”, дейди Президентимиз.
“Умримни элу юрт хизматига бахш этишдан бир лаҳза бўлсин афсусланмадим. Ҳаётда чиқарган энг катта хулосаларимдан бири шуки, бу дунёда миллатнинг дардига дармон бўлишдан кўра аъло ва афзал иш йўқ. Тез-тез ўзга юртларга йўл олишим ҳам – сизларнинг, кўпмиллатли халқимизнинг тинч, тўкис ва тўкин яшашини истаганим туфайлидир. Сизлар мактабда яхши ўқиб, ақлли, билимдон бўлиб вояга етишингиз учун ҳам дунё кезишимга, янги-янги ҳамкорлар топишимга тўғри келади”.
Бу жумлалар Шавкат Мирзиёев Навоий ва Амир Темур боболаримиз анъаналарининг муносиб давомчиси эканини яққол намоён этади. Ахир, буюк соҳибқирон ҳам набиралари тарбиясини энг забардаст устозларга ишониб топширган-ку!Набираларини сулола ва миллат давомчилари сифатида кўриб, уларнинг камолотига алоҳида масъулият билан ёндашган! Мен Президентимизнинг боболарча жонкуярлиги ва ғамхўрлиги негизида, аввало, халқимизга хос бағрикенглик ва меҳридарёликни, қолаверса, ана шу улуғ аждодларимизга хос маънавий давомчилик ва узоқни кўзлаган давлатчилик сиёсатининг нафасини туйдим.
Яқинда кичик қизим мактабдан: “Ойи, шунча тайёргарлик кўрсам ҳам имтиҳонда яхши баҳо ололмадим”, деб келди. Ўша пайт шошиб унга қуруқ насиҳат қилмоқчи бўлдим. Аммо мактубдаги “Ҳаётдаги энг катта ютуқ ҳеч қачон йиқилмасликда эмас, балки йиқилган тақдирда ҳам ўзида куч топиб қайта тура билишдадир. Шунинг учун ҳеч қачон енгилдим дема! Тушкунликка тушма! Фақат олға ва яна олға юр!” деган сўзлар ёдимга тушди-да, уни болаларимга ҳам ўқиб беришга қарор қилдим. Айниқса, у ердаги теран мушоҳадалардан англадимки, болаларимизга талаб қўйиш билан бирга, қоқилганда ўзини қандай тутиш ва яна олға интилиш кераклигини ўргатиш чинакам тарбиядир.
“Паҳлавоним”... Президентимиз набирасини боболарга хос эркалатгани ва шу сўз орқали Шавкатбекнинг зиммасига келажакда муносиб инсон, баҳодир ва зукко ўғлон бўлишдек вазифани ҳам юклагани сезилади. Халқимиз бобо-бувилари тарбиясини олган, ғамхўрлигини ҳис қилиб улғайган болалар бошқача бўлади, дейишади. Чунки уларнинг муҳаббати зурриётларини ҳар қандай таҳдид ва босимлардан асрайди. Яқинлари меҳрига тўйган бола майда-чуйда гаплардан синиб қолмайди. Унинг қалбидаги ўзига ишонч туйғуси йиқилганида яна оёққа туриб кетиши учун куч ва мадад беради. Шу маънода, ҳамма бобо ва бувилар, ота-оналар ҳам Президентимиздан ўрнак олиб, дилбандлари билан кўп гаплашсалар, уларга қимматли маслаҳатлар бериб, ҳаёт йўлларида тиргак ва таянч бўлсалар, бағоят савобли ишга қўл урган бўлардилар. Зеро бу каби амаллар фарзандларимизнинг маънавиятга чанқоқ қалбларига сув ва ҳаводек зарур бўлиб, уларни юксалтиради, зарарли иллатлардан асрайди. Мактубда бугунги кунда ҳар бир онанинг юрагини ўртайдиган бир масала лўнда ифодаланибди: «Замонавий гаджетлар ва сунъий интеллектдан унумли фойдалан, аммо уларга қарам бўлиб қолишдан эҳтиёт бўл!».
Уйда кичик қизимни кўп кузатаман, қўлига бир дақиқага телефон тушса, атрофдаги дунёни унутиб қўяди, китоб варақлашга ҳам сабри етмай қолади. Агар биз, оналар, фақат “Қўй, шуни. Ундан кўра, дарсингни қил!” деб койиб қўяверсак, бола яширинча фойдаланиш йўлига ўтади. Мактубда эса бошқача йўл кўрсатилади. Гаджет ёки янги технологияни бутунлай душман санаш эмас, балки ундан унумли фойдаланишни ўргатиш ва ўрнини мазмунли мулоқот, китоб ва меҳр билан тўлдириш кераклиги айтилади.
“Мендан “Бобожон, ҳозир сизга нима кўпроқ етмайди?” деб сўрасанг, ҳеч иккиланмай “Вақт етмайди, вақт!” деб жавоб бераман… Унутма, вақт шундай бойликки, унинг баҳоси йўқ. Уни ортга қайтариш, тиклаш ҳам имконсиздир”. Биз кўпинча “Эртага қиларман”, “Кейин гаплашамиз” деб, фарзандларимизга берадиган энг қимматли нарса – эътиборимизни ва вақтимизни ортга сурамиз. Ваҳоланки, боланинг болалиги ҳам ўткинчи. Вақт ҳеч кимни кутиб турмайди. Бир куни қарасак, фарзандимиз улғайиб қолган бўлади. Биз бир пайтлар уларга ажратолмаган вақтимизни эртага улар ҳам бизга ажратолмаслиги ҳеч гап эмас.
Мактуб шундай якунланади: “Менинг ўз фикрларим юртимиздаги ҳар бир бобо ва ота, ҳар бир буви ва онанинг ўз азиз дилбандларига атаган юрак сўзларидир. Менинг ўз насиҳатларим Ўзбекистоннинг барча болаларига бағишланган эзгу тилаклардир”. Шубҳасиз,бу жумлалар номанинг бутун моҳиятини очиб беради. Уни бутун миллатимиз ўғил-қизларига аталган юрак сўзлари, насиҳат ва даъват сифатида қабул қилишимиз керак. Ёшларга, биринчи навбатда, ўз ҳаётимиз, сўзимиз ва амалларимиз билан ўрнак бўлишимиз зарур. Ватан ва унинг рамзларини кўз қорачиғидек асраш, билимга чанқоқ бўлиш – буларнинг барчасини биз оналар фарзандлар қалбига мактубдаги каби самимий ва таъсирчан сўзлар билан сингдиришимиз, уларнинг илм-маърифатга интилишларини, кўзларидаги эртанги кунга ишонч учқунларини янада алангалатишимиз лозим.
Зебо НАМОЗОВА,
“Ishonch”мухбири






