Гренландия катта ўйин қурбони(ми?)
АҚШ Гренландияни бошига урадими? Нега бу масала атрофидаги баҳс-мунозаралар тўхтамаяпти? Авваламбор, Гренландияни АҚШга қўшиб олиш ҳақидаги гап-сўзлар Дональд Трампнинг биринчи президентлик давридан бери давом этиб келяпти. 2019 йилнинг 19 августида у илк бор Гренландияни сотиб олиш ғоясини илгари сурган эди. Шундан буён АҚШ ва Дания ўртасида шимолий орол тақдири масаласидаги ҳар қандай фаоллашув жамоатчилик норозилигини қўзғатмоқда. Хусусан, шу йил 17 январь куни Гренландия масаласида музокаралар ўтказиш учун АҚШ делегацияси Данияга ташриф буюргач, минглаб одамлар кўчаларга чиқди. Копенгаген ва орол пойтахти Нуукда намойишчилар «Гренландия сотилмайди!» деган шиор остида норозилик акциялари ўтказдилар.
Аслида, Гренландия атрофидаги можарода орол ёки унинг аҳолиси тақдири иккинчи даражали масала. У XXI асрда халқаро муносабатлар қайси қонун-қоидалар асосида шаклланади, куч устунми ёки ҳуқуқ деган саволларни кун тартибига чиқаряпти.
Ҳақиқатан ҳам, Даниянинг автоном ҳудуди саналган Гренландия АҚШга нима учун керак? Бунинг бир нечта сабаблари бор. Уларнинг барчаси АҚШ келажаги билан боғлиқ.
Аввало, миқёсни тасаввур қилиб кўринг. Гренландияда тахминан 56 минг киши яшайди. Яъни, у Асака шаҳри аҳолисидан бироз кўпроқ нуфусга эга. Аммо у дунёдаги энг йирик орол ҳисобланади: майдони жиҳатидан Франция, Германия, Испания ва Италияни қўшиб ҳисоблаганда ҳам катта. У – жуда кам аҳоли ва максимал стратегик аҳамиятга эга улкан ҳудуд. Геосиёсат учун зўр имконият.
АҚШнинг Гренландияга қизиқишидаги биринчи ва энг нозик сабаб хавфсизлик масаласидир. Дональд Трампнинг фикрича, Гренландия келажакда барпо этилажак ракеталарга қарши мудофаа тизимининг асосий унсури ҳисобланади. Бу тизим «Golden Dome» – «Олтин гумбаз» деб аталади.
Содда қилиб айтганда, Евроосиё ҳудудидан – Россия ёки эҳтимолий тарзда Хитойдан учирилган ракеталар Арктика орқали учиб ўтади. Бу – энг қисқа траектория. Демак, арктик маконни назорат қилган томон эрта огоҳлантириш учун қўшимча сониялар ва дақиқаларга эга бўлади. Ядровий тийиб туриш шароитида буни назариядан кўра кўпроқ «улгуриш» ёки «улгурмаслик» ўртасидаги ҳал қилувчи фарқ, дея баҳолаш мумкин.
Гап техник устунлик ҳақида кетмаяпти. Гап – Америкача ташқи сиёсат тафаккурининг ўзгараётганида. Агар совуқ уруш даврида хавфсизлик иттифоқчилар билан ҳамкорликда таъминланган бўлса, XXI асрда Вашингтон тобора кўпроқ мустақил, ҳеч кимга боғлиқ бўлмаган назорат моделини яратяпти.
1951 йилда Дания билан тузилган келишувга мувофиқ, АҚШ Гренландия ҳудудида исталган миқдорда ҳарбий куч жойлаштириш ҳуқуқига эга. Айни пайтда оролнинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган «Питуффик» космик ҳарбий базасида 150 нафарга яқин америкалик ҳарбий хизматчи хизмат қилмоқда. Совуқ уруш даврида уларнинг сони 10 минг нафар атрофида эди.
Ушбу харбий база ҳозир АҚШнинг эрта огоҳлантириш тизимига интеграциялашган. Бироқ Пентагон ва Дональд Трампга бу камлик қилади. АҚШга ҳаракатларни чекловчи ижара шакли эмас, тўлиқ назорат остидаги мудофаа тизими керак. Радарлар қаерга жойлаштирилади, қайси ҳудудлар ёпилади, қайси қарорлар иттифоқчиларсиз мустақил қабул қилинади, деган масалаларни Вашингтон бир ўзи ҳал этмоқчи.
Хуллас, АҚШнинг Арктикадаги имкониятлари чекланган. Бу эса узоқ муддатли хавфсизлик нуқтаи назаридан жиддий муаммо ҳисобланади. Қолаверса, Украина бўйича илгари сурилган тинчлик ташаббуслари кутилган натижа бермаётган бир пайтда, Трампга Конгресс сайловлари арафасида ташқи сиёсатда салмоқли ютуқлар керак.
Дональд Трамп учун геосиёсат – аниқ активлар мажмуаси. Ҳудуд – ресурс дегани, иттифоқ – вақтинчалик келишув, хавфсизлик эса шерикликка эмас, мулкка таянади. Гренландияга муносабатда айнан шундай тафаккур устунлигини кўриш мумкин.
Иккинчи сабаб эса соф ҳарбий мантиқ доирасидан ташқарида. Келажак нуқтаи назаридан Арктика жуда катта аҳамиятга эга. Шимолий денгиз йўллари Осиё, Европа ва Америка ўртасидаги масофани бир неча ҳафтага қисқартириш имконини беради.
XX асрда Сувайш канали глобал савдо тақдирини қандай белгилаган бўлса, XXI асрда Арктика денгиз йўллари шундай аҳамият касб этиши мумкин. Ким ушбу йўлларни назорат қилса, у тарифлар, хавфсизлик ва сиёсий шартларни ҳам белгилайди.
Гренландияни қўлга киритиш заруратини изоҳлар экан, Трамп орол атрофида Хитой ва Россия кемалари мавжудлиги билан боғлиқ хавф-хатарларни ҳам тилга оляпти. Бироқ АҚШ Мудофаа вазирлиги вакиллари ҳозирча бу таҳдид кучайгани ҳақида аниқ далиллар йўқлигини таъкидлашмоқда.
Ана шу географик манзарада Гренландия чўктириб бўлмайдиган, қотиб қолган авиакемага ўхшайди. Орол устидан назорат ўрнатиш денгиз қатновини кузатиш, ҳарбий инфратузилмани жойлаштириш ва ҳаракат қоидаларини белгилаш имконини беради.
Учинчи сабаб эса музликлар остида яширинган. Гренландия нодир ерости бойликларига, хусусан, рангли металлар, уран, графит ва эҳтимол, нефть-газ захираларига эга. Ҳозирча уларнинг катта қисми ўзлаштирилмаган. Бу – жуда қиммат, технологик жиҳатдан мураккаб ва сиёсий жиҳатдан ўта нозик масала. Бироқ XXI аср стратегик тафаккури «Эртага нима қазиб оламиз?» деган савол атрофида эмас, балки «Ўн ёки йигирма йилдан кейин нима қазиб олиш мумкинлигини ким ҳал қилади?» деган масала атрофида шаклланяпти. Замонавий геосиёсатда дастлабки назорат ҳуқуқи кўпинча реал иқтисодий фойдадан ҳам қимматроқ ҳисобланади.
Қўшма Штатлар нодир ер элементлари бўйича Хитой таъминот занжирларига ўта боғланиб қолган. Гренландия эса манбаларни диверсификация қилиш, рақиблар имкониятларини чеклаш ва оролни Ғарб технологик экотизимига интеграция қилиш имконини беради.
Ана шундай бир вазиятда Вашингтондан янграётган пўписаларни асло тасодифий деб бўлмайди. Дунё ўзгарди. Тақиқлар даври тугади. Санкциялар, тарифлар, иқтисодий босимлар одатий ҳолга айланди. Илгари бундай усуллар рақибларга нисбатан қўлланилган бўлса, ҳозир иттифоқчиларга нисбатан ҳам ишлатилмоқда.
Ана шу маънода Гренландияни қулай синов майдонига қиёсласа бўлади. Тўғри, у расман Данияга тегишли. Аммо географик жиҳатдан узоқ, аҳолиси кам, иқтисодиёти анча заиф. Данияга қўлланилаётган босимлар, шубҳасиз, Европа Иттифоқини ҳам ташвишга соляпти. Бу аввалги иттифоқдошлар орасини бузади, албатта.
Бироқ глобал баҳсларда кўпинча унутиладиган жиҳат бор: Гренландия – бўш ҳудуд эмас. Бу жамият, деярли тўлиқ маҳаллий халқ – калааллитлардан иборат. Улар мустамлакачилик ва мажбурий қарорлар инсон қадрини қанчалар поймол қилганини яхши эслайдилар.
Шунинг учун «сотиб олиш», «компенсация» ёки «ҳар бир инсонга миллион доллар» каби таклифлар ўтмиш зўравонликларининг қайта тирилиши сифатида қабул қилинади.
Қизиғи шундаки, ташқи босим ички жараёнларни тезлаштиради. Катта ўйинчилар қанчалик фаоллашса, Гренландия ичида тўлиқ сиёсий мустақиллик ҳақидаги фикрлар ҳам шунчалик жиддий тус оляпти.
Шу маънода, Гренландия учун курашда орол тақдиригина ҳал бўлмаяпти. Уни янги дунё тартиби қандай шаклланишини синовдан ўтказаётган репетиция, десак, тўғрироқ бўлади. Бу жараён ё Европа ва Америка ўртасидаги ишончни янада емириши, ёки Гренландиянинг мустақилликка интилишини тезлаштириб юбориши мумкин. Ҳар икки ҳолатда ҳам, бу баҳс XXI аср геосиёсати қанчалик кескин тус олаётганини яққол кўрсатиб турибди.
Жаҳонгир НАҲАНОВ
«ISHONCH»




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0