Хориждаги ватандош: “6 нафар фарзандимнинг ҳаммаси эгизак”

Танишамиз, “Хориждаги ватандош” лойиҳамизнинг бугунги меҳмони Гулжаҳон (Гулжана) Ғофурова. Асли самарқандлик, бундан ўн йил олдин америкалик ҳинд йигитига турмушга чиқиб океан ортига кўчиб кетади. Уни ижтимоий тармоқда Гулжана Чаwла тахаллуси билан ва ,албатта, 6 нафар эгизак фарзанднинг онаси сифатида танишади. Айни пайтда АҚШнинг Техас штатида яшаб келаётган Гулжана бугун ishonch.uzнинг меҳмони.

17:25 | 13.05.2024
•
1,077
Хориждаги ватандош: “6 нафар фарзандимнинг ҳаммаси эгизак”
Катталаштириш

– Ассалому алайкум. Гулжана, сиз билан яқиндан танишиб олсак…

– 1990 йилда Самарқанд вилояти, Иштихон туманида туғилганман. Айни пайтда Американинг Техас штатида оилам билан биргаликда яшайман. Фарзандларим 6 нафар. Катта қизим Симран, уч эгизак ўғилларимнинг исми ДҳарамВеер, Шиваай, Самрат, кичик эгизак қизалоқларим Сабрина ва Саритабонулардан иборат. Эгизакларни катта қилиш жудаям маъсулиятли. Барчасига баробар эътибор, меҳр бериш, бирдек парвариш қилиш бошидан ўтганлар билади. Катта қизим Симран менга она бўлишни ўргатган.

– Икки миллат вакилининг турмуши қандай кечмоқда?

– Жудаям қизиқ ва бахтга тўла ҳаётда яшаяпман. Ҳар кунимиз ўзгача, сюрпризларга бой. Бу билан совғаларни назарда тутмаяпман, характер ва дунёқарашни айтмоқдаман. Умуман олганда ўзбек ва ҳинд менталитети ўртасида катта фарқ йўқ деб биламан. Оилага бўлган муносабат ва ҳурмат ҳинд оилаларида ҳам кучли. Ҳиндлар ҳам бизга ўхшаб болажон халқ. Оқибат кучли. Ўн йиллик турмушга назар ташласам, доим бахтли яшаган эканман. Умуман олганда тақдиримдан розиман. Мени таниганлар “Ҳинд йигитига турмушга чиққанингизга афсус қилмаганмисиз?” деб савол беришади. Жавобим “Йўқ”. Ҳаёт яна қайта берилса, яна шу инсонни умр йўлдош сифатида танлаган бўлардим.

– Ҳинд ошхонаси бутунлай бошқа дунё. Америкада яшаётган ўзбек+ҳинд оиласида асосан қайси миллат таомлари устунликка эга?

– Шахсан мен ҳинд таомларини жудаям севаман. Турмушга чиқмасимдан олдин аччиқ нарсалар умуман еёлмасдим. Ҳозир аксинча, таомда аччиқ таъм бўлмаса егим келмайди. Бизнинг оилага келсак, қайнонам уйимизга меҳмонга келишса менга байрам. Ўша пайтлари фақат ҳинд таомларидан еймиз. Турмуш ўртоғим таом танлайди, бу борада ўта инжиқ десам ҳам бўлади. Ўзлари Америкада яшаб улғайгани учун Америка ошхонасини ёқтиради. Ўзбек таомларидан кабоб ва гуммадан бошқасини ёқтирмайди. Ўзлари асли ҳинд бўлса ҳам ҳинд таомларини талаб қилмайди. Америка кўп миллатли давлат бўлгани учун ошхонамизда турли давлатларнинг таомлари тайёрланади. Умуман олганда шу йиллар ичида универсал ошпаз бўлиб кетганман (кулади).

– Яқинда ота-онангизни Ҳиндистонга олиб бордингиз, таассуротлари ҳақида нима дея оласиз?

– Бир умрлик орзуларимдан бири ота-онамни дунё кездириш эди. Имкониятим етканича, Аллоҳ қодир қилганича дунё кездиряпман. Охирги саёҳатимиз Ҳиндистонга бўлди. Ҳиндистон деса барчани кўз ўнгида дунёни етти мўжизасидан бири бўлган Тож Маҳал келади. Ота-онамнинг биринчи таассуротлари 6 нафар америкалик набираси билан кўришиш бўлган бўлса, кейингиси Тож маҳални кўрганлари бўлди. Уларнинг ҳолатларини тасвирлаб бериш қийин. Ҳиндистон ўзбеклар учун ҳамиша яқин ва талпинадиган маскан. Бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур қолдирган тарихдан тортиб,биз севиб томоша қиладиган киноларигача. Мана, ҳеч кимга сир эмас эндиликда Ҳиндистон замонавий тиббиёти билан ҳам жалб қилмоқда. Ўзим ҳам ота-онам баҳонасида Ҳиндистонни кўрдим.

– Ижтимоий тармоқда сизни фақат эгизак фарзанд кўрадиган блогер сифатида ҳам танишади. 6 нафар ёш болага қараш қийинмасми?

– Турмушимиздан сўнг, икки йил фарзандсиз яшаганмиз. Бу яқинларимиз учун жуда катта муҳлат бўлиб кўринган, ўзимизга эса билинмаган. Биз янги оила сифатида асосан саёҳатларда юрганмиз. Бу бир-биримизни яқиндан билиш ва мен инглиз тилини чуқур ўрганишим учун зўр имконият эди. Фикри-хаёлим инглиз тилида эди. Оила аъзоларимиз билан гаплашганимизда фарзанд кўришимиз ҳақида эслатиб туришарди. Ва ниҳоят бир кун ҳомиладорлигим маълум бўлди ва турмуш ўртоғимни қувонч кўз ёшларини кўриб “Наҳотки бепарво бўлиб юрган фақат мен эдим”деб қолдим. Нимагадир ҳомиладорликдан қўрққанман, бошқаларнинг бундан хурсандлигини кўриб ҳисларимни яширганман. Текширувда бизни уч нафар эгизак кутаётганимизни билдик. Бу ҳолат мени аниқ шокка туширганди. Мен қандай қилиб, кичик жуссамга 3 нафар бола сиғади деган хавотирда эдим. Шундай ўйлар бўлганигами Яратган Эгам улардан икки нафарини ҳали туғулмай туришига изн берди ва уч эгизаклардан биригина соғ-саломат туғилди. Қизимга Симран деб исм қўйдик. Айни пайтда 8 ёшда. Оналик туйғулар ичида энг олийси эканлигини ҳис қилдим. Симран қизим 10 ойлигида яна ҳомиладорлигим маълум бўлди ва улар ҳам уч эгизаклар эди. Бу сафар қўрқмадим ва Яратгандан болажонларимни барчасини бағримга соғ-саломат босишни сўрадим. Беҳисоб шукрлар бўлсин, уч нафар паҳлавонимни бағримга босдим.Орадан 3 йил ўтиб эса эгизак қизчаларим дунёга келди. Хуллас айни пайтда турмуш ўртоғим билан 6 нафар болага ота-она бўлиб, масъулият билан катта қиляпмиз.

– Гулжана, Америка ҳаётини қизиқарли тарзда ўзбек тилида кўрсатиб борадиган ўзбек блогерларидан бирисиз. Бу ғоя сизда қачондан ва нима сабабдан пайдо бўлди?

– Мен шоиртабиат қизман. Ёшлигимдан мактаб ва маҳалла тадбирларида фаол иштирок этардим. Инсонлар назарида бўлиш жуда ёқади. Билган нарсаларимни атрофимдагиларга ҳам раво кўраман. Қизимга ҳомиладор вақтим пахта тергим келган жудаям. Самарқандда синфдошларим ичида пахтани энг тез ва сифатли терадиганим ҳам ўзим эдим. Хоҳишларимни турмуш ўртоғимга айтсам, Америкада пахта даласи топиб беролмаган. Кейин тинчланишим учун YouTubeдан тўқиш видеоларини топиб берган. Бу пахта даласини унутишим учун оз бўлсада ёрдам берган. YouTube платформасида аёллар томонидан қўйиб борилаётган фойдали ва қизиқарли видеоларни кўриб, мен ҳам шундай блог юритгим келган. Аёл блогерларнинг ҳаётини кўриб, менинг ҳам ҳаётим қизиқарли, ранг-баранглик жиҳатдан уларникидан қолишмайди дея блогерликни бошладим. Уч йилдан бери ўз саҳифамни юритаман.

– Ўзбеклар Америкага асосан грин карта билан боришади. “Америка – сеҳрли диёр” сифатида кўзимизга кўринади. Ҳақиқатан ҳам шундайми?

– Америкага келиш қийин, лекин келса бўладиган йўллари ҳам кўп. Талаба, бизнес, саёҳат визаси ва, албатта, грин карта билан келса бўлади. Шахсан мен америкалик йигитга турмушга чиқиб келганман. Америка ҳақиқатдан ҳам сеҳрли диёр. Етишиш қийин, аммо бу ерга келгандан сўнг кечиб кетолмайсиз. Миллатларни бирлаштирган ва орзуларни амалга оширадиган мамлакат деб биламан.

– Американинг ўзига салбий тарафлари ҳақида нима дея оласиз?

– Камчиликлари ҳақида гапиролмайман, чунки мен катта давлатни муҳокама қиладиган даражага етиб келмадим. Она сифатида шуни айта оламанки, гоҳида ўз фарзандларимизни бошқаришга қийналиб қоламиз. Энди шундай қудратли давлатни бошқариш, фаровон турмуш тарзини шакллантириш қанчалик қийинлигини тасаввур қилаверинг.

– Умуман олганда, Америкага энди борган юртдошларимизга қандай маслаҳатлар берган бўлар эдингиз? Улар қандай хатоларга йўл қўймаслиги керак?

– Америкага таниш-билишсиз, камига тил билмай келиш хато. Бу борада ишни нимадан бошлашни билмай турган юртдошларимизга маслаҳатим, биринчидан танимаган жойингизга даб-дурустдан кетиб қолманг. Иккинчидан бораётган жойингизни мигрантларга бериладиган ёрдамларини яхшилаб суриштиринг. Ўша ҳудуд ҳақида қўлингизда маълумотларингиз бўлгани яхши. Стресс, депрессия, қийналиб қолиш сўзларини луғатингиздан ўчиринг. Сабаби,Америкада ҳаёт ўйлаганингиздан ҳам қизғин. Ишлаган тишлайди. Яхши томони Америкада ривожланиш осон. Фақатгина иштиёқ сўнмаса бўлди, қолгани барчаси жараён давомида ҳал бўлади.

– Болалар тарбиясида қандай ёндашасиз?

– Бу борада турмуш ўртоғим билан келишувимиз бор. Иккимиздан биримиз болажонлар ёнида бўлишимиз шарт. Шу сабаб мен болажонларим тарбияси билан машғулман. Севимли ишим-блогимни юритяпман. Болалар улғайса, кейинчалик ишлашни ўйлаб кўраман. Тарбия масаласига келсак, Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир” деган гапларига амал қиламан.

Катталарга ҳурмат,кичикларга иззат-икромда бўлишни ўргатяпмиз. Ҳалоллик, ҳақгўйлик, оилапарварлик, меҳнаткашлик ва, албатта, замон билан ҳамнафас бўлишни ўргатяпман. Турмуш ўртоғим фарзандларимиз тарбиясини менга ишониб топширган. Бу, албатта, мен учун масъулиятли ва шарафли бурч!

Америкада болалар жудаям эркин. Биздан фарқли ўлароқ бу ерда 6 ёшдан мактаб бошланади. Фарзандларим икки ёшдан хусусий боғчага чиқишни бошлаган. Боғча – худди мактабдек. Боланинг ақлий, руҳий, жисмоний ривожланиши учун барча дастурлар қўшилган. Дарслар ёшидан келиб чиқиб белгиланган. Таълим-тарбияга эътибор кучли. Бир нарсани таъкидлаб ўтай, бу ерда ҳар бир ўқувчи талаба бўлиши шарт. Давлат томонидан бу борада катта имкониятлар, грантлар ажратилган.

– Америкада она-боланинг ижтимоий ҳимояланиши қай даражада ҳимояланган?

– Расмий маълумот беролмайман, аммо аёл ва болалар кучли ҳимоя остида. Боғча ва мактабнинг ўзида бола ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган бир нечта ташкилотлар фаолият юритади. Улар шунчаки статистика учун ишламайди, ҳақиқаттан ёрдам берадиган қўллаб-қувватлайдиган ташкилотлар. Ирқий камситилишга йўл қўйилмайди. Оилавий зўравонликка учраган аёллар учун давлат томонидан яхши шароитлар яъни бепул уй, хавфсизлик ва, албатта, ижтимоий нафақа билан таъминланади. Бу нафақа билан бемалол яхши ҳаёт кечириш мумкин. Ҳаттоки, давлатнинг ўзи яхши иш билан таъминлайди, хуллас ҳеч ким қаровсиз қолмайди.

– Ҳаётдаги олтин қоидаларингиз билан ўртоқлашсангиз…

– Йўқотганларимга ачинмайман, қўлимда борини авайлайман. Зеро, Аллоҳим суйган бандасига фақат яхшиликларни раво кўради. Ҳар тонгимни худди ўша кун байрамдек қарши оламан. Уйғонишни насиб кўрганига шукр қиламан. Яшин тезлигида ўтиб бораётган умримни фақат яхши ном, яхши амаллар, яхши фарзандлар қолдиришга сарфлайман. Пешонамга ёзилганига шукр, ёзилмаганига фикр қиламан.

– Бўш вақтларингизни қандай ўтказасиз?

– Табиатни яхши кўраман. Уйимиз ҳовлисида анчагина ер бор. Шу ерга ҳар куни нимадир экмасам бўлмайди. Америкалик аёллар ўртасида бир ҳазил бор, яъни “Қариганимда cат lady бўлиб, 10-15 та мушукларим бўлади” дейишади. Мен бу ҳазилни доим ўзгартириб ишлатаман. Мен қариганимда “Flowerlady” бўламан. 1000 дан зиёд гул ва мевали дарахтларим бўлади. Америкада “Earthy day” бор. Бу кунда барча ерга ғамхўрлик қилади. Фарзандларимни мактабдан олишга борсак, “Ойи, ҳовлида бугун нимадир экдизми?” деб бирин-кетин сўрашди. Ҳар куни ҳовлида нимадир экиб юрганим одат бўлиб қолибди болаларимга. Бугун ҳеч нарса экмадим десам, турмуш ўртоғим оналаринг учун ҳар куни “Earthy day” деб кулдилар. Энг катта энергияни табиатдан олишим рост. Атрофимизнинг гўзаллигига қараб, Аллоҳнинг моҳир мусаввир эканлигига қойил қоламан. Қолаверса, фарзандларимга ҳар куни уч маҳал дастурхонимизга кўрк бераётган ноз-неъматлар аслида қаердан келаётганини уқтираман.

– Ўтмиш учун одатий ҳол бўлган-у, бугунги кунда 6 нафар бола кўп болали оила деб аталишига сабаб бўлади. Бунинг яхши тарафлари ҳақида гапирсангиз...

– Кўп болали она бўлиш қийинчиликларини айтмасам ҳам биласизлар. Бугун бунинг яхши томонларини айтмоқчиман. Бекорчи одамларга вақтингиз кам, чунки уй юмушлари билан банд бўласиз. Бўш вақтда ғийбатдан кўра ухлаб олишни ният қиласиз. Болаларингиз билан бола бўлиб қайтадан яшайсиз.

Турмуш ўртоғингизга айтолмаётган истакларингизни болаларингиз орқали билдирасиз. Масалан, саёҳат қилиш, кўчадан овқат буюртма қилиш. Болаларнинг илтимосига дадаси йўқ демайди. Болани ортиқча юк эмас, омонат эканлигини ҳис қилганимдан сўнг қийинчилик ортда қолган. Яқинда фарзанд тарбияси ҳақида қизиқ маълумот ўқиб қолдим. Бу ўғил ўстираётган оналарга қўл келади. Ўғил боланинг энергияси шу қадар кўп бўлар эканки, уларни кун давомида қанча кўп машғулот билан банд қилса ҳам камлик қиларкан. Агар сиз уларга етарли машғулотлар топиб бера олмасангиз, улар ўзларини банд қиладиган, аммо сизга ёқмайдиган бошқа қилиқлар чиқариши аниқ экан. Шу боис доим болаларимни машғулот ва спорт ва турли хил тўгаракларга қўйганман.

Феруза РАҲИМОВА суҳбатлашди.

ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (2)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади
Г

Гулмира

Яқинда

Мани хаёлан энг якин кадрдон синглимдек булиб колган Гулжана сабаби узим оилада ёлгиз кизман хар доим ундан мотивация олиб явшаяпман Ма ша Аллах дейман унинг оиласига

Г

Гулмира

Яқинда

Мани хаёлан энг якин кадрдон синглимдек булиб колган Гулжана сабаби узим оилада ёлгиз кизман хар доим ундан мотивация олиб явшаяпман Ма ша Аллах дейман унинг оиласига