Инсонлигини сақлаб қолган журналист
Баъзи инсонлар ҳаётимизга шунчаки кириб келади, аммо вақт ўтиб англаймизки, улар қалбимизда бутун бир мактаб яратишади. Мен учун Олим Тошбоев ана шундай инсонлардан...
Устозни илк таниган куним ёдимда. Аудитория эшигидан сокин қадамлар билан кириб келган, нигоҳида жиддийлик ва меҳр бирлашиб турган инсонни кўриб, бу дарс оддий ўтмаслигини ҳис қилгандим. Ростдан, шундай бўлди. Чунки баъзи ўқитувчилар фақат дарс ўтади, баъзилари эса ўйлашга ўргатади. Олим Тошбоев эса айнан иккинчи тоифадагилар сирасига киради.
“Тўрт йил талабалик даврида қийналиб ўқисанг, қолган умрингни роҳатда ўтказасан”. Бу жумлани устоз деярли ҳар бир дарс якунида такрорлардилар. Илк бор эшитганимда бу шунчаки насиҳатдек туюлган эди. Аммо вақт ўтиб англадимки, бу сўзлар ортида бутун бир ҳаёт тажрибаси, меҳнат фалсафаси ва инсонни камолотга етакловчи ҳақиқат мужассам экан.
Олим Тошбоевнинг қалами оддий қалам эмас. У инсон қалбининг энг нозик нуқталарига тегади. Устознинг ҳар бир сатрида давр нафаси, тарих оғриғи ва миллат руҳи яшайди. Айниқса, “Ойболта остидаги оломон” асарини ўқиганда инсон фақат матнни эмас, бутун бир замоннинг изтиробини ҳис қилади.
“Қизил юлдуз, қизил тонг, қизил байроқ, қизил армия...”
Адиб биргина “қизил” сўзи орқали бутун бир тузумнинг руҳий манзарасини чизиб беради. Бу эса ҳар қандай ёзувчига ҳам насиб этавермайдиган маҳоратнинг ёрқин исботидир. Сўзлари эса гўё қўл билан ушлаб бўладиган даражада таъсирли. Китобхонни ўтмиш қаърига тортиб кетади.
Олим Тошбоевни фақат адиб сифатида таърифлаш камлик қилади. У – журналист, ҳақиқий журналист. Чунки нигоҳида жамият дарди яшайди. Воқеаларга шунчаки қарамайди, уларнинг тагидаги ҳақиқатни кўра олади. Шунинг учун ҳам публицистикасида шошқалоқлик эмас, теран тафаккур устун туради. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида йиллар давомида ишлаб, тележурналистика ва ахборот соҳасида улкан тажриба орттирдим. Аммо, энг муҳими, ҳеч қачон ўзини катта тутмади, аксинча, инсонлигини сақлаб қолди.
Олим Тошбоев бугун Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультетида ёшларга сабоқ бермоқда. Дарс жараёнида устознинг ҳар бир қараши, ҳар бир саволи бизни ҳушёр торттиради. У киши талабани фақат баҳоламайди, шахс сифатида англашга ҳаракат қилади.
Мен ана шундай инсоннинг талабаси эканимдан фахрланаман. Чунки баъзи устозлар билим беради, баъзилари инсоннинг ҳаётида из қолдиради. Олим Тошбоев эса қалбимизга муҳрланган устозлардан. Мен учун фақат “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” эмас, фикрга масъулият, касбга садоқат ва инсонга ҳурмат тимсоли. Вақт ўтади. Биз ҳам аудиторияларни тарк этамиз. Аммо устозимизнинг овози, насиҳати ва нигоҳидаги маъно умрбод ёдимизда қолади.
Менимча, ҳақиқий устозлик айнан шу.
Санобар РУСТАМОВА,
ЎзДЖТУ талабаси




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0