Кўчмас мулк бозоридаги нархлар очиқланди

Ўзбекистонда кўчмас мулк бозоридаги нархларнинг ҳудудлар кесимидаги фарқи маълум бўлди. 1 сентябрь ҳолатига ўтказилган мониторинг 12 та йирик агломерация таркибидаги 35 та шаҳар ва туманни қамраб олди. Унда кўп квартирали уйлар, якка тартибдаги уй-жойлар ҳамда нотурар объектларнинг ўртача бозор қиймати ўрганилган.

11:30 | 17.09.2026
20
Кўчмас мулк бозоридаги нархлар очиқланди
Катталаштириш

Рақамлар кўчмас мулк бозорида ҳудудий тафовут анча катта эканини кўрсатмоқда. Хусусан, квартираларнинг бир квадрат метри Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида ўртача 25,3 млн сўм бўлган бўлса, Қувасойда бу кўрсаткич 4,5 млн сўмни ташкил этган.

Тошкентда квартиралар – энг қиммат


Пойтахтда квартиралар нархи бўйича энг юқори кўрсаткич Шайхонтоҳур туманида қайд этилган. Бу ерда бир квадрат метрнинг ўртача қиймати 25,3 млн сўм.
Мирабодда бир квадрат метр 23,2 млн сўм, Яккасаройда 20,5 млн сўм, Мирзо Улуғбекда 19,6 млн сўм, Юнусободда эса 17 млн сўм деб баҳоланган.
Тошкентда квартираларнинг нисбатан паст ўртача нархи Янгихаёт туманида — 11 млн сўм. Бектемир ва Сирғали туманларида эса бир квадрат метр 11,5 млн сўмдан баҳоланган.

Бир сотих ер 1,7 млрд сўмга баҳоланган

Якка тартибдаги уй-жойлар сегментида ҳам сезиларли тафовут мавжуд.
Энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида қайд этилган. Бу ерда бир сотихнинг ўртача қиймати 1 млрд 719,9 млн сўмни ташкил қилган.
Яккасаройда бир сотих 1 млрд 643,6 млн сўм, Юнусободда 1 млрд 444 млн сўм, Мирабодда эса 1 млрд 81,4 млн сўмга баҳоланган.
Вилоятларда ҳам айрим шаҳарларда бир сотих ернинг қиймати юқори. Масалан, Самарқандда 472,1 млн сўм, Бухорода 388,6 млн сўм, Урганчда 318,5 млн сўм кўрсаткич қайд этилган.Энг паст натижа Косонда.

Вилоятларда квартиралар қанча?


Самарқандда квартираларнинг бир квадрат метри ўртача 11,8 млн сўмни ташкил этган. Навоийда бу кўрсаткич 7,5 млн, Каттақўрғонда 6,3 млн сўм.
Қашқадарё вилоятида квартиралар Шаҳрисабзда 7,6 млн сўм, Қаршида 6,4 млн, Китобда 6,1 млн, Косонда 4,8 млн сўмдан баҳоланган.
Бухорода бир квадрат метр квартира 8,4 млн сўм, Термизда 7,6 млн, Деновда 6,6 млн, Урганчда 6,9 млн сўмни ташкил қилган.
Хивада квартираларнинг ўртача қиймати 4,8 млн сўм бўлган.
Марғилонда бир квадрат метр квартира 5,6 млн сўм, Қувасойда эса 4,5 млн сўмга баҳоланган. Бу мониторингдаги 35 та ҳудуд орасидаги энг паст кўрсаткичдир.

Тошкент атрофидаги шаҳарларда вазият қандай?

Пойтахт яқинидаги шаҳарларда ҳам квартира нархлари турлича.
Чирчиқда бир квадрат метр квартира 9 млн сўм, Янгийўлда 8,2 млн, Чинозда 6,3 млн сўмни ташкил этган.
Ангрен ва Олмалиқда квартираларнинг ўртача нархи 7,1 млн сўм, Оҳангаронда 6,6 млн сўм бўлган. Қўқонда эса бу кўрсаткич 7 млн сўмни ташкил этган.

Нотурар объектлар нархи ҳам эълон қилинди

Мониторингда нотурар кўчмас мулк объектлари қиймати ҳам ўрганилган.
Тошкентда энг юқори кўрсаткич Мирзо Улуғбек туманида қайд этилган — 1 квадрат метр учун 24,4 млн сўм. Мирабодда бу кўрсаткич 23 млн сўм, Яккасаройда 21,9 млн сўм.
Вилоятларда Бухоро шаҳрида нотурар объектларнинг бир квадрат метри 10,2 млн сўм, Чирчиқда 9,3 млн сўмга баҳоланган. Энг паст кўрсаткич Янгийўлда — 3,7 млн сўм/кв. метр.

Рақамлар қандай манзарани кўрсатмоқда?


Умуман олганда, мониторинг қамраб олган 35 та шаҳар ва туман орасида квартираларнинг бир квадрат метри 4,5 млн сўмдан 25,3 млн сўмгача баҳоланган.
Якка тартибдаги уй-жойларда эса бир сотихнинг ўртача қиймати 70,4 млн сўмдан 1,7199 млрд сўмгача етган.
Нотурар кўчмас мулк объектларида ҳам катта фарқ кузатилган: бир квадрат метрнинг ўртача қиймати 3,7 млн сўмдан 24,4 млн сўмгача бўлган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, эълон қилинган рақамлар муайян объектнинг якуний сотув нархи эмас, балки мониторинг натижасида аниқланган ўртача бозор қийматларидир. Объектнинг жойлашуви, ҳолати, майдони ва бошқа хусусиятлари унинг амалдаги нархига таъсир қилиши мумкин.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ

Мақолага муносабат

1 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади