Кредитга боғланган ёшлар
Бугун кўчада энг сўнгги русумдаги телефон кўтарган ёшларни кўриб, уларни бой деб ўйлаб қоламиз. Аммо ўша телефон ортида ойма-ой тўланаётган кредит ва қарзлар бўлиши мумкин. Ҳозирги ёшлар учун кредит етарли пул йиғишни кутмасдан, хоҳлаган нарсасини дарҳол қўлга киритишнинг энг осон йўлидек туюлади. Бироқ бу қулайлик билан бирга жиддий муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда.
Ёшларнинг кредитга таянишининг асосий сабабларидан бири — янги русумдаги телефонларнинг тез-тез янгиланиб бораётгани. Кўпчилик тенгдошлардан ортда қолмаслик, улар олдида уялиб қолмаслик учун кредитга телефон олишга ҳаракат қилади. Ўсмирлар орасида “Ҳамма олди, мен ҳам олай” деган тушунча шаклланиб улгурган. Айнан шу ҳавас кўплаб ёшларни ўйламасдан қарзга киришга ундайди.
Албатта, кредитнинг фойдали томонлари ҳам йўқ эмас. Талабалар ёки эндигина ишлай бошлаган ёшлар учун бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти катта енгиллик яратади. Масалан, ноутбук ёки смартфон таълим олишда, интернет орқали ишлашда ва янги касб ўрганишда ёрдам беради. Ёшлар йиллаб пул йиғишни кутиб ўтирмасдан, керакли техникани дарҳол сотиб олиб ундан фойдаланишни бошлайди. Баъзи ҳолатларда кредит инсоннинг ҳаёт сифатини яхшилаб, шахсий ривожланишига хизмат қилиши мумкин.
Аммо кредитнинг салбий оқибатларини ҳам унутмаслик керак. Кўпчилик ёшлар узоқ муддатли молиявий масъулиятни тўлиқ англамасдан қарзга киради. Аввалига ҳаммаси осондек туюлади: ҳар ой оз-оздан тўлаш мумкин. Лекин вақт ўтиб, тўлов муддати яқинлашгани сари молиявий босим ва стресс ортиб боради.
Мен ўзим ҳам бир йил муддатга кредитга телефон олганман. Дастлаб тўлов қилиш унчалик қийин туюлмаган эди. Аммо вақт ўтган сари ҳар ой тўлов қилиш тобора оғирлашиб борди. Тўлов санаси яқинлашганда турли қийинчиликлар бошланади. Курсдошларим орасида ҳам “Айфон тутаман” деган ҳавас билан кредитга телефон олганлар кўп. Аммо уларнинг аксарияти ҳам кейинчалик тўлов масаласида қийналаётганини айтади.
Муддатли тўлов асосида телефон ва ноутбук сотадиган дўконлардан бири ходими билан суҳбатлашганимда, у ҳам талабалар ва ўсмирлар энг кўп харидор бўлишини таъкидлади. Бироқ айнан улар тўлов вақтида кўпроқ қийналар экан. Ҳатто айрим ҳолларда тўловлар ойнинг охиригача чўзилиб кетиши ҳам кузатилади. Бу эса ёшларнинг молиявий саводхонлиги ҳали етарли даражада шаклланмаганини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, кредитнинг ўзи ёмон нарса эмас. Агар у эҳтиёж учун ишлатилса, инсон ҳаётини енгиллаштиради ва имконият яратади. Аммо фақат ҳавас ва бошқаларга ўхшаш истаги билан олинган кредит кейинчалик муаммога айланиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир ёш кредит олишдан олдин ўз имкониятини, даромадини ва келажакдаги масъулиятини чуқур ўйлаб кўриши керак.
Диловар Шоймуродова,
ЎзДЖТУ талабаси




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0